Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

09.02.2021


Қўллар нега қалтирайди?

"Ҳамманинг қўллари қалтирайди, бу физиологик ҳолат, лекин сезилмайдиган даражада бўлиши мумкин. Тебраниш тезлиги қанчалик кам ёки кўплигини эса оддий кўз билан кўриб бўлмайди," дейди Москвада жойлашган М.Е.Жадкевич номидаги шаҳар клиник шифохонаси бош врачи Александр Мясников.

Мутахассис "Россия 1" телеканали орқали қилган чиқишида қўл қалтироғининг асосий сабаблари ва у қандай ҳолларда хавфли касаллик белгиси бўлиши мумкинлигини тушунтирди.

Унинг айтишича, врачлар қалтироқ даражасини ташхислашда кўп қўллайдиган усул - бу бемор қўлига оқ қоғоз тутқазиб, электр чироғи нурига қаратиш ва ундан тушган соя тебранишини таҳлил қилиш тарзида кечади.

"Қўлларда кузатиладиган дастлабки қалтираш ҳолатлари хавфсиз бўлиши мумкин. Шунингдек, у Паркинсондан тортиб, бош мия шиши касалликлари юзага келиши аломати ҳам бўлиши мумкин", дейди мутахассис.

Паркинсон касаллиги, энг аввало, миянинг муайян қисмларида допамин гормони етишмовчилиги юзага келиши билан боғлиқ бўлади. 20 фоиз ҳолатда у ирсий мойиллик сабаб қўзғалади ва 45 ёшдан кичик одамлар унга камдан-кам ҳолларда дучор бўлади. Шунингдек, бош мия жароҳати, қуёш нури таъсирида организмда ҳосил қилинадиган "D" витамини етишмаслиги ҳам Паркинсонни юзага келтириши мумкин.

Бундан тўрт минг йил аввал индейслар табобати қалтироқни даволашда махсус ўт-ўланлардан фойдаланган. Улар тайёрлаган воситалар таркибида ҳам бугунги кунда Паркинсон касаллигини даволашда қўлланилаётган замонавий препаратларда мавжуд леводоп моддасининг муқобили бўлган.

Умуман, қўллар қалтираши Паркинсон ташхиси учун асосий омил бўлиб қолаверади. Бинобарин, ушбу касаллик белгиси сифатида юзага келадиган қалтироқ ирсиятдан келиб чиқиб 70 фоиз ҳолатда кузатилади. Бунда ҳаракатдаги тартибсизлик, қўллар, бош ва тананинг бошқа қисмлари қалтироғи каби турлар нисбатан кўп учрайди.

Статистикага кўра, Паркинсон касаллигига кўпроқ қишлоқлардан узоқда яшовчи фермерлар ҳамда мунтазам булоқ суви ва сут ичувчи одамлар чалинади. Организмда магний ва темир моддаларининг меъёрдан кўплиги, ортиқча вазн ҳамда асосан болаликда кузатиладиган мушаклар кучсизлиги ҳолати ҳам Паркинсонга чалиниш хавфини юзага келтирувчи муҳим омиллар саналади. Шунингдек, одамнинг билим даражаси қанча юқори бўлса, ушбу касалликка чалиниш эҳтимоли шунча юқорилиги исботланган. Айримлар уни "ақлли одамлар касаллиги" деб аташининг сабаби ҳам шунда.

 

Report typo