Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 март, душанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Мактаб масъулларига 92 миллион сўмлик жарима расмийлаштирилди. Нега?

23.02.2021


Мактаб масъулларига 92 миллион сўмлик жарима расмийлаштирилди. Нега?

Маълумки, Президент фармони билан дарахтларни кесишга жорий этилган мораторий муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди. Бундан ташқари, ноқонуний кесилган ҳар туп дарахт учун 100 туп кўчат экиш ва уларни 3 йил парваришлаш мажбурияти юклатилиши белгиланди.

Ўз навбатида мораторий талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилмоқда.

Шунча тақиқ ва тарғиботга қарамасдан қонунга зид равишда ўйламай-нетмай дарахт кесаётган шахслар, афсуски, камайгани йўқ. Бундайлар орасида таълим муассасалари масъуллари борлиги эса ниҳоятда ачинарлидир.

Жумладан, ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз шаҳридаги 20-умумтаълим мактаби ҳудудида 50 дан ортиқ дарахтларнинг кесиб, сотиб юборилганлиги тўғрисидаги хабар тарқалди. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан маълум қилишларича, ҳолат Шаҳрисабз шаҳар инспекцияси ходимлари томонидан жойига бориб ўрганилган.

Ўрганиш давомида мактаб ҳудудидаги 30 дона терак ҳеч қандай рухсатсиз ноқонуний кесилганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, кесилган дарахтларнинг диаметрлари ўлчаниб, ҳолат юзасидан мактаб масъул ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 79-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар 92 миллион сўм дея баҳоланди.

Тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади.

Report typo