Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА тайёрлади.

18.01.2018


ЛИМОН – ҚИШНИНГ ЭНГ ЯХШИ ТАБИБИ

Ларингитни даволашда кичикроқ лимоннинг сувини сиқиб, 3 ош қошиқ асалга аралаштирасиз ва устидан ярим литр қайнаган сув соласиз. Бу аралашмани кун бўйи ичишингиз ёки томоқни ғарғара қилишингиз мумкин.

Ангина бошланаётганда бир кунда икки марта яримтадан лимонни яхшилаб чайнаб ейиш кифоя.

Фарингитдан азоб чекаётганда битта лимон сувини сиқиб, 5 ош қошиқ асал билан аралаштирасиз, кейин унга 3 стакан тирноқгул тиндирмаси (настойка) қўшилади. Бу тиндирма билан томоқни артиб туриш энг яхши даводир.

Гриппнинг олдини олиш учун овқатларга лимон шарбатини қўшиб истеъмол қилиш керак.

Зотилжам, яъни пневмонияда 4 бош саримсоқ қирғичдан ўтказилади, битта лимон гўшт қиймалагичдан чиқарилади ва 8 ош қошиқ асал билан аралаштирилади. Аралашма 7-10 кун давомида эрталаблари 1 чой қошиқдан истеъмол қилинади.

Бронхитни даволашда 5 дона пиёз, 7 ош қошиқ асал, битта лимон керак бўлади. Пиёз ва лимонни қирғичдан ўтказиб асал билан аралаштиринг ва кунига 3-4 маҳал 2-3 ош қошиқдан истеъмол қилинг. Муолажа муддати икки ҳафта.

Шифокорлар ошқозон кислоталилиги юқори, қон босими эса паст  бўлган, меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасига чалинган беморларга лимонни камроқ истеъмол қилишни тавсия қилади.

Лимон харид қилишда эътибор берадиган жиҳатлар бор. Агар лимон етарлича қаттиқ бўлмаса, билингки, у пишиб ўтган. Пишиб ўтган лимон мазаси бузилган, шифобахшлиги йўқолган бўлади. Сап-сариқ, қаттиқ лимон сотиб олишга ҳаракат қилинг. Уни қоронғи жойда сақласангиз узоқ вақт туради ва шифобахшлигини йўқотмайди.

ОЗИШНИ ИСТАЙСИЗМИ, ҚОВОҚ ЕНГ

Қовоқдан тайёрланган таомлар мазали бўлибгина қолмай, фойдали ва шифобахш ҳамдир. Замонавий тиббиётда қовоқни ўнлаб касалликларга шифо сифатида кенг истеъмол қилиш тавсия этилади. Шу билан бирга, қовоқ таркибидаги каротин, мис, темир, пектин, қанд моддалари инсон саломатлиги учун ғоятда фойдали эканлиги ҳам аллақачон илмий жиҳатдан асосланган. Таркибидаги А витамини кучли табиий антиоксидант ҳисобланади. У тери ва шиллиқ қаватлар бутунлигини сақлайди. Мунтазам қовоқ истеъмол қилиш кўриш қобилиятини тиклайди. Олимлар ўтказган тадқиқотлардан маълум бўлишича, А витаминига бой табиий таомларни истеъмол қилиш ўпка ва оғиз бўшлиғи саратонининг олдини олади.

У энг кам калорияли  маҳсулот ҳисобланиб, 100 грамм қовоқда атиги 26 килокалория бўлади. Унда тўйинган ёғлар ҳам, холестерин ҳам йўқ. У клетчатка, антиоксидант, минерал ва витаминларга бой. Инсон учун энг фойдали сабзавотлар сирасига кириб, айниқса, озишни ва холестерин миқдорини назорат қилишни истаганлар учун айни муддао.

Шунингдек, қовоқ В гуруҳ витаминларига, мис, кальций, калий ва фосфорга ҳам бой. Айниқса, қовоқ уруғи алоҳида эътиборга лойиқ. У монотўйинмаган ёғ кислоталарига бой бўлиб, юрак учун фойдали. Бу шифобахш ва тўйимли сабзавот кўпгина касалликларнинг олдини олиш, даволаш хусусиятига эга. Бугунги кунда қовоқдан тайёрланган табиий препаратлар ва маҳсулотлар халқ табобатида, замонавий тиббиётда фаол ишлатилмоқда. Айниқса, қовоқ ёғи кўпгина хусусиятларга эга.

Масалан, ҳашарот чақиши, ҳуснбузар, тери тошмалари ҳамда йирингли яра ўрнида қолган чандиқларни кетказишда қовоқ ёғидан ёки этидан суртиб қўйсангиз кифоя. Ёғ суртаётганда терига аста сингдириб, айланма ҳаракатлар билан уқаланг. Тез орада чандиқ ва ҳуснбузардан халос бўласиз.

Сожида АЛЛАЁРОВА тайёрлади.

Report typo