Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

07.09.2017


МАХСУС СИРТҚИ БЎЛИМ: УНГА КИМЛАР, ҚАЙ ТАРТИБДА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ?

- ҚАБУЛ ҚАЧОН БОШЛАНАДИ?

- Тегишли низомда олий таълим муассасаларида махсус сиртқи бўлим учун қабул 4 сентябрдан бошланиши белгиланган, - дейди Шаҳобиддин Нуриддинов. – Бунинг учун университетимизда ҳам барча ташкилий ишлар амалга оширилган. Бироқ 4 сентябрь куни қабул бошланмади. Бунга сабаб, махсус сиртқи бўлим йўналишига ўқишга кириш учун талабгорлар тегишли вазирлик ва идоранинг тавсияномасига эга бўлиши лозим. Тавсиянома эса вазирликнинг ҳудудий бўлимлари томонидан, ўрта махсус маълумотли педагог кадрларни олий таълим муассасасининг махсус сиртқи бўлимида ўқитишга бўлган мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб берилади. Мисол учун, олий таълим муассасасининг махсус сиртқи бўлимига ўқишга киришга номзод тавсиянома олиш учун туман халқ таълими  бўлимига мурожаат қилади. Мазкур идора у ишлаётган муассасада унинг соҳаси бўйича олий маълумотли кадрга эҳтиёж бор ёки йўқлигини инобатга олиб, тавсиянома беради. Шу билан биргаликда, барча тавсиянома берилган номзодлар рўйхати тасдиқланиб, вилоят халқ таълими бошқармасига юборилади. Бошқарма эса тавсиянома берилишининг ҳаққонийлигини яна бир маротаба ўрганиб чиқиб, вилоят бўйича номзодлар рўйхатини шакллантиради ва буни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тақдим этади. Вазирлик ҳам рўйхатнинг ҳудудлардаги олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжга қанчалик мослигини кўриб чиқиб, уни тасдиқлайди. Биз вазирлик томонидан тақдим этилган рўйхатда исм-фамилияси келтирилган номзодлардангина ҳужжатларни қабул қиламиз. Агар кимдир қандайдир йўллар орқали тавсиянома олиб келгани билан вазирлик томонидан унинг номзоди тавсия этилмаган бўлса, ҳужжатлари ўз-ўзидан қабул қилинмайди. Демак, тез орада вазирлик бизга рўйхатни тақдим этиши билан қабул ишлари бошланади.

- НОМЗОДЛАР УЧУН ЯНА ҚАНДАЙ ТАЛАБЛАР МАВЖУД?

- Ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун номзодлар аввало ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил педагогик амалий иш стажига эга бўлиши лозим. Шунингдек, ҳужжат қабул қилиш жараёнида улардан таълим муассасаси раҳбарининг олий маълумотли мутахассисга эҳтиёжи мавжудлиги тўғрисидаги хати ҳамда тегишли вазирлик ва идоранинг тавсияномаси ҳам талаб этилади.

- УЛАР ҚАЙ ТАРТИБДА САРАЛАБ ОЛИНАДИ?

- Номзодлар орасидан энг муносибларини қабул қилишда ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга эканлигини тасдиқловчи дипломдаги ўртача балл  ҳисоблаб чиқилади. Шунингдек, номзоднинг неча йиллик меҳнат стажига эга эканлиги, у ишлаётган мактабнинг туман марказидан неча километр узоқлиги каби жиҳатларга ҳам белгиланган   тарзда балл қўйиб чиқилади. Шу тариқа, уларнинг умумий тўплаган баллари ҳисобланиб, энг мақбуллари танлаб олинади.

- БУ ЙИЛ НЕЧА НАФАР АБИТУРИЕНТ ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ?

- 2017-2018 ўқув йили учун Қарши давлат университетининг махсус сиртқи бўлимига абитуриентлардан 330 нафар номзод қабул қилиниши белгиланган. Педагогика ва психология, мусиқа таълими, меҳнат таълими, тасвирий санъат ва   муҳандислик графикаси, жисмоний маданият бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иши ҳамда мактабгача таълим йўналишлари шулар сирасига киради.

Ж.БОЙМУРОДОВ суҳбатлашди.

Report typo