Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

18.01.2019


МУҚАННА ҚАЛЪАСИНИ ИЗЛАБ...

Муқанна бошчилигидаги "оқ кийимлилар" билан боғлиқ воқеаларнинг юз берганига 1200 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Ўтган йиллар мобайнида Муқанна ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ воқеалар араб ва мовароуннаҳрлик кўпгина муаррихлар, алломаю шоирлар асарларида ўз ифодасини топди. Бу ҳақида ижод аҳли ҳам қатор достон, бадиий, драматик асарлар ёзишди ва ёзишда давом этмоқда.

Аммо тарихчилар ва археологлар ўртасида узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган баҳсли бир масала борки, у ҳам бўлса, Муқанна ўзига қароргоҳ қилиб олган Сом тоғидаги қалъа жўғрофий жиҳатдан ҳозир қайси ҳудудда жойлашганидир. Бу тоғ тарихий манбаларда Сом, Сийом, Синам тарзида ёзилган.

Араб тарихчиси ибн Хавқал Х асрда Кеш воҳасининг бутун ҳудуди 16 та рустоқ - аҳоли манзилгоҳидан ташкил топгани ҳақида ёзган. Улар орасида Сийом (Санам) рустоқи ҳам бор. Унинг айнан қаерда жойлашгани ҳамон аниқланмаган. Кўпгина муаллифлар Қашқадарёни, баъзилари Оқсув дарёсини Сийом ёки Синам тоғларидан оқиб келади, деб ҳисоблайди. Тўғри, бу тоғ Ҳисор тоғларининг шимоли-ғарбий, вилоятимизга қарашли қисми, албатта. Шундан келиб чиқиб, баъзи тарихчи олимлар Сийом рустоқининг ўрни Оқсув, Танхоз, Қизилдарё ва Тирнасой дарёлари бошланадиган тоғли ҳудудларда жойлашган, деган фикрни билдиришган. Унинг ўрнини тўғри аниқлаш Муқанна бошчилик қилган арабларга қарши исён тарихини ойдинлаштиришга хизмат қилади.

Шуни ҳам айтиш лозимки, Муқанна қалъаси ўрни ҳозир қайси жойга тўғри келиши ҳақида ўз қарашлари, нуқтаи назарини билдирганлар ҳам бор. Улардан бири Мирза Салимбек Муҳаммад Раҳим (1850-1930)дир. Бухоро амирлигининг йирик амалдорларидан бири бўлган Мирза Салимбек 1883 йилда Яккабоғ беги этиб тайинланади ва  бу вазифада бир неча йил ишлайди. Салимбек беклиги даврида Яккабоғнинг тоғли ҳудудлари - Қалъаи Шерон, Тошқўрғон ва Амир Темур ғорини бориб кўради. Бек саёҳати даврида Қалъаи Шерон ("Шерлар қалъаси") билан танишар экан, бу жойнинг табиий шароити диққатини   тортади ва "Тарихи Салимий" асарида уни ан-Наршахий келтирган маълумотлар билан солиштириб, Муқанна шу жойни ўзига қароргоҳ қилган, деб ёзади.

Таниқли тарихчи Поён Равшанов эса бошқача фикрда. Муаллифнинг "Қашқадарё тарихи" асаридан қуйидаги иқтибосни келтирамиз: "...Муқанна Қашқа воҳасига келган дастлабки пайтида  ўзи учун қароргоҳ сифатида Ҳисор тизма тоғининг Кеш билан Самарқанд оралиғида тушган (қарияларнинг айтишича, то яқинларга қадар Кеш-Самарқанд йўли шу қалъа ёнидан ўтган) довонда жой қилган. Ва ниҳоят, араблар билан олиб борган жангларининг охирги йилларида ҳам шу қалъадан бошпана топган".

Китоблик Аҳад Бердиев асли муҳандис бўлса ҳам, тарихга жуда қизиқувчи, ўтмиш воқеаларини теран мушоҳада қилувчи, ўз шахсий фикр-мулоҳазаларини дадил айтувчи инсон ҳисобланади. Тарихий мавзуларда бир неча китоблар ёзиб, чоп эттирган. "Авлодлар кўприги" асарида Муқанна қалъаси қаерда бўлганлиги ҳақида ўз қарашларини баён этган. Унинг фикрича, Сом тоғи ва унда Муқанна ўзи қароргоҳ қилиб олган жой ҳозирги Китоб тумани ҳудудидаги Ҳазрат Султон чўққисидир.

Асосан назмда ижод қиладиган, кейинги пайтларда тарихий мавзуларда ҳам қалам тебратаётган Фазлиддин Воҳидовнинг ҳам бу масалада ўз нуқтаи назари бор. "Кўнглимнинг тасалли маскани" асарида Муқанна билан боғлиқ воқеаларга салмоқли саҳифалар ажратиб, у бошпана топган қалъани ҳам четлаб ўтмаган. Унинг фикр-далиллари бошқаларникидан тубдан фарқ қилади: "Шаҳрисабз шаҳрининг шарқ тарафида Ҳисор тоғлари бағридаги Ҳисорак қишлоғининг шимоли-шарқий томонида Ҳазрат Султон чўққиси тарафига йўналган бир тоғ бор. Тоғнинг шимолида баланд қояда жойлашган қалъасимон жой ва унга оғзи кенгайиб туташган ғор мавжуд. Ғор қояга тоғнинг жанубий қисмидан келиб туташган. Қоя ва ғорнинг кўриниши антик даврдаги Сўғд қалъасига берилган таърифларга жуда ўхшаб кетади. Тоғнинг усти текис бўлиб, лалми деҳқончиликка мосдир. Тоғнинг шимолий қисмидан Оқдарё оқиб ўтади. Маҳаллий аҳоли бу ғорни Муқанна ғори деб атайди. Ушбу қоянинг табиий жойлашуви, оқар сув ва тепа қисмидаги деҳқончилик учун мос ернинг мавжудлиги Наршахийнинг Муқанна қалъасига берган таърифига ниҳоятда мос келади.

Муқанна қалъаси жойлашган тоғ ёнидаги Ҳисорак қишлоғи номи кичик қалъа деган маънони англатади. Бундай аталишига сабаб қишлоқнинг катта қалъа бўлган Муқанна қалъаси ёнида жойлашганига ишора бўлиши мумкин".

Муқанна ҳисорини аниқлаш учун ўтмишнинг заҳматкаш тадқиқотчилари - археологлар айниқса кўп изланиш  олиб бормоқда. 1975 йилда собиқ ТошДУ археология кафедраси олимлари томонидан Яккабоғ тумани ҳудудида археологик қидирув ишлари олиб борилиб, Эски Яккабоғ шаҳарчасидан то Тотор қишлоғигача бўлган масофада турли даврларга оид 60 дан ортиқ археологик ёдгорлик рўйхатга олинди. Улар сафида кейинчалик таниқли археологлар бўлиб етишган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари Э.Ртвеладзе ва  А.Сагдуллаев ҳам бор эди.

Археологик экспедиция аъзолари Ҳисор тоғларида, Майданак яқинида VII-IX асрларга оид қалъани ҳам кўздан кечиришди ва Муқанна мана шундай қалъалардан бирида яшаганлиги тўғрисидаги илмий фаразни илгари суришди.

Бундан уч-тўрт йил олдин икки археолог олим - К.Абдуллаев ва Н.Хушвақтов Муқанна қалъасини топиш учун Ҳисор тоғларига махсус экспедиция уюштирдилар. Изланишлар давомида улар ҳозирги Қамаши туманининг Қизилтом ва Яккабоғ туманининг Тутак қишлоқлари оралиғида тошлардан кўтарилган девор қолдиқларига дуч келишди. Бу ердан битта сопол парчаси ҳам топилди. Шунга кўра, улар бу жойни Муқанна ва унинг тарафдорлари яшаган маскан (қалъа) деган хулосага келишди.

