Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Назирилла МАҲМУДОВ

08.06.2017


МУҲАНДИСЛИК ТАФАККУРИ - ХАЛҚ ХЎЖАЛИГИ ТАРАҚҚИЁТИДА МУҲИМ ОМИЛ

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида замонавий инженер кадрлар тайёрлаш бўйича мутахассислик ва йўналишлар тизимини такомиллаштириш, унинг моддий-техника базаси ва профессор-ўқитувчилар салоҳиятини оширишга доир аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур, дея қайд этганди давлатимиз раҳбари.

Аҳамиятлиси, ушбу мақсадлар рўёбига қаратилган саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топди.  Мазкур қарор жуда ўринли дастурий ҳужжат бўлиб, ўз мазмун-моҳиятига кўра олий таълим тизимини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриш, халқаро стандартлар  даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш ва илмий салоҳиятни оширишдек ўта муҳим ва долзарб вазифаларни ўз ичига олади.

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг қарорида олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

 Шу нуқтаи назардан ёндашилиб, институтимизда олий маълумотли мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли параметрларини шакллантириш, истиқболда минтақалар ва иқтисодиёт тармоқларини комплекс ривожлантириш, илмий салоҳиятни таъминлаш учун зарур янги таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш, таянч докторантура (HhD) ва докторантура ихтисосликлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда бошқа қатор вазифалар белгиланган.

Эътиборлиси, олийгоҳимизда шу пайтга қадар бакалавриат ҳамда магистратура йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаб келинган бўлса, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори асосида қабул қилинган дастурга кўра, 2017-2021 йилларда 6 та бакалавриат ҳамда 9 та магистратура бўйича янги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар очилиши режалаштирилган. Аниқроғи, ушбу дастурга мувофиқ олийгоҳимизда 2017 йилда 2 та (“Иқтисодиёт”, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бирламчи қайта ишлаш ва сақлаш технологияси”) магистратура мутахассислиги ҳамда 2017-2021 йилларда 3 та (“Газ ва нефть маҳсулотларини қайта ишлаш саноати объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш”, “Нефть ва нефть-газни қайта ишлаш технологияси” ҳамда “Нефть-газ ва кимё саноати технологияси”) таълим йўналишини очиш белгиланган. Шунингдек, магистратура мутахассислиги (“Нефть-газ маҳсулотларини қайта ишлаш ва кимё технологияси”) талабаларини ўқитиш учун “Нефть ва газ маҳсулотларини қайта ишлаш” кафедрасини ташкил этиш ҳамда “Муқобил энергия манбалари” мавжуд таълим йўналиши ва янги очиладиган 1 та (“Гидроэлектрстанциялар ва муқобил энергия манбалари”) магистратура мутахассислиги учун “Энергетика” факультетида “Муқобил энергия манбалари” кафедрасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Айни кезда янгидан очиладиган бакалавриат ҳамда магистратура йўналишлари учун намунавий ўқув-режалари асосида ўқитиладиган фанларнинг ишчи дастурлари ва меъёрий ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек, янги таълим йўналишлари учун зарурий дарслик, ўқув қўлланмалари, лаборатория фанлари бўйича услубий таъминот яратиш, институт ўқув-лаборатория базасини модернизация қилиш борасида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Қарорда қайд этилганидек, ҳар бир олий таълим  муассасаси ўз тизимини янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаларини кенг жорий қилиш, ўқув-педагогик фаолиятга, мастер-класслар ўтказишга, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори    малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб этиш, уларнинг базасида тизимли асосда республикамиз олий таълим муассасаларига магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш талаб этилади.

Шунга кўра, дунёдаги кўплаб турдош чет эл олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришни мақсад қилиб қўйганмиз. Хусусан, жорий йилда Гамбург (Германия) техника университети ҳамда В.П. Горячкина номидаги Москва давлат қишлоқ хўжалиги университети билан олийгоҳимиз профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчиларининг малака алмашинувлари учун ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Ушбу хорижий университетларга малака ошириш учун 8 нафар, стажировка ўташга 1 нафар, докторантурага 1 нафар ҳамда магистратурага 1 нафар, олийгоҳимиздан жами 11 нафар профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчини юбориш мўлжалланган.

Қарор мазмун-моҳияти ва талабларидан келиб чиққан ҳолда келгусида институтимизда талабалар контингентининг ортишини ҳисобга олиб, янги ўқув ўринларини ташкил этиш, талабалар турар жойлари ва ўқув корпусларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, шунингдек,  замонавий ахборот-коммуникацион технологиялар билан жиҳозлаш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилади. Жумладан, 2017-2021 йиллар мобайнида олийгоҳимизда 2000 ўқув ўрнига мўлжалланган 1 та янги ўқув корпуси қуриб фойдаланишга топширилади, 1750 ўқув ўринли 2 та ўқув корпуси ҳамда 313 ўринли 2 та талабалар турар жойи капитал таъмирланади. Шунинг баробарида, фаолият дастуримиздан яна янги ўқув-илмий  лаборатория бинолари, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектлари қурилиши, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳам  режалаштирилган.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинган. Бунинг замирида, албатта, халқ билан мулоқотнинг ҳаётга самарали механизмларини жорий қилиш, бу орқали одамларни ўйлантираётган турли масала ва муаммоларни ҳал этишдек эзгу мақсад ётади. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги кўрсатмалари ижросини таъмин этиш учун олийгоҳимизда ҳам “Ректор қабулхонаси” ташкил этилган. Бу эса ота-оналар ва талабалар томонидан бизга билдирилаётган талаб ҳамда истакларнинг тўғридан-тўғри баён этилиши ва юзага келган муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига қулайлик яратмоқда.

Якуний фикр сифатида эса муҳтарам Президентимизнинг фармон ва қарорлари асосида амалга оширилаётган барча ўзгаришлар замирида ягона мақсад, у ҳам бўлса юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва тараққиёти, инсон манфаатлари ётганини таъкидлашни истардим.

Назирилла МАҲМУДОВ Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори

Report typo