Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 март, душанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Лойиҳа қиймати 54 миллиард сўмлик сув омбори қурилиши давом этмоқда

16.02.2021


Лойиҳа қиймати 54 миллиард сўмлик сув омбори қурилиши давом этмоқда

Деҳқонобод тумани ҳудуди тоғли ва чўл зоналаридан иборат бўлгани учун асосан лалми ерларда деҳқончилик қилинади. Катта Ўра ва Кичик Ўра дарёлари туманда асосий сув манбалари ҳисобланиб, дарё бўйида жойлашган Бошчорбоғ, Белибойли, Тўдачорбоғ, Оққишлоқ, Катта қишлоқ, Обиравон, Бозортепа, Шўргузар ва бошқа қишлоқларда аҳоли ушбу сувлардан томорқа хўжалигида ва чорва моллари учун ичимлик суви манбаи сифатида фойдаланиб келишади.

1976-1982 йилда қуриб битказилган ва ўша пайтда қарийб 20 миллион куб метр сув ҳажмига эга бўлган Деҳқонобод сув омборидан эса йиллар мобайнида Қорашина, Деҳқонобод, Бибиқорасоч, Бешбулоқ, Навобод ва Гумбулоқ қишлоқларида яшовчи юзлаб, минглаб хонадонлар фойдаланиб келишди.

Бироқ йиллар ўтиши билан сув омбор сел сувлари оқизиб келган чиқиндилар билан тўлиши натижасида бу ерда бор-йўғи 3-3,5 миллион куб метр сув тўпланди, холос. Оқибатда сув танқислиги муаммоси пайдо бўлди. Бу эса ўз навбатида мазкур сув омборини қайта реконструкция қилишни тақозо қилди.

Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 декабрдаги қарорига асосан, Деҳқонобод сув омборининг фойдаланиш ҳажмини ошириш ишлари 2017 йилги манзилли дастурга киритилди. Сўнг тендер савдолари ўтказилиб, унда ғолиб деб топилган “Яккабоғ қўрғони” корхонаси айни пайтда қурилиш ишларини бажармоқда.

240 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган сув омбори ҳудудида узунлиги 850 метр, баландлиги 36,2 метр ҳажмдаги сув тўғони қуриш, таъмирлаш, кўприк барпо этиш ва бошқа ишлар амалга оширилаётир.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, 2017-2019 йилларда бу ерда 22 миллиард сўмлик қурилиш-тиклаш ишлари бажарилган. 2020-2022 йилларда эса 32 миллард сўмлик ишлар бажарилиши кўзда тутилган.

Report typo