Аммо уларнинг даъвосига ЎзФА Я.Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институтида фаолият кўрсатиб келаётган.  таниқли археолог Абдисабур Раимқулов қўшилмади. Унинг фикрича, икки тадқиқотчи кўрсатган жой денгиз сатҳидан 2884 метр баландликда (Тахтиқорача довони баландлиги 1800 метр). Бу ҳудуд ҳатто май ойида ҳам тўла қор билан қопланган бўлади. Ўзининг топографик хусусиятларига кўра, ан-Наршахий ёзган "Бухоро тарихи" асарининг "Муқаннанинг хуружи ва унинг тобелари оқ кийимлилар" бобида айтилган белгилар - оқар сув, дарахтлар ва экин ерлари мавжуд бўлганлигига ишониш қийин. Бундай баландликда мевали дарахт ўстириш, деҳқончилик қилиш мушкул иш эканлиги ҳамма биладиган ҳақиқат.

Яккабоғ туманининг Ишкент қишлоғидан жанубда то Ҳисор тоғларигача бўлган ҳудуд шу вақтгача археологик жиҳатдан ўрганилмаган эди. 2017 йилда А.Раимқулов раҳбарлигидаги бир гуруҳ археологлар шу ҳудудни ўрганишга қарор қилишиб,  шу пайтгача умуман номаълум бўлган Карнайтепа номи билан юритилувчи йирик археологик ёдгорликни топишди. Бу экспедициянинг яна бир мақсади Муқанна қалъасини излаш эди. Шунинг учун ёдгорликнинг топографик хусусиятлари Муқанна қалъасининг ёзма манбаларда айтилган жиҳатлари билан солиштиришга алоҳида эътибор берилди. Ёдгорлик денгиз сатҳидан 1350 метр (Шаҳрисабз шаҳри  658 метр) баландликда жойлашган. Карнайтепанинг ўзида булоқ йўқ, аммо 1 километр узоқликдан сойдан чиқарилган ариқ орқали сув олиб келинган. Карнайтепа шаҳристонининг усти текис ва ҳозирги кунда унинг устига беда ва буғдой экилади, шўролар даврида эса лалми буғдой етиштирилган. Қадимда Муқанна ҳисори ичида экинзорлар ва дарахтлар бўлганлиги ҳақидаги маълумот мана шу йўл билан далилланди. Шунингдек, Карнайтепанинг майдони, топографик хусусияти, аҳоли ва лашкарлар яшаш шароити, душманлардан мудофаа қилиш имкониятлари, Карнайтепа устида  бунёд этилган арк - қалъа ва унинг  бошқа жиҳатлари обдон, чуқур ўрганилди. Шулар асосида Карнайтепа  табиий, ҳарбий ва географик жиҳатдан ўта қулай ўринда жойлашган ва ўзининг мана шу жиҳатлари билан ҳарбий саркарда бўлмиш Муқанна томонидан қалъа сифатида танланган,  унинг қалъаси бўлишга даъво қила оладиган ёдгорлик, деган хулосага келинди.

- Карнайтепа 20 гектарга яқин майдонни эгаллаган йирик ёдгорлик, - дейди А.Раимқулов. -  Бу ерда тадқиқотларимиз якунланди, деган фикрдан йироқмиз.  Франциялик ҳамкасбларимиз иштирокида изланишларимизни давом эттириш ниятларимиз бор. Ўйлайманки, Карнайтепанинг янги қирраларини кашф этамиз.

Муқанна қалъаси ўрни тўғрисида турли-туман нуқтаи назарлар билдирилганига гувоҳ бўлдик. Буни кўплаб ўрта аср манбаларида, хусусан, Наршахий асарида Муқанна қалъаси жойлашган тоғ номи қайд этилган бўлса-да, унинг айнан қаерда эканлиги ҳақида бирон-бир маълумот берилмагани билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, вақт ўтиши билан жўғрофий, топонимик номи ўзгариб турганлигини ҳам ҳисобга олишимиз лозим.

Муқанна қалъаси қачондир ўз сирини очадими? Бу саволга жавоб бериш тарихчи ва археологларнинг биргаликда олиб борадиган изланишу  тадқиқотларига боғлиқ.

Мўмин АЗИЗОВ

 

 

 

 

Report typo