Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

17.12.2019


МАҚСАД - КИТОБХОНЛИКНИ КЎТАРИШМИ

ё олиб-сотарларнинг савдосини гуллатиш?!

Муҳокама учун мавзу

Кейинги вақтларда китоб ва китобхонлик ҳақида кўп гапирилаяпти. Бу яхши, албатта. Бироқ китобхонлик кенг миқёс касб этиши учун кутубхоналар бой фондга эга бўлиши баробарида китоблар ҳам арзон, чўнтакбоп бўлиши керак.

Дейлик, Уолтер Айзексоннинг Стив Жобс ҳақидаги 56 минг сўмга сотилаётган китоби у қадар талаш эмаслигининг сабаби оддий: қиммат!

Ҳар қандай яхши китобнинг аҳамияти, уни ўқиб олинадиган маънавий фойдадан келиб чиқсак, аслида, бу нарх жуда юқори эмас. Шунинг пулига олинадиган бир килодан зиёдроқ гўшт ёки бошқа егулик оз муддатда еб юборилади, аммо яхши китоб берган билим бир умр наф келтиради.

Тўғри, нашриёт китобга нарх белгилашда муаллиф, таржимон, қоғоз, босмахона учун кетадиган харажатлар ва кўрадиган фойдасини ҳисобга олади. Аммо ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқилса, кўпчилик маошининг сезиларли қисмини бир китоб учун сарф қилишни хоҳламайди, қачонки у ашаддий мутолаагўй бўлмаса. Ашаддийларга эса фарқи йўқ: ейиш-ичишдан, кийишдан қийиб, ўзи хоҳлаган китобни нархига қарамай олаверади. Аммо асосий мақсад - алоҳида    шахслар ўқиб, қурби етмайдиганлар четда қолиши эмас-ку.

Кўриб турибмиз, юқори даражадаги рағбат шарофати билан бугун китоб савдоси шохобчалари сони кўпайди. Бу - кишиларга танлаш имкониятини ошираётгани бор гап. Яқин вақтдан эътиборан диний адабиётлар сотадиган масканлар пайдо бўлгани ҳам қувонарли.

Бироқ бир хил китобнинг ҳар жойда турфа нархда сотилаётганидан ҳайрон бўлмай илож йўқ. Мисол учун, Туроб Мақсуд қаламига мансуб "Қайтмас тўлқинлар" асари Қарши шаҳридаги "Азизбек офсет барака" шохобчасида 21 минг сўмдан сотилаётган бўлса, "Шарқ зиёкори"да 26 минг сўм турибди. Ваҳоланки, шу китобни чоп этган "Ўзбекистон" нашриётининг прайс-листида сотилиш баҳоси 17 минг сўм дея кўрсатилган. Демак, бир шохобчада китоб устига 4 минг,    бошқасида 9 минг сўм қўйишибди.

Аслида 17 минг сўмлик китобга 9 минг (китоб баҳосининг ярмидан ҳам кўп) "миндириш", тўғриси, унчаям инсофдан эмас.

Бунга-ку кўниш мумкиндир, сотувчи ҳам фойда кўришни хоҳлайди, аммо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Ҳадис ва Ҳаёт" туркумидаги "Оламларга раҳмат Пайғамбар" китоби "Ҳилол нашр" нашриёт-матбааси сайтида 39 минг сўм деб кўрсатилгани ҳолда Қарши шаҳрида 55 минг 500 сўмдан сотилаётганини қандай тушунса бўлади? Сайтда 38 минг деб кўрсатилган ва айни пайтда айнан нашриёт савдо нуқталарида йўқ, дея қайд этилган "Бахтиёр оила" китоби вилоятда 80 минг сўмга сотилаётганини-чи? Тўғри, солиқлар, пойтахтдан келтириш харажатлари бор, бироқ ҳар китобдан қоладиган фойда ҳам чакана эмас-да.

Ёки "Олтин силсила" туркумидаги "Саҳиҳул Бухорий" китобининг ҳар жузи Тошкентда 74 минг сўм бўлгани ҳолда "Шарқ зиёкори"да 95 минг, "Азизбек офсет барака"да 105 минг сўм эканига нима дейсиз?

Бир китоб устида муаллиф, компьютерда матн терувчи, мусаҳҳиҳ, муҳаррир, дизайнер, босмахона ходими каби ўнлаб киши ишлайди. Шунча одамнинг меҳнати ҳисобга олиниб, нарх қўйилади. Буни тушунса бўлади. Энди бир ўйлаб кўринг. "Олтин силсила" туркуми устида шунча одам ишлаб 74 минг сўм нарх белгиласаю, вилоятдаги китоб сотувчи фақат уни Тошкентдан келтиргани учунгина устига 30 минг сўм "миндирса"?! Қани инсоф? Ё яна ўша гап: сув келтирган хору, кўза синдирган азиз…ми?

Шунга ўхшаш, айни пайтда Сайид Муҳаммад Тантовийнинг "Пайғамбарлар тарихи" китоби Қарши шаҳрида 140 минг сўм атрофида сотилаяпти. Ҳолбуки китобнинг асл баҳоси 102 минг сўм. Қолаверса, мавлуд ойи муносабати билан чегирма эълон қилиниб, "Пайғамбарлар тарихи" 92 минг сўмдан сотилди. Аммо вилоятдаги нарх ўзгармади. Аниқроқ айтганда, бир китобни пойтахтдан олган одамдан кўра вилоятда харид қилган одам 50 минг сўм зарар кўрди.

Балки бунга "Ҳилол нашр" нашриёт-матбаасининг вилоятда савдо шохобчаси йўқлиги сабабдир. Шунинг учун ҳар ким ўзи билган (инсофдан нари) нархни қўйиб олгандир. Масалан, "Шарқ" нашриётида чоп этиладиган китоблар пойтахтдаям, вилоятлардаям бир хил нархда сотилади, чунки уларнинг ҳамма ҳудудда савдо нуқталари бор. Аммо бошқа нашриётларда чоп қилинган китоблар, боя айтилганидек, бу ердаям анча фарқли. Масалан, "Минг бир кеча" 8 китобдан иборат, агар шу тўпламни "Ўзбекистон" нашриётидан харид қилсангиз, 126 минг сўмга тушаркан. "Шарқ   зиёкори"да эса бу тўпламнинг баҳоси - 180 минг сўм.

Америкалик тадқиқотчи Южин Скайлернинг "Туркистон" китоби 21 минг 600 сўм бўлгани ҳолда "Шарқ зиёкори"да 31 мингдан камига ололмайсиз. Худди шундай Оруэллнинг 18 минг сўмлик "1984" китобини 29 мингга оласиз, бошқа иложингиз йўқ.

Бу-ку майли, ёзувчи Нортўхта Қиличнинг "Шарқ" нашриётида чоп этилган "Икки олам аро" китоби "Шарқ зиёкори"да (нашриётнинг ўз савдо нутасида) 31 минг сўм бўлган чоғда айни шу асар вилоят ички ишлар бошқармаси ёнидаги "Дор ул-кутуб" савдо масканида 23 минг сўм эканига нима дейсиз? Демак, нашриётдагилар китобни бошқаларга анча арзонига бериб, ўз нуқталарида қимматига пуллашаркан-да...

Мавзу китоблар нарх-навоси ҳақида экан, яна бир жиҳатга тўхталмаса бўлмайди. Гап бир китобнинг ўзбек ва рус тилларидаги нашри ҳақида боряпти.   Мисол учун, Пастернакнинг "Доктор Живаго" асари рус тилидаги нашри 24 минг сўм ва ўзбек тилидаги таржимаси оз эмас, кўп эмас, 68 минг сўм экани кишини ҳайрон қолдиради. Бу ерда фақат таржимонга бериладиган гонорар бўлиши мумкин, бошқа ҳамма харажатлар икки тилдаги китобдаям бир хил. Унда нега бу қадар кескин фарқ? Таржимон ҳар китобнинг уч баравари миқдорида ҳақ талаб қилмаса керак?!

Худди шундай, рус тилида чиройли муқовада ажойиб дизайнда чоп этилган Жек Лондон асарлари 12, Булгаковники 15, Тургенев 14 минг сўмдан сотилаяпти. Аммо айнан шундай кўринишда ўзбек тилидаги китобларни 20-30 мингдан камига тополмайсиз.

Тилимиздаги китобларга талаб кўпдир, аммо ҳар иккисига кетадиган харажатлар деярли бир-ку, нархлар орасидаги тафовутни бу қадар кескинлаштиришдан нима наф? Мақсад - китобхонликни кўтаришми ё олиб-сотарларнинг савдосини гуллатиш?!

Бугун китобга бойиш манбаси сифатида қараётган айрим олғир ноширлар шарофати билан имло хатоларига тўла китоблар ўқувчига тақдим қилинаётганини эса умуман қабул қилиб бўлмайди. Бир муддат аввал "Абдулла Кодирий "Уткан кунлар" номли китобга кўзим тушганди. Яна бири ёшлар қидириб ўқийдиган "Қилич ва қалқон"нинг муқовасига "Биринчи кисм" деб ёзиб қўйибди. Яқинда бошқа бир "саводли" ношир Конан Дойлнинг Шерлок Холмс ҳақидаги асарини "Интернетда содир бўлган воқеа" деб номлаб чиқарибди.

Артур Конан Дойл 1930 йилда вафот этган, Интернет эса дастлаб ARPANET шаклида 1969 йилда яратилган бўлса, қандай қилиб у интернетдаги воқеа ҳақида ёзди экан? Албатта, детектив ишқибозлари воқеа интернетда эмас, интернатда содир бўлганини яхши билишади.

Энг ёмони - бундай хато ва ғализликлар жуда кўп учраётганида.

Яна бир жиҳат. Бугун китобга харидор кўпаяётганига ҳамоҳанг нашриётлар ҳам урчиб бораяпти. Улар орасида ўз услубига эга, ўқувчилар эътирофига сазоворлари ҳам талайгина. Мисол учун, "Академнашр"да муаллифлар саралаб танланиб, дизайнидан китоб қайси нашриётдан чиққанини билиб олиш мумкин бўлса, Борхес, Кортасар, Фолкнер, Моэм, Цвейг асарлари туркумини эълон қилиб бораётган "Янги аср авлоди", Толстойнинг "Тирилиш", Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов суҳбатлари асосидаги "Чўққида қолган овчининг оҳи-зори" асарларини "Олтин коллекция" рукнида чоп этган "Забаржад-медиа" нашриётларининг иши таҳсинга лойиқ.

Бироқ шундай  нашриётлар ҳам борки, нашр қилган китоблари, юқорида айтганимиз каби, турли ғализликлар, имло хатоларига тўла. Бирида муқовага қўйилган сурат китоб мазмунига мос келмаса, бирида таржимон келтирилмаган, бошқасининг сифати ёмон - ҳали ўқувчи қўлига етиб бормай шикаст еган ҳолда турибди.

Шундай нашриётлар яқинда янги бир "ташаббус"га қўл уришди: кўп  сотилаётган асарларни нашр этишга жазм қилишди. Дизайн ва кўриниш борасида айрим уринишлар муваффақиятли чиққанини ҳам таъкидлаш керак. Бироқ аввалдан мукаммал таржимаси бўлган асарга яна қайта қўл уришдан нима наф? Мисол учун, Марио Пьюзонинг "Чўқинтирган ота" асари ўзбек тилида қайта-қайта нашр қилинганидан билиш мумкинки, Турсунбой Адашбоев ва Муҳаммаджон Ўринбоев таржимаси яхши чиққан.

Шунга қарамай, "Book Media Nashr" асарни Гулчеҳра ва Гулбаҳор Азимова, "Дониш чироғи" нашриёти эса  Зиёдахон Ғуломова ва Шоҳиста Обиджонова таржимасида эълон қилибди. Кейинги таржимада аввалгиларининг хатолари тўғирлаб кетилса-ку, хўп-хўп, аммо у ғарибгина бўлса, бундан ёмони йўқ. Боз устига "Дўстлар, "Чўқинтирган ота"нинг таржимаси бор, ёмон эмас, вақт ўтказгандан кўра, келинглар, муаллифнинг бошқа асарларини ҳам ўзбек ўқувчиларига етказайлик" дейдиган одам топилмаган чамаси...

Аҳоли "ЦУМ йўли" деб атайдиган манзилда учрайдиган нашриёту босмахонаси кўрсатилмаган, талаб кўп бўлгани учун "ксерокопия" қилиб китоб ҳолига келтирилган "китоб"лар ҳам алоҳида ўрганишга арзийдиган масала. Ялтираган ҳар нарса олтин бўлавермаганидек, китоб деб сотилаётган ҳамма нарса ҳам билим бермаслиги мумкин.

Демак, бу борада ҳам назорат керак. Хўш, буни ким қилади? Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси деган бир идора борки, кутубхонаю нашриётлар билан бевосита улар ишлайди. Шундай экан, улар китоб савдоси шохобчаларида доимий мониторинг олиб бориб, китоблар, уларнинг имлоси, нарх-навоси хусусида зарур тавсияларини бериб боришлари керак. Ҳар ҳолда қонунларимизда ҳам инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги очиқ-ойдин кўрсатиб қўйилган. Қолаверса, гап қандайдир темир-терсак, лаш-лушлар ҳақида эмас, маънавият, саводхонлик каби масалалар устида боряпти.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo