Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Манзар АБДУЛХАЙР

07.02.2020


МАВЛОНО ЛУТФИЙ ВА АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ БОТИНИЙ РАМЗЛАРИ:

 Чун қора бодом тобут узра расмедур қадим... (Лутфий),

 Қут бир бодому ерим гўшаи меҳроб эди... (Навоий)

 Бир ғазал шарҳи

Алишер Навоийнинг ҳар бир ошиқона руҳда ёзилган ғазали замирида ошиқнинг забун аҳволи, сурату сийрати ва унинг ботиний ҳазинлиги мунаққаш этилган. Зеро, бу синоатни улуғ шоир кўнглига болалик йилларидаёқ, азал ишқ суратгари (Аллоҳ) нақш этган эди. Чунки шоир шеърияти ҳузн тасвирининг бу қадар синоатдорлиги киши кўнгил мулкининг ички кенгликларига ҳам бир зарурият пайдо қилади. Улуғ шоир асарларидаги бундай ғазаллар зоҳирий ва ботиний бадиий кайфият уйғунлигининг маҳсули бўлиб, уларнинг аксари "ҳасби ҳол" руҳида ёзилган. Шу ўринда айтиш жоизки, тасаввуф шеъриятида "соқий", "муғбача", "майпараст", "қадаҳ" ва "май" сингари поэтик тимсол, ирфоний рамзлар гўё тасаввуфнинг тамал тошидек бўлиб қолган. Аслида, бундай поэтик тимсоллар кўп маротаба тадқиқот объекти бўлган. Эндиликда эса улуғ шоир назмиёти янгича  талқинларда ўрганилишига катта эҳтиёж бор. Зотан, бунга мисол тариқасида Навоий шеъриятида бадиий ғояни ифодаловчи, ҳам ботиний-рамзий, ҳам тасаввуфий маъноларга уйғун шеърий образлар қаторида бодом тимсолини ҳам санаб ўтиш мумкин. Энг муҳими, у образли шаклларда ўз ифодасини топган. Шунга кўра, биз қуйида шарҳлашга уринаётган "Бадоеъ ул-бидоя"нинг 285-ғазалида қўлланган бодом - поэтик образ, ирфоний рамз ҳисобланади. Бу тимсол қўлланилишининг айнан ана шу ғазалдан бошланишида ҳам катта маъно бор. Айниқса, бу тарз чин устоз ва шогирд ўртасидаги чуқур ўзаро рамз ва ботиний ишораларни ўзида мужассам этганлиги билан кишини янада ҳайратлантиради. Энди ана шу ғазалнинг тўла матнини келтирамиз:

Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

 Ўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.

 Қут бир бодому ерим гўшаи меҳроб эди,

 Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиғ кўзу қош.

 Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,

 Субҳнинг бот-бот дами андоқки айлар меҳр фош.

 "Бўсае қилмас мурувват асру қаттиқдур лабинг"

 Десам, оғзи ичра айтур: "Лаъл ҳам бор навъи тош".

 Новакинг кўнглумга киргач жон талашмоқ бу экин,

 Ким қилур пайконини кўнглум била жоним талош.

 Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон Хизридур -

 Сарвким, даъб айлади озодалиғ бирла маош.

 Қоши оллинда Навоий берса жон айб этмангиз,

 Гар будур меҳроб, бир-бир қайғусидур барча бош.

 Ушбу 7 байтли ғазалда, асосан, илоҳий ишқнинг қай тарзда сурату суръатланиши ҳамда устоз ва шогирд анъаналаридаги ўта нозиктаъб ботиний-руҳий ҳаракат зайли тараннум этилган. Энди байтлар шарҳига ўтайлик.

 Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

 Ўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш, -

 матлаъини тинглаган беназир туркийзабон шоир Мавлоно Лутфийнинг, лозим бўлса, ушбу байтга ўн икки минг мисрамни алмаштирган бўлур эрдим, деган шоирона ҳайрати бунинг тасдиғидир. Дарҳақиқат, "Макорим ул-ахлоқ" ("Яхши хулқлар")да бу борада шундай ёзилган: "Воллоҳ, агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг форсий ва туркий тилларида айтган ўн-ўн икки минг байтимни шу ғазалга алмаштирардим ва бу ишнинг юзага чиқишини зўр муваффақият ҳисоблардим".

 Ушбу байтда "ораз", "кўз", "юлдуз", "қуёш" рамзлари орқали Шарқ шеъриятига хос лирик маъшуқанинг сурат ва сийрати яратилади. Яъни, ёр юзининг беркитилиш тасвири қуёшнинг ботишига ташбиҳ қилинади: қачонки ёр юзини яширган маҳалида, то ҳатто ҳар бир лаҳзада кўзимдан ёш томчилари сочилади. Бу ҳол худди қуёш ғурубга бош қўйиб, яъни ғойиб бўлаётганда самода юлдузларнинг пайдо бўлишига менгзашдир. Бунда яна шундай ботиний рамз бор. Зеро, ёлғизлик Аллоҳнинг хос кишиларини   камолотга, яъни олий мақсад сари етаклайди.  Бу тарздан башарият беҳад фойда кўради. Илло, доимо киши ёруғликнинг қадрига етавермаганидай, у ғойиб бўлиши билан у ҳақда ўйлай бошлайди. Ана шунда, то ҳатто осмондаги ҳар бир юлдузнинг ёруғлигини қадрлайди ва, ахири, ўзи ҳам ботиний қадр топади. Аниқроғи, бунда шоир кўпроқ тасаввуфдаги соликнинг тафрид, тажрид ҳолатини назарда тутган. Бу тарз ғазалнинг олтинчи байтида янада равшанлашади. Айни маънода, бу даврда туркий тилда ўта мукаммал бўлган рамз-тимсолли бадиий матн яратилди, дейишга асос бор. Улуғ шоир асарлари матни тадқиқ этилишига ҳам худди шу фикрни айтиш мумкин.

 Қут бир бодому ерим гўшаи меҳроб эди,

 Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиғ кўзу қош.

 Байтда қўлланган "бодом", "гўшаи меҳроб" - поэтик тимсол, сўфиёна рамз. Бодом - қаноатнинг зайли, поклик. Зотан, тасаввуфнинг туб моҳияти ҳам сабр, қаноат, покликдир. "Гўшаи меҳроб" - холи жой, меҳроб бурчаги, масжидда имом турадиган тепаси қайрилма энг муқаддас жой. Шунингдек, "гўшаи меҳроб" (ёрнинг қайрилма қоши) мажозий маънода ошиқ кўнгилнинг маскани - пок ишқ, илоҳий муҳаббат. Шуларга кўра ушбу байт маъноси қуйидагичадир: кунлик егулигим бир дона бодом, турар ерим эса холи жой, яъни меҳроб бурчагидир. Шу тарздан бироз чалғиганим ҳамоно ёрнинг фаттон кўзу қоши гўё динимни, эътиқодимни ғорат этади, аниқроғи, ўғирлайди.

 Албатта, бу тимсол улуғ шоирнинг бошқа асарларида ҳам қайта-қайта келади: "Кўзунг фикри била тан хилватида нотавон кўнглум, Риёзат айнидиндур кунда бир бодом ила қонеъ". Бодом нафақат   Навоийнинг назмиётида, балки насрий асарларида ҳам жуда кўп маротаба такрор-такрор риёзат, поклик, ҳалоллик, қаноат каби ирфоний рамзларда қўлланилган: "Ва ул (Шайх Алоуддин Хоразмий қ.с.), бодом мағизларидин манга берур эрди ва мен ер эдим. Ва ул емади, бир мағиздин ўзга ё иккидин ўзга".

 Шунингдек, Навоийнинг "Насойим ул-муҳаббат" асарида бир қатор абдол, шайхларнинг комиллик даражалари, риёзатлари бодом тимсолида жуда теран ифодаланган. Юқорида қайд этилганидек, шеърий образда шоирнинг руҳий ва ғоявий қудрати ўз аксини топган бўлади.  Ҳайратланарлиси шундаки, бу билан улуғ шоир кунни бир дона бодом истеъмол қилиш билан ўтказдим, демоқдалар. Чунки шоир фикрича, ўтмишда нафс ҳақида юзлаб китоблар мужаллад қилинган. Аммо, у амали билан бўлмаса бефойда, яъни қуруқ чўпчак бўлиб қолаверади. Зеро, нафсга берилмаслик шоир ижодиёти маъно миқёсининг амалий интиҳосини белгилайди.

 Шоир ўз шеърларида поэтик образ тимсоли сифатида бодом сўзини такрор ва такрор қўллаган. Гўё шоир бир комил инсоннинг ўсиб-улғайганидан то сўнгги манзилига кузатиб қўйгунига қадар бодом тимсолидан санъаткорона фойдаланган:

 Чун қора бодом тобут узра расмедур қадим,

 Кўз жанозам сари солким, сенсизин бўлдум қатил.

 Қизиғи шундаки, юқорида эътироф этганимиздек, бу поэтик тимсолдаги характерли хусусият икки жиҳати билан ҳайратланарлидир: биринчиси, бу поэтик тимсол иштирокидаги ғазални ёш шоир илк бор Мавлоно Лутфий ҳазратларига ўқиб беради. Иккинчиси, устоз ғазалига мусаддас битганда ҳам ушбу тимсолни такрор-такрор қўллаган.

 Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,

 Субҳнинг бот-бот дами андоқки айлар меҳр фош.

 Мазкур байтнинг қисқача мазмуни шундай: илоҳий ишқ сири, аслида махфийдир. Лекин ичимдан чиқаётган оҳу нолам менга бўйсунмасдан ўша ёрнинг ишқи кўйидаги ҳолатимни ошкор қилиб қўймоқда. Бу худдики тонг насимининг қайта-қайта эсган шабадаси, билиб-билмай гоҳ ердаги наботот оламини сарафроз этиши, гоҳ ошиқлар кўнглига юксак-юксак завқ-шавқ уйғатаётган бир тарзга ўхшайди.

 "Бўсае қилмас мурувват асру қаттиқдур лабинг"

 Десам, оғзи ичра айтур: "Лаъл ҳам бор навъи тош".

 Байт мазмуни: эй ёр, шунчалар бераҳмсанки, то ҳатто лабинг бир бўса мурувват қилмаслик учун гўё қаттиқ бир жисмга айланиб олган. Бу ҳам майли, фақат лабинг шундай деб ўйласам, оғзинг ичидан ҳам гўё шундай ботиний бир сас келяпти: "Қимматбаҳо лаъл ҳам қип-қизил бўлгани билан, аслида у ҳам тошнинг бир туридир".

 Новакинг кўнглумга киргач жон талашмоқ бу экин,

 Ким қилур пайконини кўнглум била жоним талош.

 Байт мазмуни: киприкларинг гўё найзадек кўнгилга санчилганидан сўнг, унда шундай жон талашиш рўй бердиким, гўё ёрнинг киприк, яъни найзадек отган камон ўқларини кўнгил билан жон талашиб-тортишиб қабул қилмоқда. Бунда маъшуқнинг ёрдан умидворлиги янада бошқача тарзда давом этади. Яъни, бундан олдинги байтдаги асл мурод бу байтда аниқ ошкор бўлади. Энг аввал, ушбу  байтдаги энг характерли сўзга эътиборни қаратайлик. Бу - "новак" сўзидир. Бу сўз Алишер Навоий асарларида "ўқ", "камон ўқи"; "киприк" сингари маъноларда қўлланилади. Умуман, мумтоз адабиёт бўйича тузилган луғатлардаги маълумотларга кўра, "новак" сўзининг яна бир шаклдоши ёки маъноси бор. Яъни, у ичи ковак ёғоч бўлиб, қадимда кишилар ундан тарнов сифатида фойдаланганлар. Улуғ шоир бундан олдинги байтдаги бадиий кайфиятни ушбу байтда янада ривожлантириб, ёрнинг лабидаги "оби ҳаёт"дан баҳрамандлик лабимга етмаса-да, аммо унинг киприк-ўқидан гўё тарнов мисоли кўнгилга ўша "оби ҳаёт"нинг қуйилишига ишора қилган... Чунки шундай ботиний боғлиқлик бундан кейинги байтга ҳам кўчади:

 Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон Хизридур -

 Сарвким, даъб айлади озодалиғ бирла маош.

 Бу байтдаги энг характерли тимсол Хизрдир. У диний эътиқодга кўра, доимий тирик пайғамбар. Чунки у "оби ҳаёт", яъни абадий тириклик сувидан баҳраманд бўлган. Бу сўзнинг асл луғавий маъноси эса "яшиллик", "сабзавор"дир. Шоир наздида, агар Тангрининг хос бандаси абадий ҳаёт истаса, мужаррад бўлиши, хусусан, руҳий жиҳатдан ёлғиз бўлиши керак. Буни ўзи тирик бўла туриб ёлғизлик гаштини сураётган Хизр пайғамбар тимсолида кўриш мумкинлигига ишора қилади. Агар киши бунга бовар қилмаса, яъни инонмаса Тангрининг гўзал яратиғи "сарв" дарахтига қарасин! Зеро, унда Тангрининг ажиб бир рамзи бор. Чунки унинг қадди ўта тик, йигирма беш метргача ўсади, боз устига, игна барглари доимо ям-яшиллик касб этади. Шулар туфайли бу дарахт ўз умрини озодалик билан ўтказишга одат қилган.

 Қоши оллинда Навоий  берса жон айб этмангиз,

 Гар будур меҳроб, бир-бир қайғусидур барча бош.

 Мақтаъ маъноси: Навоий маъшуқанинг қоши қаршисида жон берса, айб қилмангиз. Чунки меҳроб - масжидда имом турадиган тепаси қайрилма энг муқаддас жой ёрнинг қошига менгзашдир. Ёрнинг қайрилма қоши мажозий маънода ошиқ кўнгилнинг маскани - пок ишқ, илоҳий муҳаббат. Илло, кишининг бўйни бунга ёр бермаса, бир куни хоҳласа-хоҳламаса шу муқаддас меҳробга иши тушади.

 Умуман ғазал, хусусан, ундаги "ораз", "кўз", "қош", "юлдуз", "қуёш" ва "бодом", " гўшаи меҳроб" образлари замиридаги туйғу ва тимсолларнинг беназиру бетакрорлиги кишини ҳайратга солади. У ботинан ишқ маъноларига бойлиги, суратан эса, илоҳий ишқ йўлида бетимсол қиёсийликни ўзида жо этган бадиий тафаккур маҳсули сифатида Ҳазрат ғазалиётида муҳим ўрин тутади. Бу ғазал китобхон тасаввурида ишқни сурату суръатлантиради ва унинг тафаккур тарзида янгича бир эврилиш пайдо қилади.

 Манзар АБДУЛХАЙР,

адабиётшунос

 

 

Report typo