Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

15.05.2020


КОВРАК ВА ҚИЗҒАЛДОҚНИНГ НОЁБ ТУРЛАРИНИ

томорқада ҳам етиштириш мумкин экан-да?

Оила бюджети

Деҳқонобод туманидаги Янгиобод маҳалласи тоғ ёнбағрида жойлашган. Бу ерда оқар сув йўқ, тупроқ қатлами ҳам тош-шағалли бўлиб, деҳқончилик қилиш учун анча ноқулай. Шунга қарамай, маҳалла аҳли ер билан тиллашиб, ўз томорқаларидан юқори даромад олишни уддаламоқда.

- Бир неча йил аввал туманнинг Туркманистон Республикаси билан чегарадош ҳудудидан кўчиб келиб, шу ерга жойлашганмиз, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хуросон Абдураимов. - 2018 йилдан алоҳида маҳалла бўлиб рўйхатга олиндик. Айни пайтда бу ерда 451 та хонадон мавжуд бўлиб, 2200 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Барча хонадонларнинг 3 сотихдан 6 сотихгача томорқа ерлари мавжуд. Бизнинг ерлар лалми бўлса-да, 15-18 метр чуқурликда ер ости суви бор. Аҳоли кичик насослар ёрдамида ер ости сувидан фойдаланиб, деҳқончиликни яхши йўлга қўйиб олган. Айниқса, боғдорчилик, картошкачилик ва доривор коврак ўсимлигини етиштириш ривожланиб бормоқда.

Дарҳақиқат, кўпчилик хонадонларнинг томорқа ерлари бир қисмида коврак экилганига гувоҳ бўлдик. Томорқачиларнинг айтишича, ушбу ўсимликнинг етилиши учун тўрт-беш йил вақт сарф бўлишига қарамай, ундан яхши даромад олиш мумкин.

- Икки сотих майдонга коврак экканман, - дейди шу маҳаллалик Маҳмуд бобо Холиқов. - Ўтган йили бу ўсимликни кичик майдонда кўчат қилиб кўкартиргандим, бу йил эса томорқага кўчирдим. Яна икки-уч йилда илдизширасини йиғиб олсам бўлади.

Томорқачининг таъкидлашича, ковракни суғориш қийин бўлган, бошқа экинлар учун яроқсиз ерда ҳам экиш мумкин. Чунки бу ўсимлик баҳорда бир кўкариб олганидан сўнг, ёзга бориб барглари қовжираб қолади ва келгуси йил баҳорда яна ўсишни бошлайди. Кўп меҳнат ҳам талаб қилмайди.  Даромади эса чакки эмас.

Ўттиз йилдан ошиқ ўқитувчилик қилиб, ҳозирда нафақада бўлган Маҳмуд бобо томорқа ишига анча инновацион тарзда ёндашаётгани эътиборли. Ердан унумли фойдаланиш мақсадида оқсоқол картошкани 50 килолик қопларда етиштирмоқда. Ҳовли четида эса қизғалдоқнинг одатда биз учратмайдиган тўртта ноёб тури парваришланаяпти. Помидор, бодринг, пиёз, сабзи каби асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам томорқадан чиқади. Бу йил яна икки сотих майдонга иссиқхона қуриб, қиш ойларида ҳам маҳсулот етиштириб, бозорга чиқаришни мақсад қилган.

Шу маҳаллалик Бозор Маҳматқулов эса ҳовлисидаги 6 сотих томорқасига юзга яқин мевали дарахт кўчатини ўтқазиб, янги боғ барпо этмоқда. Қатор ораларига озиқ-овқатбоп экинлар экилган.

- Боғда асосан бодом, ўрик ва шафтоли дарахтлари бор, - дейди у. - Бу ниҳоллар ярим пакана турга мансуб бўлиб, кўп катта бўлиб кетмайди ва қатор ораларида доимий равишда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш мумкин. Бу йил  ҳам дуккаклилардан тортиб сабзавот маҳсулотларию, кўкатларгача экканмиз. Уларнинг бирортасини ҳам бозордан харид қилмаймиз, қайтага эҳтиёждан ортиқчасини сотишимиз мумкин. Бу рўзғордаги каттагина сарф-харажатнинг олдини олади.

Албатта, инсон кўкламнинг олтинга тенг дамларидан унумли фойдаланиб, ҳар қарич ерга уруғ қадаса, томорқасига кўчат ўтқазса, ёз-кузга бориб, оиласи ризқ-насибасини теради, этаги тўла ҳосил бўлади. Буни яхши англаган оилалар аллақачон томорқани даромад манбаига айлантириб олишган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo