Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

26.12.2016


МУҲИМИ – НИЯТ ВА ИНТИЛИШ

 

Шоҳсанам ўқувчилик йилларида она тили ва адабиёт дарсларини жон-дилидан севарди: шеър ёд олишми, иншо ёзишми ё бўлмаса, грамматик-синтактик таҳлилми – барини бирдек шижоат ва иштиёқ билан бажарарди. Анча-мунча шеър ҳам машқ қиларди. Мактабни тугаллагач, ҳеч иккиланмай Қарши давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига ҳужжат топширди. Талабалик оламига қадам қўйганида ўтилган илк тилшунослик дарслари унинг қизиқишини янада кучайтирди. 2-босқичга ўтганида устози  - профессор Бахтиёр Менглиев раҳбарлигида ўзбек тилидаги хрононим, яъни тарихий воқеалар номлари бўйича илмий тадқиқот олиб бора бошлади.

- Мазкур илмий ишимда тарихий воқеа-ҳодисалар номи – хрононимларни гуруҳларга бўлиб ўрганаяпман, - дейди Шоҳсанам. – Биласизми, бу тил бирликларининг ҳар бири ўз замирида маълум бир тарихий воқеа-ҳодисани акс эттиради. Уларнинг маъносини  тадқиқ қилиш учун бевосита тарихга таянишга, ўтмишни ёдга олишга тўғри келади.

 Тилимизнинг ўзига хос оҳангдорлиги ва жозибаси, турли маъно қирраларига бой сўзлари ёш тадқиқотчини ўзига мафтун этган. Буни унинг тилимиздаги сўзлар маъноси, ишлатилиш доирасига бағишлаб ёзилган 40 дан ошиқ илмий мақолаларида кўриш мумкин. Мақолалари вилоят ва республикада ўтказилган илмий конференциялар тўпламлари ҳамда илмий журналлар, турли газеталарда нашр қилинган.

Давр бугун кишидан тиниб-тинчимаслик, ташаббускорликни талаб қилади, одамни ўзи билан ҳамнафас яшашга чақиради. Буни яхши англаган Шоҳсанам Бобожонова ҳам ҳар бир бўш дақиқасидан унумли фойдаланишга интилади. Айтишича, юртимизда ёшлар учун яратилган шароит, уларга берилаётган имкониятлар уни янада кўпроқ ҳаракат қилишга, ҳар бир кундан қандайдир ютуқ кутишга чорлайди.

- Барча тенг-қурларим сингари мен ҳам бу шароитлардан беҳад қувонаман ва албатта, бунинг қадрига етишга интиламан, - дейди у. – Ўтган йили талабалар ўртасида ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги иншолар кўрик-танловида ғолиб деб топилдим.  Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида Қарши давлат университети стипендияси ғолиби бўлдим.

2016-2017 ўқув йилида эса Шоҳсанам Бобожонованинг илмий салоҳияти, дарслардаги фаол иштироки, тарих ва инглиз тили бўйича чуқур билими ҳисобга олиниб, Навоий номидаги давлат стипендиясига муносиб кўрилди. Ўқишдан, илмий ишдан ортган вақтини мустақил ўқиб-ўрганишга, ижод қилишга бағишлайдиган Шоҳсанам жорий йилда “Юракдаги жавоҳирим” деб номланган илк шеърий тўпламини эълон қилишга ҳам муваффақ бўлди. Бундан ташқари, у ўзи истиқомат қилаётган Қарши шаҳридаги Амир Темур маҳалласида “Ёш таржимонлар” тўгарагини ташкил қилган. 

- Бу тўгарак аъзолари сони 10 нафар, - дейди Шоҳсанам. – Болалар билан инглиз тилида гаплашамиз, кичик-кичик шеърларни, турли мавзудаги матнларни инглиз тилига таржима қиламиз. Шу жараёнда уларга инглиз тилини ўзим билганимча ўргатиш орқали ўз билимларимни такрорлайман, таржима соҳасида ўрганаётганларимни мустаҳкамлайман. Келажакда яхши таржимон бўлишни ҳам дилимга тукканман. Бунинг учун ҳозирданоқ пухта тараддуд кўриб, билим ва маҳоратимни ошириб бораяпман.

Шоҳсанам бакалаврлик босқичини тамомлаб, таҳсилни магистратурада давом эттиришни режалаштираяпти. Унга қадар бошлаган илмий ишини  поёнига етказиш ниятида.

- Ўйлайманки, инсон учун энг муҳими - ният ва интилиш. Бирор ниятни кўнгилга жо қилиб, уни мақсадга айлантирган ва шу мақсад сари дадил интилган киши албатта муваффақият қозонади, - дейди у.

Дарҳақиқат, ҳаракат, интилиш – ютуқлар асоси. Буни тўғри англаган Шоҳсанам кабилар эса замон билан баробар, давр талабига ҳамоҳанг қадам ташлаб, юксак марраларни кўзлайди.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo