Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдиолим ЭРГАШЕВ

26.12.2016


МЕҲР БЕРИНГ, ШАФҚАТ КЕРАКМАС БИРИ КАМ ДУНЁ

 

Худо ҳаммани бир хилда соғлом, ақлан етук, руҳан бардам, жисмонан тўкис қилиб яратмаган. Бу ёруғ олам гўзалликларини кўролмайдиганлар, тили бир оғиз сўз айтолмай, қулоғи сеҳрли оҳангларни эшитолмайдиганлар, гоҳ бир, гоҳ икки қўл ёки оёқсиз яшаш тақдирига битилганлар учрайди.

Бу жисмоний қусурларнинг ҳар бири билан яшаш анча қийин, азоб. Аммо худо уларга сабр-тоқат, бардошни мўлроқ бергани, атрофдаги  соғлом, яхши инсонларнинг меҳри туфайли кун ўтказишгина эмас, бахтли яшашда давом этади, ҳаёт машаққатларини собит ирода билан енгади. Ана шу бардош-ирода билан номларини тарих саҳифаларига битишади. Ана шу бардош Замахшарийдек, Рудакийдек даҳоларни етиштирди. Дунё тарихида бундай инсонлар кўп.

Кўпчилик жисмоний қусури борларнинг камини айтмайди, уларни камситмайди, балки руҳий, моддий, маънавий ёрдам беришга интилади, кўмаклашади. Бу халқимизга хос эзгу фазилат, қадрият, меҳру оқибат, бағрикенглик ифодаси. Ана шу меҳру муҳаббат ногиронларга куч-қувват, яшашга умид беради. Мадад бўлади.

ДАВЛАТ ҲИМОЯСИ

Имконияти чекланган шахсларга меҳр-оқибат кўрсатиш истиқлолнинг дастлабки кунларидан давлатимизда устувор масалалардан бирига айланди. Бундай шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш Бош қомусимизда, қонун ва бошқа ҳужжатларда ўзининг ҳуқуқий ифодасини топди. Имконияти чекланганларнинг билим олиши, ҳунар эгаллаши, меҳнат ва ижод қилиши учун  юртимизда барча имкониятлар яратилган. Улар бугун турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда, спорт, санъат, илм-фан ва бошқа йўналишларда ўз қобилиятини намоён этиб, ҳатто юрт довруғини дунёга ёйишга ҳисса қўшишмоқда.

Биргина шу йил Бразилияда бўлиб ўтган XV Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз 31 медални қўлга киритгани, шулардан олтитаси вилоятимиз спортчиларига тегишли эканини эсга олайлик. Мазкур нуфузли мусобақада Фотима Амилова сузиш бўйича бир йўла олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритгани барчамизни хурсанд қилди.

Уларнинг давлатимиз раҳбарияти томонидан эътироф этилиб, муносиб рағбатлантирилгани барчани руҳлантирди, айниқса, имконияти чекланганларга жуда катта руҳий мадад бўлди. Бунга ўзим ногиронларни соғломлаштириш марказида даволаниш вақтида гувоҳ бўлдим. Бу ерда жисмоний қусури бўлса-да, ўзига ишончи юқори бўлган 20 нафардан зиёд ёшларни кўрдим. Икки йигитнинг биттадан қўли, бирининг оёғи кесилган, бошқаларининг оёғи, қўли, бели, елкаси ва бошқа таянч аъзоларида жиддий қусури бор. Аммо ҳаммаси спортнинг бирор тури билан шуғулланмоқда, икки нафари шеър машқ қилар экан. Асосийси, ҳар бири ўзи машғул соҳада ғолиб бўлишига ишонади. Уларнинг бу ишончи албатта юртимизда яратилган шароит ва имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор самараси.

ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАНЛИК ПСИХОЛОГИЯСИ

Ногиронлар дард-аламини, чекаётган азобини соғ одамларга ошкор қилишни истамайди, шикоят қилиш, шафқат сўрашни ёмон кўришади. Шайх  Саъдий Шерозий айтганидек, "Тансиҳатлар билмас яра дардини, Эшитмасин дардимизни бегона".

Соғлом (танаси тўкислар) ногиронга (унинг  нимага қодирлигини билмай) ачиниш, раҳм-шаф-қат билан қараб: "Анови бир қўл экан", "Манови оёқсиз, бечора", "Шўрлик кўр экан" ва ҳоказо  тарзда баҳолаб қўя қолади. Ана шундай ачиниш, раҳм-шафқат билан айтилган сўзлар ногиронлар дилига оғриқ беради. Чунки аксариятининг аччиғи тезроқ, яна кўплари ўзини тани сиҳатлардан айри кўрмаслик кўникмасини ўзлаштирган. Кимдир камчилигини таъна қилмаса, юзига солмаса ёхуд оғир бир вазиятда ўша йўқ (ишламайдиган) аъзо зарур бўлиб қолмаса ёки ўзи каби ногиронга дуч келиб таъсирланмаса, ўзларини соғлом, тўкис деб биладилар.

Шунингдек, соғлом кишиларнинг бирор ногирон қандайдир иш, юмушни уриниб бажараётганида ёрдамга шошилишини, ўзига кўмаклашишини асло ёқтирмайди. Ўшандай дамда ўзларини камситилган деб билади.

"Бошидан ўтмаганнинг қошидан ўтма", деганларидек, ногиронлик 54 йилдан буён қисматим бўлганидан бундай руҳий кечинма, изтиробларни яхши биламан. Масалан, ер ағдараётганимда, юк кўтараётганимда, тугунни ечаётган ёки ип тугаётганимда, овқатга нон тўғрамоқчи бўлганимда, ҳатто бир қўлнинг бармоқларидаги тирноқларни шу қўлнинг бошқа бармоқлари билан олаётганиму соатни тақиб ечаётганим ва ҳоказоларда бу ҳолатларга кўп дуч келганман.

Биламан, менга ўшандай дамда кўмаклашмоқчи бўлганларнинг нияти яхши, астойдил ёрдам бермоқчи бўлишган. Аммо ногиронлик психологияси бу ҳолатларни раҳм-шафқат деб қабул қилган. Чунки имконияти чекланганлар меҳрга ташнаю очиқча раҳм-шафқатни ёқтирмайди. Шукурки, ён-атрофимизда меҳрини дариғ тутмайдиганлар бисёр ва ана шу нарса одамга куч бағишлайди.

ЎНГИ УЗАТСА, ЧАПИ БИЛМАСИН

Ногиронлик - фақат жисмоний камчилиги бор кишиларгина эмас, балки жисмоний, ақлий, руҳий ёки сезги нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга  муҳтож шахсдир.

Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг муҳим йўналишлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб берилган бўлса-да, айрим идора ва ташкилот раҳбарлари ногирон учун иш ўрнини сақлаш ва уларни иш билан таъминлашни қийинчилик билан қабул қилади. "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунда ногиронлар билан тузилган меҳнат  шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, ногиронни унинг розилигисиз  бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилмайди, деб белгилаб қўйилган бўлса-да, бунга амал қилинмаётган муассасалар ҳам бор. Бу борада ногиронга эътибор деб эмас, ҳечқурса, қонун ижроси дея масалага жиддий қаралса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Яна бир нарса. Эътибор берсангиз, байрамлар, турли тадбирларда оммавий ахборот воситалари орқали ногиронлар, ёрдамга муҳтожлар, ёлғиз кексаларга у ёки бу ташкилот, муассасадан уюштирилган (ҳа, айнан уюштирилган) моддий ёрдам ҳақидаги лавҳа кўрсатилаётганида, бир ҳолат негадир малол келади. Ўшанда айрим ҳомийлар қандайдир кўмаги, моддий ёрдамини дастак қилиб, ногирон орқали ўзини кўрсатмоқчи бўлади. Ногирон ё қария тасвирда бир кўринса кўринар, аммо "саховатпеша"лар ўзларини қайта-қайта  намоён этишади, ҳатто оташин нутқ ҳам сўзлашади, доимги ҳотамтой эканидан лоф уришади.

Уларнинг бундан қандай мақсади бор, билмайман. Билганим, халқ минг йиллардан буён айтиб келаётган бир ҳикмат: "Ўнг қўл берганини чапи билмасин" ёки "Ўзинг бил, Ўзи билсин".

Шундай экан, ниятимиз эзгулик бўлсин, меҳр-оқибат умримизни безаб турсин. Дардманд кўнгилларга дармон бўлиб, ҳаёт дарсларидан сабоқ чиқариб яшайлик.

Абдиолим ЭРГАШЕВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, 2-гуруҳ ногирони

 

Report typo