Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 июнь, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

27.03.2020


МЎРҒАК ГЎДАКНИНГ ҚОТИЛИ КИМ ЭДИ?

Жиноятга жазо муқаррар

Ўтган йили Косон туманидаги Пўлати катта ариғидан янги туғилган чақалоқнинг жасади топилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий сайтида жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди судьяси Ҳомид Бобоқулов муаллифлигида эълон қилинган мақолада ушбу қотиллик тафсилотлари ҳақида сўз боради.

Воқеа қуйидагича рўй берган:

Мадина (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳаётга енгил-елпи қарагани туфайли тўғри йўлдан адашди. У Қарши шаҳридаги корхоналардан бирида ишлар экан, Шавкат исмли йигит билан танишиб қолди. Бу танишув уларни аста-секин бир-бирига яқинлаштирди.

Ёшлар ўз эҳтиросларини жиловлай олмаганлиги оқибатида орадан икки ой ўтгач, Мадина ўзининг ҳомиладор эканини сезиб қолди.

Шавкат тез орада уйланишини айтиб, Мадинага қоп-қоп ваъдалар берди. Кейинчалик, аниқроғи, Мадинанинг ой-куни яқинлашгач, қорасини ҳам кўрсатмай қўйди…

Ўша куни ярим тунда ташқарига чиққан Дилбар опа қизи Мадинанинг хонасидаги чироқ алламаҳалгача ўчмаганидан хавотирга тушди.

Хона эшигини аста очиб не кўз билан кўрсинки, Мадина тўшакда инграганича ётар, ёнида эса, чақалоғи биғиллаган кўйи типирчиларди.

- Буни қаердан орттирдинг, беномус?! - Дилбар опа чақалоққа ишора қилиб қизини ёзғира бошлади. - Отанг билиб қолса, энди сени ўлдириб қўяди-ку, бизларни иснодга қолдирдинг, ярамас!

Она чақалоқнинг отаси кимлигини қанчалик сўраб-тергамасин, қизидан аниқ жавоб ололмади. Шундан сўнг Дилбар опанинг кўнглида чақиндай шум ният ўрлай бошлади.

Вақтни бой бермасдан, қандай бўлмасин, чақалоқни йўқотишим керак, деган қалтис ўй онг-шуурини бутунлай банд этиб олди.

У бир чоғ қизини ювиниб келиш баҳонасида ташқарига чиқариб юборди. Пайтдан фойдаланиб, ҳеч кимга сездирмасдан, чақалоқни халатига ўраган кўйи Пўлати ариғи томон йўл олди…

Узоқ давом этган суриштирув мобайнида аёл ўз набирасининг қотили экани фош этилди.

Суд ҳайъати мазкур жиноят ишини атрофлича ўрганиб чиқиб, норасида чақалоқнинг умрига зомин бўлган Д.Нормуродовани Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан муайян муддатга қамоқ жазосига ҳукм этди.

Ҳа, ёшлик - инсон умрининг гўзал ва беғубор фасли. Таассуфки, баъзида бу бебаҳо дамларнинг қадрига етмай, уни ҳавога совураётган, ўткинчи ҳою-ҳавасга, оний ҳис-туйғуларга, эҳтиросларга алданиб, ўз келажагини барбод қилаётган йигит-қизларнинг учраётгани ғоят ачинарлидир.

Мадина ҳам ҳаётга енгил қараб, шу ўткинчи ҳиссиётнинг қурбонига айланди. Қолаверса, унинг онаси ҳам она, аёл деган муқаддас номни мутлақо унутиб қўйиб, жиноят йўлини танлади. Энди эса, ўз қилмишлари жабрини тортадиган бўлди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo