Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

19.05.2020


МОЖАРОГА САБАБ БЎЛАЁТГАН ЧОЙХОНА АСЛИДА КИМНИКИ?

Шу йилнинг 12 май куни facebook ижтимоий тармоғида ўзини Қарши тумани Нуқработ қишлоғида истиқомат қилувчи Қурбонов Фахриддин Фарҳодович деб таништирган киши Ўзбекистон Республикаси Президентига видеомурожаат йўллаб, марҳум отаси Фарҳод Қурбоновга тегишли чойхона биносини бошқа фуқаролар ноқонуний равишда эгаллаб олгани, унинг ўн йилдан ошиқ вақт давомида турли идораларга, жумладан, суд органларига қилган мурожаатларидан фойда бўлмаётганини айтиб, Президентдан ёрдам сўрайди.

Ушбу видеомурожаат бўйича Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси муносабат билдирди.

Унда айтилишича, фуқаро Фахриддин Қурбонов мурожаатидаги  чойхона биноси муқаддам Қарши тумани собиқ "Ўзбекистон Мустақиллиги" жамоа хўжалигининг мулки бўлган. Хўжалик бошқарув аъзоларининг 1996 йил 27 февралдаги қарори билан ҳамда 1996 йил 20 июлдаги юк хатига асосан у марҳум Фарҳод Қурбоновнинг номида бўлган "Фарҳод" фирмасига сотилган.

Қарши тумани ҳокимининг 2014 йил 29 ноябрдаги Х-1029/11-сонли қарорига асосан Қарши туман "ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри" ДК томонидан  2015 йил 8 январда мазкур чойхона ер майдони 333-сонли ҳамда бино ва иншоотлари 333-сонли рақам билан рўйхатга олинган. Ер майдонига ҚА 0004336-сонли, бино-иншоотга ҚА 0005407-сонли гувоҳнома берилган.

Аммо фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2015 йил 29 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан Қарши тумани ҳокимининг 2014 йил 29 ноябрдаги Х-1029/11-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган ва бекор қилинган.

Боиси, Қарши тумани собиқ "Ўзбекистон Мустақиллиги" жамоа хўжалиги бошқарув аъзоларининг 1996 йил  27 февралдаги 2/9-А-сонли қарорида "ушбу қарорнинг тасдиғи Қарши туман давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш бошқармасидан сўралсин" дейилган бўлса-да, лекин хусусийлаштириш бошқармасига мурожаат қилинмаган ва бино жамоа хўжалик бошқарув аъзолари томонидан қонунга зид равишда сотилган.

Суднинг 2017 йил 17 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, фуқаро Фахриддин Қурбоновнинг мансабдор шахснинг ғайриқонуний хатти-ҳаракати устидан келтирилган шикоят аризаси асоссиз бўлганлиги учун қаноатлантириш рад этилган, дейилади қўмита муносабатида.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo