Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • МИБ штат бирликлари қисқариши ортидан Қашқадарёда 426 ходим ишсиз қолди

18.09.2020


МИБ штат бирликлари қисқариши ортидан Қашқадарёда 426 ходим ишсиз қолди

Хабарингиз бор, Президентнинг 2020 йил 18 июндаги “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Мажбурий ижро бюросининг энергия ресурслари ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасидаги ундирув ва бошқа вазифа-функциялари тегишлича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ташкилотларига ўтказилди.

Натижада тизимда ишлаган айрим ходимлар ишсиз қолди. Бюронинг Муборак ва Миришкор туман бўлимларида ишлаб, бугун бекор юрган ходимлар ўзлари билан якуний ҳисоб-китоб қилинмагани, компенсация тўлаб берилмагани юзасидан kun.uz таҳририятига мурожаат қилишган.

Собиқ ходимларнинг айтишича, улар қор-ёмғирли, жазирама кунларда, ҳатто пандемия даврида ҳам уйма-уй юриб ишлашган, шанба ва якшанба кунлари, кези келганда ярим тунгача ишда бўлишган. Бугун эса уларнинг бандлигини таъминлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ушбу ҳолатга берилган изоҳда айтилишича, бошқарма тизимида 426 та штат бирлиги қисқарган. Уларга 1 миллиард 49 миллион сўмлик компенсация пуллари тўлиқ тўлаб берилган.

Жумладан, МИБ Муборак тумани бўлимининг 11 нафар собиқ ходимига 26 миллион 647 минг сўм ҳамда Миришкор тумани бўлимининг 18 нафар собиқ ходимига 39 миллион 694 минг сўм компенсация пуллари тўланган.

Айтиш лозимки, 426 нафар собиқ ходимга фойдаланилмаган меҳнат таътили учун ҳисобланган якуний ҳисоб-китоб 4 миллиард 414 миллион 682 минг сўмни ташкил этиб, тўловлар навбатдаги босқичда амалга оширилади.

Шу вақтгача эса бошқарма собиқ ходимларининг 120 нафарини ишга жойлаштириш масаласи ҳал қилинган. Улардан 51 нафари таъминотчи корхоналарга, 69 нафари бошқа ташкилотларда ўз фаолиятини бошлаган.

Report typo