Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

21.08.2020


МОДЕРНИЗАЦИЯ ЭКСПОРТ ОШИШИ УЧУН ЗАМИН ЯРАТАДИ

Қарор ва шарҳ

"Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш" лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 2025 йилга бориб юртимизда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти натура ҳолатида қарийб 5,6 миллион тоннага етиши, валюта ҳисобида эса қарийб 4,9 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Ушбу рақамларни ўтган йилги тегишли кўрсаткичлар (1,4 миллион тонна ва 1,2 миллион доллар) билан солиштирсак, яқин 6 йил ичида Ўзбекистонда мева-сабзавотлар экспорти ҳажми роппа-роса 4 бараварга ўсиши прогноз қилинаётгани аён бўлади.

Нисбатан қисқа муддатда аграр соҳадаги бундай юксалишга ниманинг ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда? Бу саволга мамлакат Президентининг  "Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қароридан жавоб топиш мумкин.

Соҳада юқори қўшилган қиймат занжири яратилади

Шу йил 11 август куни қабул қилинган бу қарорнинг асосий мақсадларидан бири қишлоқ хўжалигида қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратишдан иборат. Шунингдек, мазкур ҳужжат аграр тармоқ билан боғлиқ бўлган илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, соҳага  жаҳон тажрибаси асосида билим, инновациялар ва агрохизматлар тизимини кенг жорий этиш ҳамда кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Қарорда қайд этилишича, "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш" лойиҳасининг умумий қиймати 659,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, унинг асосий қисмини Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи молиявий ташкилотлар - Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ва Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан мамлакатимизга 30 йил муддатга ажратилаётган қарз (181 миллион доллар) ва кредитлар (100 миллион ва 219 миллион доллар) ташкил қилади. Ўзбекистоннинг мазкур лойиҳа умумий қийматидаги улуши 159,3 миллион долларга баҳоланмоқда. Шундан солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш 124,3 миллион доллардан иборат, қолган 35 миллион доллар лойиҳа иштирокчилари, яъни бенефициарлар - лойиҳа амалга ошишидан бевосита фойда кўрадиган шахсларнинг улуши саналади.

500 миллион доллар нималарга сарфланади?

Жаҳон банки берадиган 500 миллион доллар ва иштирокчиларнинг ўз маблағлари нималарга сарфланар эканки, лойиҳа амалга ошириладиган олти йил ичида агар секторда туб бурилиш рўй бериб, оламшумул натижаларга эришилса?

Қарорда лойиҳа доирасида молиялаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Улардан бири, масалан, қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратишга инвестиция киритишни назарда тутса, яна биттаси доирасида тармоқни рақамлаштириш, статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли ва шаффоф усулларини жорий этишга сармоя йўналтириш режалаштирилган. Айни пайтда лойиҳани молиялаштиришда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва маҳсулотларни етиштиришда "Даладан истеъмолгача" тамойили асосида сифат назоратини кучайтириш, агрологистика, йўл ва бошқа зарур инфратузилмани яратиш жараёнларини қамраб олиб, экспортни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини диверсификациялаш, тармоқда давлат иштирокини камайтириш, кооперация тизимини ривожлантириш, ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланиш, соҳага бошқарувнинг замонавий тизимларини жорий этиш, хизмат кўрсатиш сервисини такомиллаштириш каби йўналишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Интенсив боғ ва токзорлар ташкил этишга катта маблағ ажратилади

Умуман олганда, "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш" лойиҳаси тўртта компонент, яъни таркибий қисмдан иборат. Улардан биринчиси "Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш дастурларини қўллаб-қувватлаш" деб номланган бўлиб, унинг доирасида соҳадаги амалий тадқиқотлар ва ишланмалар, уруғ ва кўчат етиштириш, табиий ресурсларни бошқаришни яхшилаш ва технологияларни жорий этишда фермерларга ҳар томонлама кўмаклашишга умумий ҳисобда 212,8 миллион доллар сарфлаш мўлжалланмоқда.

Иккинчи компонент - "Мева-сабзавотчилик тармоғида қиймат занжирига инвестицияларни қўллаб-қувватлаш" доирасида унинг номига мос равишда фермерлар кооперативлари ва кооперациялари учун 50 миллион доллар ҳамда самарали ҳамкорлик учун 150 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратилиши назарда тутилган. Бунда маблағ фақат интенсив боғ ва токзорлар яратиш, маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш, ташиш ҳамда энергия тежайдиган суғориш тизимлари ва очиқ майдонларда сув тежовчи, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилишга берилади.

Лойиҳанинг учинчи таркибий қисми "Савдо ва маркетингга кўмаклашиш" деб аталади ва мазкур компонент бўйича юртимизда агрологистика марказларини қуриш, ўсимликлар ҳимояси ва карантинини кучайтириш, бозор ахборот тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ тадбирларга 77,5 миллион доллар йўналтирилади. Тўртинчи компонент - "Лойиҳани бошқариш"га     9 миллион доллар сарфланади.

"Йўл харитаси" бутун мамлакатни қамраб олади

Лойиҳани амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" ҳам тасдиқланиб, унга қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилишга қаратилган асосий чора-тадбирлар ва уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари киритилган. Масалан, энг кўп маблағ талаб қиладиган янгиликлардан бири мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларини мувофиқлаштириш марказининг ташкил этилиши билан боғлиқ. Академик   М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида фаолият юритадиган бу янги марказ жаҳон стандартларига мос бўлиб, етакчи давлатларнинг илмий марказлари ва институтлари андозасида тузилади. Унга республикамиздаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик, шоличилик, сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтлари ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги яна кўплаб шу каби муассасалар жойлаштирилади. Уларнинг бино ва ер майдонлари эса мазкур илмий-тадқиқот институтларининг тажриба ва ишлаб чиқариш базаларига айлантирилади. Янги марказда биотехнология, интенсив мева-сабзавотчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, сув тежовчи технологиялар, агромаркетинг бўлимларидан  ташқари, замонавий юқори технологияли лаборатория, йўналишлар бўйича демонстрация майдончалари (ёпиқ ва очиқ усулда), хорижий ва маҳаллий ўсимликлар флораси миллий генбанки, Horticulture (боғдорчилик) ва стратегик таҳлил марказларини ҳам ташкил этиш режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини қамраб олган Республика агрохизматлар маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса ҳудудий агрохизматлар марказларини очиш, ҳудудларда янги механизм асосида интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш, Бухоро ва Хоразм вилоятларида агрологистика комплексларини ташкил қилиш ва яна бир қатор муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Қашқадарёда ҳам валюта тушуми кўпаяди...ми?

Лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши натижасида мамлакат миқёсида 12 мингта фермер хўжалигига қарашли 35 минг гектар майдонда янги қишлоқ хўжалиги технологиялари жорий этилиб, шу жумладан, 7 минг гектарда интенсив боғлар, 100 гектарда иссиқхонлар барпо қилинади. Айни вақтда қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси такомиллаштирилиб, 40 минг тонна қувватга эга музлаткичли омборхоналар, 60 минг тонна мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналари, 2 та агрологистика комплекси фаолияти йўлга қўйилади. Соҳадаги янги тадқиқот ва ишланмалар 50 фоизга ортади, 10 минг гектарда агротехнологик хариталар янгиланади.

"Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш" лойиҳаси доирасида вилоятимизда ҳам мева-сабзавотлар экспорти ҳажми сезиларли даражада кўпайиб, 2021 йилда 62 минг тонна ва 97 миллион долларни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Кейинги йилларда ҳам ушбу жабҳада ҳар йили тахминан 20-21 фоизлик ўсиш кузатилиб, мева-сабзавотлар экспорти ҳар йили натура ҳолатида 13-23 минг тоннага, валюта тушуми ҳисобида эса 20-36 миллион долларга ошиши кутилаяпти. 2025 йилга бориб эса Қашқадарёда мазкур кўрсаткич салмоғи 2019 йилдаги билан солиштирганда яна 2,5 баравар ортиб, 133 минг тонна ва 208 миллион долларга етиши мўлжалланган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, статистика маълумотларига кўра, ўтган йили вилоятимизда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми 2018 йилга нисбатан 3,5 баравар кўпайиб, 79,7 миллион долларни ташкил этган. Шу йилнинг олти ойи якуни бўйича эса мазкур кўрсаткич ҳатто  22 миллион долларга ҳам етмай, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 42,6 фоизга камайган.

Темур НИЗОМОВ

 

 

Report typo