Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

05.01.2017


МЕҲНАТНИНГ ШУҲРАТИ

Даставвал Умид Ражабов АҚШда, кейинроқ Баҳриддин Абдиев Вьетнамда математика фанидан бўлиб ўтган олимпиадаларда бронза медалларини қўлга киритишди. 2014 йилда эса шогирди Юлдуз Неъматова Жанубий Кореядаги ёш математиклар олимпиадасида кумуш медаль соҳибасига айланди. Элдорнинг ютуғи икки ҳисса бўлди: унга олимпиадада якка тартибда бронза медали, жамоа ҳисобида кумуш медаль насиб этди.

Юқорида санаб ўтганларим Бахтиёр Абдиевнинг фақат халқаро фан олимпиадаларида иштирок этган шогирдлари. Унинг ўқувчилари орасида республика олимпиадалари ва билимлар беллашувларида юз имкониятдан юз балл олганлари, олий ўқув юртида Беруний стипендияси асосида таҳсил кўрганлари, халқаро минбарларда фанга оид маъруза қилганлари бор. Масалан ўқувчиларидан бири Абдураҳмон Алиев Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиалида бўлиб ўтган математика олимпиадасида энг юқори натижа кўрсатиб, биринчи ўринни қўлга киритган. Зарина Шерматова эса Нукус, Тошкент шаҳарлари ва Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган халқаро конференцияларда инглиз тилида математикага оид маърузалари билан қатнашган. Айни пайтда у Қарши давлат университетида ишлаяпти.

Ҳозир ҳам Абдиевнинг атрофи иқтидорли ёшларга тўла. Улар орасида дунёга чиққан Элдордай қобилиятлилари бор. Мактабда дарс берган ўқувчилари эса таълимнинг кейинги босқичида ҳам устозини “қўйиб юборишмайди”, тўгаракларида мунтазам иштирок этишади. Машғулотларига ҳатто Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Косон туманларидан қатнайдиган ёшлар ҳам талайгина.

Бахтиёр Абдиев шогирдларини 5-синфлигидан, баъзан ундан ҳам вақтли танлаб, тайёрлай бошлайди. Иқтидорли болани кўрса борми, юзага чиқаришга киришади, қўлини қўйиб юбормайди, ўз навбатида шогирд ҳам устозининг этагидан ушлаб олади. Устоз ва шогирд ўртасида рисоладагидай муносабат ўрнатади. Уларни зинама- зина, босқичма-босқич юқорига олиб чиқади. Оддийликдан мураккабликка, анъанавий масалалардан  ностандарт масалаларга ўтади. Ўта иқтидорлилари билан алоҳида шуғулланади, уларга мураккаблиги юқори бўлган алгебра, геометрия, сонлар назарияси, комбинаторика, математик мантиққа оид масалаларни ечишнинг илғор усулларини ўргатади.

Айрим шогирдлари ҳақиқатдан кучли, аммо фикрлаши суст, масаланинг ичига секинлик билан, бамайлихотир кириб боради. Бу, айниқса, вақт билан ҳисоб-китоб қиладиган халқаро олимпиадаларда панд бериб қўйиши мумкин. У ўқувчини фикрлашдаги нуқсонни бартараф этиш йўлларига олиб киради. Аввало масаланинг моҳиятини англаб, мантиқан ёндашишни уқтиради. Бир илмоқли масалани ўзагидан ушласа, худди шундай ўнлаб масалани бемалол еча олишига ишонтиради. Ўзиям ишлайди, ўқувчиниям ишлатади.

Бугунги кунда Бахтиёр Абдиев олимпиада масалалари бўйича катта архивга эга. Ҳатто унда халқаро олимпиадалар ташкил этилгандан буён берилган жамики масалалар базаси шаклланган. Шунингдек, бошқа мамлакатлар, айниқса, Россия мактаб ўқувчилари фан олимпиадалари масалаларини тўплаб, умумлаштириб, иш фаолиятида қўлламоқда. Шогирдлари унинг математикага оид юзлаб электрон китобларидан ҳам фойдаланишади.

