Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 декабрь, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Амирқул КАРИМОВ

28.08.2020


МАҚОМ - НОМОДДИЙ МЕРОСИМИЗ ГУЛТОЖИ

"Мусиқа бутун дунёни руҳлантиради, руҳга қанот бахш этади,  тафаккур парвозига кўмаклашади, жами мавжудотга ҳаёт ва қувонч улашади... Уни барча гўзаллик  ва юксакликнинг тажассуми дейиш мумкин", деган эди буюк файласуф Афлотун.

Дарҳақиқат, инсоният пайдо бўлибдики,  ҳаётнинг энг машаққатли ва энг қувончли кунларида мусиқа ва қўшиққа таянади. Дарду қувончларини унинг қатига тўкади, овунади, ундан куч ва баҳра олади. Шу маънода мусиқа ва қўшиқ буюк бунёдкор кучдир.

Халқимиз жаҳон тамаддунига дурдоналар бўлиб қўшилган бой номоддий мерос яратган. Бунга унинг бетакрор оғзаки ижоди,  ижрочилик санъати, ўзига хос урф-одат, маросим ва байрамлари, аждодларимизнинг табиат ва коинот билан боғлиқ азалий билимлари, анъанавий ҳунармандчиликка оид кўникмалари киради.  Мана шу сарватли номоддий мероснинг жавҳарларидан бири мақомдир.  

Мақом ўз ижрочилик анъаналари ва қатъий  тизимига эга бўлган куй ва ашулалар мажмуидир. Марказий Осиё минтақасида VIII-IX асрлардан бошлаб "Етти мақом", XIII-XVII асрларда "Ўн икки мақом" тизими ва XVIII асрнинг ўрталарига келиб эса Бухорода "Шашмақом" тасниф этилган. Бизда "Хоразм мақомлари", Бухоро "Шашмақом"и ва "Фарғона-Тошкент мақом йўллари" туркумлари, шунингдек, унинг локал вариантлари - "Тошкент ироғи", "Қўқон ироғи", "Самарқанд ушшоғи", Фарғона "Сурнай мақом йўллари", Хоразм "Дутор мақом туркуми", "Феруз" туркумидаги асарлар севиб ижро қилинади.

Айниқса, ўзбек миллий мусиқа санъатининг гултожи саналган "Шашмақом" ва унинг туркумлари мумтоз шеъриятимиз билан уйғун ҳолда ғоят гўзал ва бетакрор санъат намунасини ҳосил этганки, бу жаҳон санъат аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. 

Мақом санъатининг келиб чиқишига назар ташлайдиган бўлсак, у ўрта аср Яқин  ва Ўрта Шарқ  халқлари илмида парда тузилмалари тушунчасини ҳамда уларга мос ҳолда яратилган куй ва ашулаларни ифодалаганига гувоҳ бўламиз.

Дастлаб ўз ҳолича, тарқоқ  ривожланиш босқичини босиб ўтган мақом XIII асрда Сафиуддин ал-Урманий томонидан ўн икки асосий мақомдан иборат назарий тизим шаклига келтирилди. XVII асрдан сўнг ўн икки мақом тизимига эътибор сусайиб, унинг асосида Шарқ халқлари орасида мақомларнинг янгича миллий ва маҳаллий шакллари вужудга кела бошлади. Хусусан, Ўрта Осиёнинг йирик маданий марказларидан бири бўлган Бухорода шаклланган туркум "Бухоро шашмақоми" деб ҳам юритилади. У қуйидаги олти мақомни ўзида мужассам этади: "Бузрук", "Рост", "Наво", "Дугоҳ", "Сегоҳ","Ироқ".

Устоз ва шогир анъаналари асосида ХХ асргача етиб келган мақомлар, кейинги даврда ўзгаришларга учрай бошлади. Бир қатор устоз ҳофиз созандалар мақомларни сақлаб қолиш ва уни ёш авлодга етказиш йўлида жонбозлик кўрсатдилар. Ота Жамол Носир, Ота Ғиёс Абдуғани, Ҳожи Абдулазиз Расулов, Домла Ҳалим Ибодов, Леви Бобохонов, Юнус Ражабий шулар жумласидандир.

Шунингдек, ўша пайтдаги Бухоро Халқ Республикасининг маориф нозири Абдурауф Фитрат ташаббуси билан этнограф олим ва композитор В.А.Успенский, ҳофиз Ота Жалол Носир ҳамда танбурчи Ота Ғиёс Абдуғани ижроси илк бор беш чизиқли нота ёзувига олинди ва бу тўплам 1924 йилда нашр этилган. Маҳаллий мутахассислардан академик Юнус Ражабий  "Шашмақом"ни  тўлиқ нотага тушириб, халқимиз бебаҳо меросининг боқий умрини таъминлади.

Истиқлол йилларида "Шашмақом"нинг дунё сари зафарли эътирофи бошланди. 2003 йилда ЮНЕСКО уни "Жаҳон номоддий меросининг дурдонаси" деб эълон қилган бўлса, Ўзбекистон  2008 йилда ЮНЕСКОнинг "Номоддий меросни муҳофаза қилиш ҳақидаги конвенция"сига аъзо бўлгач,  "Шашмақом" "Инсониятнинг номоддий маданий мероси" репрезентатив рўйхатига киритилди (бу рўйхатга айни пайтгача Бойсун маданий муҳити, катта ашула, Наврўз, аския, палов маданияти ва анъаналари, Марғилон атлас ва адрас тўқиш кўникмалари, Хоразм рақси - лазги каби номоддий меросимиз намуналари киритилган. Айни пайтда Туркия билан  ҳамкорликда Афанди латифалари, Марказий Осиё мамлакатлари билан биргаликда каштачилик, шунингдек, бахшичилик санъати каби янги номинациялар тайёрланиб, ЮНЕСКОга тақдим этилди).

Эътироф этиш жоиз, ўзбек миллий мақом санъати ҳар икки йилда Самарқандда ўтказиладиган анъанавий "Шарқ тароналари", Шаҳрисабзда ташкил этиладиган Халқаро мақом фестиваллари каби жаҳоний анжуманлар сабаб дунё бўйлаб янада ёрқинроқ жаранг сочмоқда. Ана шу анжуманларга юзлаб мамлакатлардан санъат вакиллари келиши, улардаги жараёнларнинг жаҳон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши, фестиваллар доирасида мақом санъатининг тарихий илдизлари ва ривожланиш босқичлари ҳақида дунё олимлари иштирокида илмий конференциялар ўтказилиши жаҳон халқларида ушбу санъатга бўлган қизиқишни ошириб юборди, халқимиз қадриятларини юксалтирди.

Маълумки, жорий йилда иккинчи марта ўтказилиши кутилаётган Халқаро мақом санъати анжумани дастлаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида ташкил этилганди. Шунингдек, қарор билан асосий вазифаларидан бири мақом санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро, ижодий мактаблар ва анъаналарни, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклаш бўлган Ўзбек миллий мақом санъати маркази фаолияти йўлга қўйилди, Шаҳрисабзда мақом музейи ташкил этилди. Шубҳасиз, ушбу амалий саъй-ҳаракатлар номоддий меросимиз, хусусан, ўзбек миллий мақом санъати ривожига муносиб ҳисса бўлди.

Амирқул КАРИМОВ,

Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди раиси

 

Report typo