Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

15.05.2020


КУЧЛИ ОДАМЛАР КУРАШАДИЛАР

Сараланган сатрлар

Оноре де Бальзакнинг "Евгения Гранде" романини ўқиркансиз, беихтиёр Садриддин Айний қаҳрамони Қори ишкамба кўз олдингизга келаверади. Ижтимоий-сиёсий вазият бахил қилиб қўйган ишкамбадан фарқли ўлароқ, Гранде ортиқ эҳтиёжи бўлмаса-да, мол-мулк, олтин жамғаришга жон-жаҳди билан киришиб кетиб, сарф-харажатга келганда эса бор-йўқ яқинлари - хотини ва қизини таъминлаш тугул, ўзига ҳам кўзи қиймайди. Банкротга учраб, жонига қасд қилмоқчи бўлган оғасини қутқариб қолишга уринмайди, унинг ўғли - жиянидан тезроқ қутулиш пайида бўлади. Ҳар замонда қизи ва хотинига берган пулларини турли баҳонаю сабаблар билан қайтариб олади. Эшакдай ишлайдиган хизматкорларга ҳам минг қийналиб сариқ чақаларини раво кўради. Франциядаги саноқли миллионерлардан бири бўлишига қарамай, қизининг туғилган куни бир яйраймиз, деб хизматкорга қарға отиб келишини, бекор-беҳуда шам-чироқ ёқавермасликни уқтиради. Хуллас, худбин, бахил, хасис ва майдакаш бир одам. Бу йўлда ҳеч нарсадан, ўзгалар манфаати топталишидан тап тортмай, қизининг бахтини ҳам ана шу васваса оқимига тикади.

Аммо ана шу аблаҳ отанинг қалби муҳаббатдан ёришган гўзал бир қизи бор. Отасининг ўлимидан кейин бутун давлат унга қолади, аммо бунча дунё билан Евгения ҳам бахтли бўлиб қолмайди. Бахт пул, моддий, ўткинчи нарсаларда эмаслиги мутолаа жараёнида ойдинлашиб боради. Асардан сараланган айрим фикрларни эса қаҳрамонлар нуқтаи назаридан келиб чиқиб қабул қиласиз.

* * *

У замонларда одамлар ҳам, нарсалар ҳам соддалиги, оддийлиги билан ажралиб турарди. Бу фазилат ҳозирги француз одатлари ичида кундан-кунга йўқолиб бормоқда.

* * *

Жаноб де ля Бартельер чол умуман пул ишлатишни исрофгарчилик деб ҳисоблар, олтинни томоша қилиб ўтириш судхўрликдан кўра кўпроқ фойда беради, дерди.

* * *

 Ўз сармоясидан катта фойда чиқаришга ўрганиб қолган одам шаҳватпараст, қиморбоз ёки сарой аҳлига ўхшаб очкўзлик билан боқади, олазарак кўзларида аллақандай бир сир яширингандай бўлади.

* * *

Пул хусусига келганда, Гранде йўлбарс ё илонга ўхшар эди: ерга ётиб, ўлжасига узоқ вақт кўз тикиб, бирдан унинг устига ташланар, сўнгра ҳамёнининг оғзини катта очиб, навбатдаги экю ҳиссасини ютиб юборар, кейин нафси бироз ором олиб, овқатни ҳазм қилишга ётган илондай совуқ, бепарво равишда аста кулча бўлиб оларди.

* * *

Гранде ўта бой-бадавлат бўлганидан бу одам нима демасин, нима қилмасин - ҳаммаси одамларга тўғридек  туюларди.

* * *

Фақир киши ҳам ўз хонадонида бой ҳисобланади.

* * *

Қизларнинг покиза ва бир зайлдаги ҳаётида шундай ажиб дам бошланадики, қиз қалби қуёш нурлари билан порлайди, гуллар унинг фикрларини ифодалай бошлайди, юрак уриши мияга ишчанлик бахш этиб, ғира-шира истаклар мужассамлашади - бу кун қизларнинг бегуноҳ хаёлга чўмиш ва ширин ҳаловат куни бўлади. Чақалоқ теварак-атрофни дастлаб кўра бошлаганда кулимсирайди. Қиз болада ҳам дастлабки бевосита ҳиссиёт уйғонган чоғда, худди болалик чоғидаги сингари сертабассум бўлади. Агар ёғду - ҳаётдаги биринчи муҳаббат нишонаси бўлса, муҳаббат ҳам қалб учун ёғду эмасми?

* * *

Унда мавжуд бўлган камсуқумлик ёки аниқроғи, журъатсизлик хислати - муҳаббатнинг энг яхши фазилатларидан ҳисобланарди.

* * *

Ҳамма аёллар, ҳатто анқовлари ҳам ўз мақсадига эришиш учун айёрлик қилишни билишади.

* * *

...масхара киши кўнглига васваса солиб, ундаги барча яхши туйғуларни барбод қилади.

* * *

"Олтин тўплаш учун яратилган қўллар мана бунақа бўлади! Сиз шундай тарбия кўргансизки, ҳамён тикишга ярайдиган ҳар бир чармдан оёғингизга этик тиктиргансиз; биз бўлсак бундай ҳамёнларда жарақ-жарақ пул деган нарсани асраймиз. Яхши эмас! Яхши эмас!"

* * *

Агар ҳаётимизда биронта жуда йирик воқеа содир бўлса, ўша шодлик ё қайғу юз берган жой тоабад қалбимизга жо бўлиб қолади.

* * *

Очлик бўрини ҳам ўрмондан чиқишга мажбур этади.

* * *

Бахил одамлар нариги  дунёга ишонишмайди, уларга керакли нарсанинг ҳаммаси бу дунёда. Бу фикр ҳозирги даврни шу қадар мудҳиш қилиб кўрсатадики, бу даврда пул, қонун, сиёсат ва ахлоқ устидан барча замонлардагига нисбатан кўпроқ ҳукмронлик қилади. Ҳозирги замондаги жамики қонунлар, китоблар, одамлар ва таълимотлар ўн саккиз аср давомида жамиятнинг порлоқ умиди бўлиб келган дунёдаги боқий ҳаётга ишончни барбод қилиш учун тил бириктирганлар. Ҳозир у дунёга жўнаш тобут билан ифодаланади, аммо тобутдан ҳеч ким қўрқмайди. Жаноза ўқилгандан кейин биз равона бўлувчи ўша боқий дунё ҳозир шу фоний дунёга кўчиб ўтган.

* * *

Кўпинча инсон ҳаётидаги баъзи воқеалар, гарчи ҳаққоний бўлса ҳам, адабий тил билан айтганда, ҳақиқатга тўғри келмаётгандай бўлиб кўринади. Бунинг сабаби - ўзбошимча ҳаракатларимизнинг психологик моҳияти қоронғида қолиш, бу ҳаракатларимизни вужудга келтирган сирли асосларнинг изоҳланмасдан қолиши эмасмикан?

* * *

Кўпчилик кишилар ахлоқ бобида вужудга келган бир фактни иккинчиси билан сирли равишда пайванд қилувчи боғичлар, тугунлар ва улагичларнинг бутун қувватини ўлчаб ўтирмаслик учун ҳаққоний воқеалар ва уларнинг оқибатини буткул инкор этишни маъқул кўришади.

* * *

Чинакам муҳаббат каромат қилиш қобилиятига эга ва яхши билардики, бир кишининг муҳаббати иккинчи кишида ҳам муҳаббат уйғотади.

 * * *

Инсониятнинг бутун кучи - сабр-тоқат билан вақтдан иборат. Кучли одамлар курашадилар ва тунларини бедор ўтказадилар. Бахилнинг ҳаёти - шахс хизматига    берилган инсоний қудратни доимо машқ қилиб туришдан иборат. У фақат иккита туйғуга суянади, бу туйғулар - нафсоният ва шахсий манфаатпарастлик...

