Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

04.11.2022


МАҲАЛЛА ОҚСОҚОЛЛАРИ ИШБИЛАРМОН ВА ТАШАББУСКОР БЎЛИШИ ШАРТ

Вилоятимизда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари   доирасида 2022 йил давомида 23 та маҳалла биносини қуриш, жорий ва капитал таъмирлаш белгиланган бўлиб, шу кунга қадар 14 та маҳалла биноси жорий ва капитал таъмирланди, 2 та маҳалла биноси янгидан қурилди.

Бу ҳақда вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармасининг 2022 йил тўққиз ойлик фаолияти якунлари ва истиқболдаги устувор вазифаларига бағишланган йиғилишида айтиб ўтилди. 

Унда, шунингдек, 92 та маҳалла компьютер жамланмаси, 104 та маҳалла мебель жиҳозлари билан таъминлангани, 813 та маҳалла фаолият юритаётган ва жойлашган бинолар бўйича “маҳалла биноси” паспортлари шакллантирилгани ҳам маълум қилинди. Айни пайтда вилоятдаги 16 та бўлимдан атиги 5 таси хизмат биноси билан таъминланиб, қолган 11 таси   бошқа бинода ижара шартномаси асосида жойлаштирилгани таъкидланди.

Йиғилишда вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Турсунов сўзга чиқиб, мамлакатимизда  Президент раҳнамолигида фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида маҳалланинг мавқеи ва нуфузини тобора ошириш, уни қўллаб-қувватлаш, самарали фаолияти учун зарур шароит ва имкониятлар яратишга янада кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Бугунги кунда маҳалла оқсоқоллари эл орасида обрў-эътиборли, билимли, тажрибали бўлиш баробарида ташаббускорлик, ишбилармонлик бобида ҳам бошқаларга ўрнак кўрсатиши  лозимлигига алоҳида урғу бериб ўтди.

Таъкидландики, жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтган маҳалла раислари сайловида вилоятдаги 813 та маҳаллада маҳалла раислари сайланди. Уларнинг 697 нафари (85,7%) олий, 116 нафари (14,3%) ўрта махсус маълумотга эга. 569 нафари (70%) биринчи маротаба сайланди. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари раисларининг 43 нафари (5,3 %) аёллар бўлиб, 27 нафари (3,3%) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларидир.

Йиғилишда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини маҳалла фуқаролар йиғинларида жамоатчилик иштирокида обдон ўрганиш,  келгусида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш учун маҳалла ҳудудларида жойлашган кафе ва барлар, ошхоналар ва тунги кўнгилочар жойлар яқинида кўнгилли тунги  навбатчилар гуруҳлари ташкил этиш, соғлом бола тарбиясида масъулиятни ошириш, бунда “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили бўйича ишларни янада жонлантириш зарурлиги ҳам айтилди. Қизларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллашига ёрдам бериш, эрта никоҳ, оилавий низоларнинг олдини олиш, ёшларни турли тўгаракларга жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантиришга  доир  чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексаларни ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштириш, шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб бериш, кексаларнинг стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуаларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларига имкон яратиш, нуронийларга қадимий шаҳарлар, давлат театрлари ва музейларига саёҳат уюштириш борасида қилинган ишлар ҳам сарҳисоб қилинди.

Йиғилишда, шунингдек, ҳудудий бўлимлар томонидан ижро интизоми, фуқароларнинг мурожаатлари ва хат ҳужжатлари билан ишлаш борасида йўл қўйилган айрим камчилик ва хатолар ҳам айтиб ўтилди. Бу борада Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз туманларидаги ҳолатларга танқидий баҳо берилди.

Йиғилиш якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo