Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 август, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

03.10.2017


МАЪРИФАТ ФИДОЙИЛАРИГА ЭҲТИРОМ

Тантанали йиғилишга таълим муассасалари ўқитувчилари, спорт мураббийлари, олимлар, фахрийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими  Зафар Рўзиев қатнашди ва навқирон авлодга пухта билим бериш, уларнинг ҳар томонлама баркамол вояга етишида устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёс эканини билдириб, соҳа вакилларини умумхалқ байрами билан муборакбод этди.

Дарҳақиқат, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, эртанги кунни зиммасига олишга қодир ёшларимиз устоз ва мураббийларнинг заҳматли меҳнати самарасидир. Ўз навбатида юртимиздаги кенг ислоҳотларнинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши ҳам соҳа вакилларидан юксак масъулият ва салоҳиятни тақозо қилади.

Биргина умумий ўрта таълимни оладиган бўлсак, бугун вилоятимиздаги 1124 та мактабда 50 мингга яқин педагог кадрлар меҳнат қилмоқда. Улар меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш, таълим мазмунининг сифат ва самарадорлигини кўтариш масаласи – доимий эътиборда. Таълимнинг кейинги бўғинлари ҳақида ҳам шу фикрларни билдириш мумкин. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ эса юртимизда таълим-тарбия тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёшларга илм-фан асосларини ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги фидойилиги ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида вилоятимиздан 8 нафар таълим фидойиси ҳам борлиги қувонарли.

– Ҳавас билан бошлаган касбим ортидан шунча обрў-эътибор топганимдан мамнунман, – дейди Яккабоғ туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гуландом Юлдашева. – Ўқитувчилик - ғоят шарафли ва олижаноб касб. Камтарона меҳнатларим давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” орденига муносиб кўрилгани мени янада кўпроқ изланиш ва ўз устимда ишлашга ундайди.

Тадбир самимий мулоқот ва кўтаринки руҳда ўтди. Унда катта байрам концерт дастури намойиш этилди.

Байрам тантанаси Қарши шаҳридаги муҳташам ресторанлардан бирида давом этди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат.

Report typo