Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

З.ЖАББОРОВ

25.10.2018


МОЛИЯВИЙ ФАОЛИЯТГА ҲАҚҚОНИЙ БАҲОНИ КИМ БЕРАДИ?

Буни қандай омиллар билан изоҳлаш мумкин? Аввало айни пайтда аудиторлик ташкилотларига ишонч даражаси паст. Шунингдек, аудиторлик текширувига молиявий ҳисобот ҳаққонийлигини тасдиқлаш кафолати эмас, балки ортиқча ва малол келадиган маъмурий тартиб-таомил сифатида қаралиши ҳам бор гап. Иккинчидан, аудиторлик ташкилотларини танлаб олиш бўйича мавжуд чекловлар ва танловлар ўтказиш амалиёти кўп ҳолларда инсофсиз рақобатни келтириб чиқаради. Оқибатда аудиторлик хизматлари сифати ва аудиторлик хулосаларининг ҳаққонийлиги пасаймоқда.

Аудиторларни махсус тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг амалдаги тизими ҳам юзаки тусга эга бўлиб, профессионал тайёргарликнинг ва аудиторлик хизматлари сифатининг зарурий даражасини, шу жумладан, аудиторлик фаолиятининг халқаро стандартларига мослигини таъминламаяпти, бу эса аудитор касби нуфузининг пасайишига олиб келмоқда. Яна бир томони, хорижий инвесторларда маҳаллий корхоналар молиявий ҳисоботларининг ҳаққонийлигини тушуниш кўникмаси шаклланмаган. Негаки аудиторлик фаолиятининг миллий стандартлари умумэътироф этилган халқаро аудит стандартларига тўлиқ мос эмас.

Барча соҳаларда бўлгани каби, мамлакатимизда бу жабҳа равнақига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 19 сентябрида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани фикримиз тасдиғидир. Қарорда аудиторлик фаолияти ривожи ва аудиторлик хизматларининг аҳамияти ошишига тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар келтириб ўтилган. Ўз навбатида ушбу фаолиятни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун қатор устувор йўналишларда иш олиб бориш зарурлиги белгилаб берилди. Улардан баъзиларига тўхталсак.

Айтиш жоизки, бугунги кунда аудиторлик фаолиятини тартибга солувчи мукаммал тизим мавжуд эмас. Соҳага халқаро стандартларни жорий этиш ҳолатини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Албатта, бу аудиторлик хизматлари сифатини оширишга йўл бермайди. Мазкур ҳужжатга асосан, бу борада муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилди. Давлатимиз раҳбари қарорида юртимиздаги аудиторлик ташкилотларининг халқаро аудиторлик тармоқларига интеграциялашувини кучайтириш масаласига ҳам аҳамият қаратилди.

Шу билан бирга, қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб янги тартиб ўрнатилмоқда. Тижорат ташкилоти ўз номида “аудиторлик ташкилоти” сўзларидан қачон фойдаланишга ҳақли бўлмаслиги аниқлаштирилди. Агар у ҳақдаги ахборот Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига киритилган санадан бошлаб уч ой давомида аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган аудиторлик ташкилотлари реестрига киритилмаган бўлса, бундай имкониятдан мосуво бўлади. Лицензиатга берилган тегишли лицензия унинг барча турдаги аудиторлик текширувларини ўтказа олиши учун кифоя қилади. Шунингдек, аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи бўлган аудиторларнинг энг кам сони камида тўрт нафар штатдаги аудитордан иборат бўлиши белгиланди. Айнан битта хўжалик юритувчи субъектнинг аудиторлик текшируви кетма-кет етти йилдан ортиқ бўлмаган муддатда ўтказилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, 2019 йил 1 январдан аудиторлик ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдорига доир, аудиторлик ташкилотлари раҳбарларининг аттестациядан ўтиши бўйича талаблар бекор қилинди. Қолаверса, илгари устав капиталида давлат акциялари (улушлари) тўплами 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналарда ташқи аудитни ўтказиш учун аудиторлик ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат ичидан танлов асосида танлаб олинарди. Энди эса бундай бўлмайди, боиси тегишли талаб ўз кучини йўқотди.  Бу эса аудиторлик ташкилотлари ўртасида ҳалол рақобат муҳити шаклланишига туртки беради.

2020 йил 1 январдан эътиборан айрим тоифадаги тижорат ташкилотларининг мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши белгиланди. Бунинг учун ушбу ташкилот ҳисобот йили якуни бўйича қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасига жавоб берса бўлгани. Хусусан, активларнинг баланс қиймати энг кам иш ҳақининг 100 минг баробар миқдоридан ортиқ бўлса, маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушум энг кам иш ҳақининг 200 минг баробар миқдоридан ортиқ бўлса, ходимларнинг ўртача йиллик сони 100 кишидан ортиқ бўлса.

Турган гапки, бу енгиллик ҳам соҳа ривожини жадаллаштиради, ҳисоб юритиш жабҳасида ҳаққонийлик таъминланишига хизмат қилади. Ўз навбатида қарор билан аудиторлик ташкилотларига ҳам талаб қўйилмоқда. Яъни улар ўз аудиторлик фаолиятини фақат Халқаро бухгалтерлар федерацияси томонидан нашр этиладиган халқаро аудит стандартлари асосида амалга ошириши шарт.

Мазкур ҳужжатга кўра, илгари кузатилмаган бир қатор илғор таклифлар маъқулланди. Аниқроқ айтсак, бу малака сертификати билан боғлиқ. Эндиликда аудиторга бу сертификат дастлаб 5 йиллик муддатга берилади. Навбатдаги муддат эса 10 йилга узайтирилади ва ундан кейин аудитор малака сертификати муддатсиз даврга амал қилади. Бундан ташқари, сертификатни олишда айрим ҳолатда имтиёз ҳам тақдим этилади. Жумладан, халқаро бухгалтер сертификати мавжуд бўлганда аудитор малака сертификатини бериш ва амал қилиш муддатини узайтириш амалга оширилади. Шунингдек, 10 йилдан кам бўлмаган узлуксиз аудитор иш стажи мавжуд бўлганда, аудитор малака сертификати амал қилиши малака имтиҳони топширмасдан муддатсиз даврга узайтирилиши мумкин. Қолаверса, бухгалтерия ҳисоби ва аудит мутахассисликлари бўйича магистр дипломига эга бўлган аудитор малака сертификатини олишга талабгорлар учун аудиторлик ташкилотида 1 йилдан кам бўлмаган амалий иш стажига эга бўлиш талаби ўрнатилди.

Ишончимиз комилки, ушбу қарорнинг амалда бажарилиши аудиторлик фаолиятини ва аудиторлик хизматлари бозорини янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий фаолиятини яхшилашга ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг равнақига хизмат қилади.

З.ЖАББОРОВ,

профессионал бухгалтер, “Audit hisob  markazi”  аудиторлик ташкилоти бош аудитори

Report typo