Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

18.06.2019


МФЙ: ҲАР БИР РАИС ЕТАКЧИГА АЙЛАНИШИ ШАРТ

Албатта, аҳоли уларга ишонч билдиришда ибратли ишлари, ҳаётда тўплаган бой тажрибаси, етакчилик қобилиятини  инобатга олди. Ваҳоланки, бугунги тараққиёт, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар шиддати, соҳа ривожи йўлида учраб турган муаммолар ва уларнинг ечимларини топиш маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан юксак билимни ҳам талаб этади. Шу ўринда уларнинг фаолият соҳасига оид қабул қилинган қонун ва турли ҳужжатлар, ваколати доираси ҳақида хабардор этиб бориш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Ана шулардан келиб чиқиб оқсоқолларга амалий кўмак бериш, ижтимоий-сиёсий билими, раҳбарлик кўникма ва малакаларини ошириш, асосийси, одамлар билан ишлашга ўргатиш мақсадида 88 соатлик ўқув ташкил этилмоқда.

Режага  мувофиқ июнь-июль ойларида ўтиши белгиланган ўқувлар вилоятимизнинг 6 та ҳудудида ташкил этилмоқда. Ва барча ўзини ўзи бошқариш органлари раисларини қамраб олади.

- Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги  Давлат  бошқаруви  академиясида  фуқаролар  йиғинлари  раисларининг малакасини  ошириш  бўйича  ўтказилган ўқув-семинарда иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини оширган мутасаддилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар ёрдамида 16 йўналишда олиб борилмоқда, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Қурбон Сариқов. - Айниқса, бу галги ўқувлар дастур ва режалари ўзини ўзи бошқариш органлари ҳақиқий ҳаёт тарзига мос равишда тузилганлиги билан   тингловчиларда катта қизиқиш  уйғотмоқда.

Ўқув жараёнида йиғин ишини намунали ташкил этиш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясида самарадорликка эришиш, маҳаллаларда маънавий муҳит  барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, диний ақидапарастлик, гиёҳвандлик, одам савдоси сингари ҳолатларнинг олдини олиш борасида маърузалар ўқилаяпти, суҳбат, семинар-тренинг ва савол-жавоблар ўтказилаяпти.

- Шунингдек, машғулотларда фуқаролар йиғинлари раисларининг раҳбарлик маҳорати ва муомала маданияти, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ва кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлашда маҳалланинг ваколати ва бошқа қатор вазифалар юзасидан ҳам фикр алмашилаяпти, - дейди Косон туманидаги Жиззалик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Инобат Аслонова. -  "Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она" ҳикматининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, "Ўз болангни ўзинг асра!" деган даъватни амалий ҳаракатга айлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Фуқаролар йиғинлари раислари ўқуви давом этмоқда. Унинг самараси эса яқин фурсатларда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлади, деган умиддамиз.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Муаллиф олган сурат.

Report typo