Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

13.02.2018


“МАҚОЛАМНИ ЧИҚАРИБ БЕРИНГ...”

Ана шу мажбурият ўқитувчиларнинг газета-журналлар таҳририятларига мақола (аслида машқ) юборишга ундайди, тўғрироғи, мажбур қилади. Бошқа нашрлардаги сингари бизнинг таҳририятимизга ҳам почта орқали ёки электрон манзилимизга кўплаб машқлар келади. Уларнинг каттагина қисми мактаб ўқитувчиларидан. Тўғри, бу материаллар орасида ўқишли, мақола талабларига мос келадиган, ёшу кексани бирдай қизиқтирадиган, бугунги кун нуқтаи назаридан қараганда, долзарб ва муҳим аҳамиятга эга фикр-мулоҳаза билдирилганлари ҳам бор. Уларни газета саҳифаларида чоп эттиришдан ўқувчи ҳам манфаат кўради, таҳририят ҳам: газетхон маънавий озуқа олади, ўша мақолада кўтарилган мулоҳаза уни ҳам мушоҳадага чорлайди, таҳририят эса яхши муаллифнинг ўқишли мақоласини эълон қилиш билан муштарийлар ҳурматини қозонади, ўз нашрига рағбатини оширади. Лекин юқорида айтилган мажбурият юзасидан ёзилиб, таҳририятларга юбориладиган машқлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Аслида яхши мақола ёзиш - осон иш эмас. Буни бояги танишим айтганидек, ўзининг устасига қўйиб берган маъқул. Бу ишнинг устаси эса албатта журналист бўлиши шарт эмас. Буни ҳам юқорида айтдик. Яъни мақола ёзмоқчи бўлган одам, аввало, бу ишнинг асосий қоида-талабларини яхши билиши, кўнглида бошқаларга билдирмаса бўлмайдиган ўринли фикри-мушоҳадаси, ўқувчига бера оладиган янги билими, танлаган мавзуси юзасидан ўз нуқтаи назари бўлиши шарт. Мақола шошиб-пишиб ёзилмаслиги керак. Шу билан бирга, қандайдир мажбуриятни бажариш, шу мажбурият юкини зиммасидан халос этиш учун ҳам эмас.

Айни мавзуда ўқитувчиларнинг ўзларидан фикр сўраб кўрдик.

- Ўқитувчиларнинг матбуотда мақолалар билан чиқиб туриши малака тоифасини олиш учун тавсия этилади, - дейди кенг мушоҳадали, катта қамровли мақолалари билан матбуотда чиқиб туришни канда қилмайдиган ижодкор мураббий, Миришкор туманидаги 22-мактаб директори Абдунаби Абдиев. – Бу унинг ўз устида ишлаши ва соҳасида қай даражада малака касб этаётганини кўрсатиб беради. Лекин бу мақолалар ўқитувчининг иш тажрибаси, ўз соҳасига оид илғор фикрлари, талаб-таклифлари асосида ёзилиши ва таълимни ёритишга ихтисослаштирилган нашрларда бериб борилиши керак. Чунки унинг бу мақоласи ўз ҳамкасблари, бошловчи ёш педагоглар учун зарур бўлган тажрибани бера олади.

“Немис тили” дарсликларининг муаллифи, Қарши шаҳридаги 2-мактаб ўқитувчиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси  Зулфия Қиёмова эса қуйидаги фикрларни билдирди:

-        Бу талаб, менимча, фақат ижодкор ўқитувчилар учун қўйилиши керак. Чунки бундай ўқитувчи ўз ишига ижодий назар билан қарайди. Адабиётни севган, ижод қила оладиган шундай ўқитувчиларимиз борки, уларнинг мушоҳадаси, таҳлилий қарашлари, илғор ғоялари нафақат ўз ҳамкасблари учун, балки барча учун бирдай қизиқарли. Бироқ ҳамма ўқитувчи ҳам бундай эмас. Тўғри, у ўз фанини чуқур билиши, дарсини талаб доирасида ўта олар, лекин фикрларини ёзма тарзда баён қилиш кўникмаси у қадар етарли бўлмаслиги мумкин. Демак, ундан мақола ёзиб, нашрларда чоп эттиришни талаб қилиш тўғри бўлмайди.

Қолаверса, бугунги кун ўқитувчиси зиммасига юкланган вазифалар шундоғам кўп эмасми? Яқинда интернет нашрлардан бирида пойтахтдаги педагоглар малакасини ошириш муассасасида ўтказилган сўров натижалари эълон қилинганди. Унда бир қатнашчи фан ўқитувчисининг шахсий папкасида бўлиши шарт ҳисобланган ҳужжатлар номини санаган ва уларнинг сони оз эмас, кўп эмас, нақ 23 тани ташкил қилганди. Гарчи улар орасида газета-журналларда эълон қилинган мақолалари ҳақидаги ҳужжат келтирилмаган бўлса-да, матбуотдаги чиқишнинг шартлигини ўқитувчилар тилидан кўп эшитаяпмиз. Айримлар эса бу мушкулотни ҳал этишнинг бошқача “йўл”ларидан ҳам бораётганликлари эса ачинарли. Яъни “ўз касбининг устаси” бўлган “мақоланавис”лар ҳам бугун йўқ эмас ва улар моддий манфаатдорлик эвазига ўқитувчиларнинг оғирини енгил қилишга одатланишган. Бунинг энг ачинарли яна бир томони бор: айрим хусусий нашрлар саҳифаларида биров ўқимайдиган, ўқиганида ҳам ҳеч бир маънавий озуқа олмайдиган бўлар-бўлмас мақола, бир ижодкорнинг пичинги билан айтганда, “меқола”ларнинг кўпайиб кетаётгани...

Хуллас, ўқитувчи ўз ишини қилсин. У келажагимиз бўлган ёш авлодга пухта билим берсин. Замон билан ҳамқадам бўлсин. Ўзини мажбурлаб, зўрлаб, Навоий ва Бобур ҳақида, Муҳаммад Юсуф ёки бошқа шоирлар ҳақида мақола ёзмасин. Ёзса ҳам буни юрагининг амри ва ижодий кучи билангина, чинакамига ижод қилиб, қўлидан келса, шунга ишонса ёзсин.

 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo