Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
9 август, якшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

02.06.2020


МУАММОНИНГ ЕЧИМИ ФАҚАТ МАРДИКОРГА БОҒЛИҚМИ?

"Qashqadaryo"га жавоб берадилар

"Qashqadaryo" газетасининг 2020 йил 26 май сонидаги "Мардикорни ким ўйлайди?" сарлавҳали мақола юзасидан Қарши шаҳар вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроси директори Б.Холияров номидан қуйидаги мазмунда жавоб хати келди:

"Қарши шаҳар вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш  бюроси 2020 йил февраль ойида қайта ташкил этилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 223-сонли қарорига асосан 2 нафар бюро ходими ва жамоат тартибини сақлаш учун 1 нафар ички ишлар ходими хизмат кўрсатиши белгиланган.

Бюрога кунига 80-90 нафар фуқаро кунлик иш изловчи сифатида келиб, улар асосан Қамаши, Косон, Ғузор, Нишон, Касби ва Қарши туманларидан бўлиб, қисман Қарши шаҳридандир.

Ўзбекистон Республикаси    Президентининг 2020 йил 19 мартдаги "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи     навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижроси юзасидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, шу жумладан, инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритилиши билан биргаликда, карантин даврида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган имтиёзлардан унумли фойдаланиш, яъни турли ҳудудлардан бюрога келаётган фуқароларга карантин даврида ўзлари истиқомат қилаётган туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига бориб учрашишлари тушунтирилди. Бунда аҳоли шахсий томорқаларида банд бўлишлари учун иссиқхона ташкил этиш, суғориш асбоблари олишлари ва артезиан кавлатишлари, кўчатлар сотиб олишлари учун 2 миллион 200 минг сўмдан 6 миллион сўмгача субсидия ажратилиши, ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этган фуқароларга 750 минг сўмдан 1 миллион сўмгача иш ҳақи берилиши, шунингдек, вақтинчалик иш билан таъминланмагани учун 3 ойдан 6 ойгача ишсизлик нафақаси тайинланиши ва касбга эга бўлмаган ёшлар касбга қайта ўқиш истаги бўлганда стипендия тўлаб берилиши ва ўқишни тугатгандан сўнг доимий иш ўринларига ишга жойлаштирилиши ҳамда миллий ҳунармандчилик йўналишини ташкил этмоқчи бўлган фуқароларга тадбиркорлик субъектларига аъзо бўлишлари учун субсидия ажратилиши билдирилиб, уйда қолишлари тўғрисида мурожаат қилинган эди.

Вилоят "яшил" ҳудудга ўтганлиги сабабли вақтинчалик бир марталик иш изловчиларга хизмат кўрсатиш,  яъни бюро фаолиятини йўлга қўйиш бўйича назорат органлари - санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва бюро жойлашган Гулшан маҳалласи ҳудудий профилактика инспектори билан оғзаки савол-жавоблар олиб борилиб, бюро   фаолиятини йўлга қўйишга рухсат бор ёки йўқлиги тўғрисида сўралди.

Бу бўйича иккала назорат органи ҳам вақтинчалик бир марталик иш изловчи фуқаролар ўртасида 2 метрлик оралиқ масофани сақлаш тартиб-қоидаларига амал қилиш қийинроқ кечиши сабабли вақтинчалик бюро фаолиятини амалга оширмаслик ва жорий йилнинг 1 июнидан қайта кўриб чиқилишини билдиришди.

Шу сабабли бюрога ташриф буюраётган фуқароларга юқорида қайд этилган имтиёзлардан мақсадли фойдаланган ҳолда банд бўлишлари тўғрисида такрорий мурожаат қилинди".

ТАҲРИРИЯТДАН: Мардикорларни ортга қайтариб юбориш билан иш битмаслигини мақолада ҳам алоҳида таъкидлагандик. Жорий этилаётган имтиёзларни ўша иш изловчилар ҳам яхши билишларига  шубҳамиз йўқ. Чунки карантин шароити кўп кишиларни даромад топишнинг турли йўлларини излашга унда(ёт)гани бор гап.

Албатта, томорқага кўчат қадаб, иссиқхона қилиб, даромад топишни ҳаммаям истайди. Бироқ бунинг учун, кўчат ҳосилга кириши учун маълум вақт керакми? Ўзи шундоқ ҳам 2-3 ойдан бери тишининг кирини сўриб келаётган одамга бандлик марказига бориб учраш, дейиш билан кифояланиш қайси мантиққа мос келади? Иш изловчи ўша марказга бормаяптими, демак, аввал у ердан иши битмаган, ё уларга ишонмайди. Демак, масаланинг ечимини бандлик марказларидан излаш керак. Ҳечқурса, уларга сим қоқиб, "Иш излаётган одам бор, қандай ёрдам бериш мумкин?" қабилида кўмаклашилса, бюро ўз вазифасини бажарган бўлмайдими?

Уйда ўтиринг, дейиш осон. Шунча вақт даромади кунлик тушумларга боғланиб қолган одамларга яратилган имтиёзлар ҳақида гап сотиш эмас, ўша имтиёзларни амалда рўёбга чиқариб бериш, қайта-қайта тушунтиришдан кейин ҳам, карантин чекловлари амалда бўлса-да, жонини хатарга қўйиб мардикор иш излаб кўчага чиқаяптими,   муаммонинг ечимини иш изловчидан эмас, бандликка масъуллардан суриштирган маъқул чамамизда.

Report typo