Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

25.09.2018


МАҚСАДИ УЛКАН ЁШ ИШБИЛАРМОН

Корхона ихтисослиги маълум – турли тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш. Цехда 5 нафар тикувчи меҳнат қилмоқда. Зарур тикув дастгоҳларининг ҳаммасидан бор. Бугун тадбиркорга келаётган буюртмалар орасида махсус иш кийимлари асосий ўрин эгаллайди.

- Корхона раҳбари эканман деб қараб ўтирмайман, нима иш бўлса, ўзим қилиб кетавераман, - дейди ёш тадбиркор. – Андаза олиш, бичиш, тикиш борми, ҳаммасини бажаравераман. Асосийси, ишда унум бўлсин, маҳсулот кўпайсин. Фақат хизмат кийимлари тикиш билан ҳам чекланиб қолганимиз йўқ. Талаб бўлса, костюм-шим, аёллар либослари, мавсумга қараб қишки устки кийимларни ҳам ишлаб чиқарамиз. Ҳафсала билан ишласак, бир кунда тайёр маҳсулот сони 10 тадан ошади.

Харидорларга тадбиркор таклиф этаётган маҳсулотлар ҳар томонлама маъқул бўлмоқда. Келиб тушаётган буюртмалар сони кўпайгани ҳам буни англатиб турибди. Шу боис ёш ишбилармон ўз фаолиятини янада кенгайтиришни кўзлаяпти. Қўшимча тикув машиналари олиб келишни режалаштирган. Бу мавжуд иш ўринлари ҳам ортади, дегани. Келгусида маҳсулдорлик кўламини икки ҳисса ошириш мақсад қилинган. Тадбиркор ўз лойиҳасини рўёбга чиқариш учун тижорат банки кредитидан ҳам фойдаланмоқчи.

Албатта, ютуқ, юқори натижа кўзга ташланмай қолмайди. Фурсати келганда, муносиб эътироф этилади ҳам. Жамшид Жалилов илк бор “Ташаббус” кўрик-танловининг бу йилги Қарши шаҳри босқичида ўз маҳсулотлари билан иштирок этганди. Илғор ва ёш ишбилармоннинг фаолияти ҳакамлар ҳайъати эътиборини тортди. Рақобат кучли бўлса-да, у танловнинг янги ва асосий йўналишларидан бири – “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинациясида ғолиб бўлиб, кейинги – вилоят босқичига йўл олди. Ёш бизнесмен бу босқичда ҳам юқори ўринлар учун астойдил ҳаракат қилишини айтади.

М.ШУҲРАТОВ

Суратларда: Қарши шаҳридаги “Танҳо дизайн” хусусий корхонаси фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo