Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Биродар АЗИЗОВ

22.10.2019


МАЖБУРИЙ ДАВОЛАШ БЎЛИМИ ҚУВВАТИ 40 ЎРИНДАН 100 ЎРИНГАЧА ОШИРИЛАДИ

Бу ҳақда диспансер бош шифокори Зокир Менглиевнинг гапларига таянган ҳолда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг матбуот хизмати маълум қилмоқда.

- Вилоят наркология диспансерининг 72 қатновга мўлжалланган амбулатория бўлими Қарши шаҳрида, 150 ўринли стационар бўлими эса Қарши тумани Мирмирон қишлоғида жойлашган, - дейди З.Менглиев. - Стационар 110 ўринли ихтиёрий даволаниш ва 40 ўринли мажбурий даволаш бўлимларидан иборат. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 октябрдаги қарорига асосан диспансернинг ушбу биноларини капитал таъмирлаш билан бир қаторда уларни кардиосинхронланган дефибриллятор, рентген, магнитотерапия ва "Амплипульс" аппаратлари, электрокардиограф, қоннинг клиник ва биокимёвий анализаторлари ҳамда бошқа кўплаб замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш белгиланган.

Диспансер бош шифокори мамлакат ҳукуматининг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ наркология муассасаларини мутахассислар билан таъминлаш, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилишини таъкидлар экан, соҳа вакилларини илғор хорижий клиникаларда "Наркология", "Тиббий психология ва психотерапия" мутахассисликлари бўйича ўқитиш режалаштирилаётганини билдирмоқда.

- Айни пайтда вилоятимизда мажбурий даволанишга муҳтож беморларимиз сони ошиб кетган, - дея келтиради Зокир Менглиевнинг гапларини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг матбуот хизмати. - Шу сабабли диспансер мажбурий даволаш бўлими қувватини 2020 йилда 40 ўриндан 100 ўрингача кўпайтириш ва қўшимча кадрлар билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда вилоят наркология диспансерида 3920 нафар бемор "Д" ҳисобига олинган. Шундан 3848 нафари алкоголизм, 64 нафари гиёҳвандлик ҳамда 8 нафари токсикомания билан ҳисобда туради.

Биродар АЗИЗОВ

Report typo