Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ ПАРАМЕТРЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ: энг йирик тушум манбаси - жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

20.01.2022


МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ ПАРАМЕТРЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ: энг йирик тушум манбаси - жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши жорий йил 12 январдаги тегишли қарори билан Қашқадарё маҳаллий бюджетининг 2022 йилга мўлжалланган параметрларини тасдиқлади. Унга кўра, бюджет даромадлари 3 триллион 483 миллиард сўм, харажатлари эса 5 триллион 534 миллиард 300 миллион сўм миқдорида прогноз қилинган. Республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 2 триллион 51 миллиард 300 миллион сўмни ташкил этади.

Ҳужжатга илова қилинган вилоятни 2022 йилда ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозига кўра, шу даврда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 47 триллион 503 миллиард сўмга етказилади ва бу борадаги ўсиш ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 106,5 фоиз бўлиши кутилади.

* * *

Маълумки, солиқлар, божлар, йиғимлар, жарималар ва ҳоказо мажбурий тўловлар негизида бюджетлар шаклланади. Улардан қайси бири қайси бюджетга йўналтирилиши ёки қай тартибда тақсимланиши меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланади. Шунга кўра, қарорда 2022 йилда жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк, ер солиқлари; жисмоний шахсларга тегишли мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган - йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан тўланадиган, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи; айланмадан олинадиган солиқ; қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона органлари томонидан ундириладиган йиғимлар, ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун ундириладиган утилизация йиғими, шунингдек, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш учун тўловдан ташқари); сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно; айрим турдаги товарларнинг чакана савдосига доир ҳуқуқ учун йиғимлар; қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар тўлиқ ҳажмда туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўтказилиши қайд этилган. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи эса вилоят бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ўртасида тақсимланиши кўрсатилган.

Демак, Қашқадарё маҳаллий бюджети даромад, харажатлари ҳажми прогнози ва ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори қуйидагича кўринишда бўлиши аниқлаштириб олинган. 

   * мобиль алоқа хизматлари учун, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пиво ва тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғидан тушумлар бўйича ўтказиб бериладиган даромадлар билан биргаликда.

 * * *

Кўриниб турибдики, ҳисоб-китоб олинган. Хусусан, 2022 йилги вилоят бюджети даромадларининг асосий прогноз кўрсаткичларига назар ташласак, унда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (595 миллиард 620 миллион сўм) ҳамда мобиль алоқа хизмати ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пиво учун акциз  солиғи тушумларидан тегишли равишда ўтказиб бериладиган сумма (542 миллиард 620 миллион сўм) салмоқли улушга эга манба сифатида намоён бўлади.

Умуман, жорий йил учун тасдиқланган  вилоят бюджети прогноз даромадларининг тушум манбалари кейинги жадвалда аниқ  санаб ўтилган.

* * *

Албатта, шаклланадиган маҳаллий бюджет маблағлари аниқ мақсадларга йўналтирилади. Шу нуқтаи назар билан 2022 йилги вилоят бюджети харажатлари прогнозига кўз югуртирар экансиз, энг кўп маблағ (вилоят бюджетининг қарийб 44 фоизи) Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси жорий харажатларига йўналтирилиши кўзда тутилганига гувоҳ бўласиз - 1 триллион 125 миллиард 866 миллион 812 минг сўм. Буни Қашқадарёда аграр соҳа етакчи мавқе тутиши, шунинг баробарида аксар экин майдонлари унумдорлигини сақлаш ва уларга сув етказиб бериш учун ҳар йили жуда катта ҳажмда мелиорация ишларини бажариш талаб этилиши билан изоҳлаш мумкин. 

Бу борада иккинчи ўрин соғлиқни сақлаш бошқармасига тегишли. Идора жорий йилда вилоят бюджетининг 484 миллиард 66 миллион 599 минг сўм маблағига кўз тиккан.

Кейинги, ҳажми бўйича учинчи поғонани эгаллаган харажат - 432 миллиард 729 миллион 229 минг сўм марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштиришга сарфланади. 

Жорий йилги вилоят бюджетининг қолган маблағлари қаерга харажат қилинишини батафсил билмоқчи бўлсангиз, энди  қуйидаги жадвалга бир қур назар ташланг. 

 * * *

Хуллас, Қашқадарё маҳаллий бюджетининг 2022 йилга мўлжалланган параметрлари тасдиқланди. Энди масала ушбу прогноз кўрсаткичларини ўз вақтида ва самарали таъминлаш ҳамда бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишда қолаяпти. Бинобарин, халқ пулини ўзлаштириш, талон-торож қилиш ҳолатлари вилоят учун бегона эмас.

Биргина мисол, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳудуддаги 10 та тиббиёт ташкилоти томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи ярми давомида бюджет маблағлари ҳисобидан қиймати 7 миллиард 817,6 миллион сўмлик 75 дона тиббий ускуна жуда қиммат нархларда сотиб олингани ҳолатини фош қилганига ҳали кўп бўлмади. Шу факт юзасидан тайинланган экспертиза хулосасига кўра, 5 миллиард 421,4 миллион сўмга харид қилинган 65 дона 43 турдаги тиббий ускуна ҳақиқатда 2 миллиард 808,1 миллион сўмлик қийматга эга эканлиги аниқланган. Яъни улар 2 миллиард 613,3 миллион сўмга қиммат нархларда сотиб олинган.

Шундай экан, қарор билан масъулларга бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар юклатилган.

Ўз мухбиримиз 

Report typo