* * *

Иккинчи кишидан ҳурмат талаб этиш зўравонлик кўрсатиш эмасми, бу дунёда, яъни ер юзида бировларнинг қийноғи остида яшашга кўниккан ожиз кишиларни менсимаслик ҳуқуқига эга бўлиш учун уриниш эмасми?

* * *

Хасиснинг таоми пул ва нафратдан иборат.

* * *

Бахтсизлик тенглик туғдиради. Аёлларнинг фариштага ўхшаш томони шундаки, улар ҳам фаришталар сингари изтироб чекувчиларга ғамхўрлик қилишади.

* * *

Балки одамлар ўртасида ҳам шундай ақл эгалари бўлса керакки, уларнинг баъзи ҳайвонларга ўхшаш туғма иқлимдан бошқа жойга кўчирилса, бутунлай меҳнат лаёқатини йўқотиб қўйиши мумкин.

* * *

...чоли тушмагур ўша яҳудийдан миннатдор бўлиб, унга тасанно ўқиди. Чунки у Грандени, савдо-сотиқ пайтида рақибнинг диққатини бегона фикрларни ифодалашга йўналтириб, тоқатини тоқ қилиш, доим ўз шахсий фикрини унутишга мажбур этиш каби санъатга ўргатиб кетган эди.

* * *

Ёнғоқни мағзигача эзиб ташлайдиган болғачага ўхшаш ярамайди.

* * *

Бир зумлик зўр ҳодиса учун ҳам, қандайдир хору хасларнинг оқим ихтиёрига тушиб, оқиб кетаётгани учун ҳам, шоввозлик қилиш, ғазабланиш ёки эҳтирос билан  завқланиш французлар табиатига хосдир.

* * *

Аёл кишиларнинг хатоси ҳар доим деярли уларнинг яхшиликка эътиқоди ёки ҳақиқатга ишонувчанлигидан келиб чиқади.

 * * *

Шарль бу жамиятдан жуда ёмон тарбия олди. Бу жамиятда бир оқшомнинг ўзида  фикрлар ва сўзлар орқали суд мажлисида кўрилган жиноятлардан кўра кўпроқ жиноят қилинади. Бу жамиятда энг буюк ғоялар аскиябозлик билан топтаб ташланади. Бу жамиятда фақат ҳар нарсага "тўғри" қараган одамгина бирор обрўга эга бўлади.

* * *

Муҳаббат бизнинг иккинчи марта қайтадан туғилишимиздир.

* * *

Ҳар қандай вазиятда ҳам аёл киши эркакка нисбатан кўпроқ қайғуга мубтало бўлади ва кўпроқ азият чекади. Эркак киши кучли ва ўз қобилиятларини намоён қилиш имкониятларига эга: у чоралар кўради, ҳаракат қилади, ишлайди, фикр юргизади, келажакка назар ташлайди ва шулар билан ўзини юпатади.

* * *

Бамисоли ибодат заковати унинг чеҳрасидаги энг дағал аломатларга жило бериб, майинлаштирган ва унга зиё бахш этган эди. Тақводорларнинг чеҳраларида пайдо бўладиган бундай ўзгариш ҳодисаларини ким кузатмаган?

* * *

Руҳий ҳаётда ҳам худди жисмоний ҳаётдаги сингари нафас олиш ва нафас чиқариш мавжуддир. Киши руҳи иккинчи руҳнинг туйғуларини ўзига қабул этиши, уни ўзига сингдириши ва бойитиб яна қайтариши зарур. Бу ажойиб инсоний ҳодиса бўлмаса, юрак учун ҳаёт йўқдир, ундай тақдирда ҳаво етишмай қолади, юрак азоб чекиб, хасталанади.

* * *

Хушомадгўйлик ҳеч қачон буюк қалб эгаларига мансуб бўлган эмас, балки у пасткаш одамларнинг ишидир, бундай одамларнинг бирор кимса ҳузурида инобатга ўтиш учун суркалиб, янада пасткашроқ бўлишга ҳам қурблари етади. Хушомаддан мақсад тамагирликдир.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

 

Report typo