Интернет билан кўп йиллик мулоқот уни шу йил халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Энг яхши ўқитувчи вебсайти” танловида иштирок этишга ундади. Баҳонада январь ойида  ўзининг “abdiev.uz” вебсайтини очди. Танлов натижаларига кўра кучли ўнталикдан жой эгаллади. Муҳими, вебсайт унга мамлакатдаги бошқа ҳамкасблари билан математик мулоқот қилиш имкониятини яратди. Унинг вебсайти орқали ўқитувчилар ўқув жараёни учун зарур тест саволлари ва жавоблари, математик тадбирларни ташкил этиш тавсиялари, олимпиада масалалари ва уларни ечиш қўлланмалари, фанга оид  таниқли олимлар китоблари, шунингдек, шарқ математиклари ва файласуфлари фаолияти билан танишишлари мумкин. Худди шундай имконият алоҳида бўлимда абитуриентлар учун ҳам яратилган.

Бахтиёр Абдиевнинг вебсайтида “Кун масаласи” бўлими бор. Унда ҳар куни биттадан масала бериб боради. Гоҳ масалаларни манбалардан олса, баъзан ўзи ижод қилади. Эртаси куни масаланинг ечимини бериб, яна янгисини қўяди. Якшанба куни эса вебсайтга ўнта “Ҳафта масаласи”ни жойлаштиради. Бу масалаларни қидириб топиш, яратиш, жойлаштириш, ечиш мияни чархлаб, тафаккур кўламини кенгайтириш билан бирга тўхтамасликка, математика дунёси билан ҳамқадам бўлишга ундайди.

Сайтнинг айрим бўлимларига 500 дан ортиқ киши кириб, муносабат билдирган. Ҳамкасбларини, айниқса, олимпиада масалалари қизиқтираяпти. Кимдир айрим масалаларни ечишга кўмак сўраса, кимдир у ечган масалаларга фикр билдиради. Баъзан у илмоқли масалалар ташлаб, бошқаларнинг бу илмоқни қанчалар англаганини кузатиб боради.

Китобда Бахтиёр Абдиевнинг ҳурмати ниҳоятда катта. Эҳтимол унинг ўқувчиларни олий ўқув юртларига тайёрлаш бўйича форум  ташкил этгани, республика Тест маркази томонидан ўтказилган “Педагогик тестларнинг ижодкор муаллифи” танловида совриндор бўлгани, ўнга яқин дарс ишланмалари методик қўлланма сифатида чоп этилганини кўплар билмас, аммо энг яхши математика ўқитувчиси эканини, у шогирдларини, шогирдлари уни юзага чиқаргани, кашф этганини яхши билишади.

Эндиликда Бахтиёр Абдиев “Ностандарт масалаларни ечиш” мавзуида илмий иш қилиш ва ўқувчиларни олимпиадага тайёрлаш бўйича қўлланма яратиш ниятида. Бу ишда унга ЎзМУнинг математика факультетини битириб, ота изидан бораётган ўғли Орзимурод Абдиев ҳамкор. У айни пайтда отаси билан бирга тумандаги 1-давлат ихтисослашган мактаб интернатида ишлаяпти. Укаси Баҳодир эса ЎзМУнинг математика факультети магистранти.

Айтиш мумкинки, Бахтиёр Абдиев чинакамига бугунги кун ўқитувчиси. У ҳар куни Китобдан туриб интернет орқали математика оламига кириб чиқади, фаннинг чексиз имкониятларини ҳис этади, гўзал ва сеҳрли жиҳатларидан баҳра топади, нимадир олади, нимадир қўшади. Бу гўзаллик ва сеҳрдан шогирдларини ҳам баҳраманд қилади. Ўз тафаккур қобилиятларини ишга солиб, математика тилсимларини ечишга ундайди. Уларга фанни санъат даражасига кўтариб тушунтиради.

Шунинг учун ҳам унинг меҳнати мева бераяпти. Шунинг учун ҳам унинг ҳурмати баланд. Шунинг учун ҳам кўксини “Меҳнат шуҳрати” ордени безаб турибди...

Лола ЎРОҚОВА,

Китоб тумани

Report typo