Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

02.11.2017


МАХСУС ЎҚУВ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МАЖМУАЛАРИ

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчилари учун касбий таълимни ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Шунингдек, 2018-2020 йилларда фаолияти янгидан йўлга қўйиладиган махсус ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини зарур жиҳозлар билан таъминлашни кўзда тутувчи дастур ишлаб чиқилди. Дастурда кўрсатилишича, тегишли даврда ушбу мажмуалар вилоятимиздаги 215 та умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида ташкил этилади. Жумладан, 2018 йилда 77 та, 2019 йилда яна шунча ҳамда 2020 йилда 80 та таълим муассасасида шундай мажмуалар иш бошлайди. Улар 234 синфни ўз ичига олади. Шунинг 114 таси жиҳозланади.

Айтиш жоизки, мажмуада ўқувчилар зарур касб-ҳунар кўникмаларини ўзлаштиради, махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган касбларга ўргатилади. Касбий таълим бериш жараёнида “уста-шогирд” анъаналари ва хорижий илғор тажрибани ўрганган ҳолда энг мақбул усуллардан фойдаланилади. Дарсларда инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилади. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этиладиган мажмуалар ушбу таълим муассасасининг ўқув бинолари, шу жумладан, синф хоналари ва устахоналаридан бепул фойдаланади.

Тегишли низомда қайд этилишича, ўқувчиларга касбий таълим бериш узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми бўлиб, уларнинг касб-ҳунар ўрганишга бўлган эҳтиёжини қондириш, касбий билим ва кўникмаларини шакллантириш, республика иқтисодиёти тармоқлари учун зарур мутахассисларни тайёрлашни таъминлайди. Касбий таълим олиш ўқувчилар учун мажбурий бўлиб, бепул амалга оширилади. Мажмуани муваффақиятли тугатган ўқувчиларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.

Таъкидлаш ўринлики, мажмуада ўқувчилар ошпазлик, пазандалик, тикувчилик, сартарошлик, туристик хизматлар ташкилотчиси, фотографлик, косиблик, зардўзлик, ҳисобчилик, дурадгорлик, автомобиль таъмирлаш техниги каби кўплаб йўналишларда ўқитилади.

Бу каби чора-тадбирлар ўқувчиларда мустақил ижодий фикрлаган ҳолда меҳнат жараёнини ташкил этиш кўникмасини шакллантириш, уларнинг моҳир касб эгаси бўлиши, меҳнат бозори учун махсус ва чуқур тайёргарлик талаб этмайдиган касблар бўйича рақобатбардош кадрлар сифатида етишиб чиқишини таъминлашга қаратилгани билан муҳимдир.

М.ШУҲРАТОВ

Report typo