Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Маҳалладан “справка” сўралмайди. Аммо уни энг кўп ҳокимликлар талаб қилмоқда

Н.ХЎЖАЕВ

07.07.2020


Маҳалладан “справка” сўралмайди. Аммо уни энг кўп ҳокимликлар талаб қилмоқда

Қарор ва ижро

Хабарингиз бор, Президентнинг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари қатор ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларнинг берилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди. Ушбу ҳужжатлар сирасида яшаш жойидан маълумотнома, ариза берувчи яшаш жойи бўйича яшаётганлиги (рўйхатдан ўтказилганлиги), доимий ва вақтинчалик рўйхатдан ўтиб яшовчилар сони тўғрисидаги, доимий яшаш жойида яшаётган муддати кўрсатилган, яшовчи шахслар сонини тасдиқлайдиган, фуқаронинг ёлғиз яшаётганлигини тасдиқловчи, 80 ёшга тўлган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган кекса ёшдаги одамни парвариш қилган вақтни тасдиқловчи маълумотнома кабилар бор.

Вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан фуқароларнинг бу борадаги тартибдан хабардорлик даражаси ўрганилганда, айрим иштирокчилар ҳанузгача маҳалладан “справка” олишини ва маҳалладан қайси турдаги маълумотномалар олиниши бекор қилинганидан бехабар эканини маълум қилишган.

Айрим иштирокчилар эса маҳаллалардан бериладиган маълумотномалар бекор қилиниши қоғозбозлик камайишига олиб келиши, аммо давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида маълумотларнинг автоматлаштирилган электрон алмашинув тизими тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги сабабли фуқаролар сарсон бўлаётганини айтишган.

Қизиғи, сўровнома натижаларидан аён бўлишича, маҳалладан энг кўп маълумотномани ҳокимликларда талаб қилишган.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo