Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

29.09.2020


МУРОЖААТ БЎЛМАСА, МАСЪУЛЛАР МУАММОГА КЎЗ ЮМИБ ЮРАВЕРАРКАНДА?

Мавзуга қайтиб

"Qashqadaryo" газетасининг 2018 йил 18 августдаги сонида "Аҳоли "тери завод"идан нега норози?" сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда Қарши шаҳри Шайхали маҳалласи Косон йўли кўчасида жойлашган "Qarshi leather" Ўзбекистон-Исроил-Хитой қўшма корхонаси иш жараёнида таралаётган нохуш ҳиддан ён-атрофда яшовчи аҳоли жабр чекаётганлиги ҳақида сўз борган.

Ўшанда ҳам таъкидланганидек, умумий майдони 4,52 гектар бўлган корхонада хом терига замонавий технологиялар ёрдамида бир неча  босқичда ишлов берилиб, ундан  тайёр чарм ишлаб чиқарилади. Бу жараёнда кўп миқдорда сувдан фойдаланилади. Хом ашё ювилган, кимёвий воситалар билан тўлиб-тошган чиқинди сув эса қувур орқали заводдан бор-йўғи 400-500 метр наридаги сунъий кўлга ташланмоқда. Қарийб 1 гектар ҳудудни эгаллайдиган, чиқинди сув тўпланадиган  очиқ ҳавзадан таралаётган бадбўй ҳидга эса чидаб туриш қийин. Ҳавога кўтарилаётган, ер ости сувларига бориб қўшилаётган зарарли, заҳарли моддалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Аслида бу гапларни жамоатчилик эътиборига олиб чиқишдан мақсад: зора масъуллар муаммога эътибор қаратиб, камчиликлар тўғриланиб, лойиҳа талаб даражасида бажарилса, чиқинди сув белгиланган тартибда қурилган ва аҳоли яшаш манзилидан узоқ, табиатга, одамларга зарар етказмайдиган нуқтага ташланса, деган муддао эди. Аммо корхона раҳбарияти ҳам, вилоят экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мутасаддилари ҳам бунга эътибор қаратгани йўқ. Завод эса ўз билганича ишлашда давом этаверди. Натижада чиқинди сув ҳовузи тубидаги чўкинди қатлам янада қалинлашиб, бадбўй ҳид Косон ва Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳрининг қатор маҳаллаларига қадар етиб кела бошлади. Бундан жабр чекаётган кишилар эса мутасадди ташкилотларга арз қилавериб силласи қуриди. Улардан нажот бўлмагач, аҳоли тўпланиб, завод олдида жанжал кўтаришгача бориб етишди.

Хўш, корхона лойиҳаси тасдиқлангунига қадар нега шундай муаммо келиб чиқиши мумкинлиги инобатга олинмаган? Ахир чиқинди саноат сувларини ташлаш резервуарини аҳоли яшаш манзилидан узоқроқ жойда қуриш ҳам мумкин эди-ку.

Тегишли қонунчиликка кўра, мўлжалланаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятни амалга ошириш тўғрисида қарор кабул қилинишидан олдин бу фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш Давлат экологик экспертизаси маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилади. Яъни, лойиҳа йўлга қўйилишидан аввал Давлат экологик экспертизаси маркази мутахассислари уни яхшилаб ўрганиши ва фаолият экологияга зарар етказмасагина лойиҳани амалга оширишга рухсат берилиши керак. Йўқса, қанчалик самарали лойиҳа бўлмасин, уни амалга ошириб бўлмайди.

Вилоят давлат экологик экспертизаси маркази раҳбари Жаҳонгир Бердиевнинг маълумот беришича, ушбу ташкилот амалга оширилаётган лойиҳанинг фақат экологияга зарар етказмаслигини баҳолайди ва бунга хулоса беради. Унинг инсон саломатлигига зарар етказиши ёки етказмаслиги борасидаги хулоса эса санитария-эпидемиологик осойишталик  марказидан олинади.

- "Qarshi leather" атроф-муҳитга таъсири даражасига кўра  биринчи тоифадаги объектлар сирасига киргани боис, ушбу корхонага экологик экспертиза хулосаси ҳам Давлат экологик экспертизаси маркази томонидан берилган, - дейди у. - Бунда атроф-муҳитга зарар етишининг олдини олишга қаратилган бир қатор талаблар белгиланган. Корхонанинг ушбу талабларга амал қилиш ёки қилмаётгани эса Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда бошқа масъул ташкилотлар томонидан мониторинг қилиб борилади.

Шундан сўнг, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассисларига мурожаат этдик. Уларнинг билдиришича, бошқарма ходимлари тўғридан-тўғри корхонага кириш ва унинг фаолиятига аралашиш ваколатига эга эмас. Режа бўйича ўтказилган мониторинг хулосалари, аҳолидан бўлаётган шикоятлар бўйича эса масъул ташкилотларга бир неча маротаба билдиргилар, корхона раҳбариятига эса белгиланган тартибда кўрсатмалар берилган.

Бошқарманинг лаборатория мутахассиси Санжар Қобилов гапининг исботи сифатида қўлимизга жорий йилнинг 27 август куни бошқарма томонидан "Qarshi leather" корхонаси иш бошқарувчиси Б.Шароповга йўлланган хат нусхасини тутқазди.

Унда таъкидланишича, Қарши шаҳрининг Шайхали маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ишонч телефонига ҳамда вилоят бошқармасига қилган мурожаатлари асосида бошқарма мутахассислари, мурожаатчилар ҳамда Шайхали маҳалла фуқаролар йиғини раиси иштирокида муаммо жойига бориб ўрганилган. Натижада корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилиб, кейин чиқариб юборилаётган оқова суви таркибида ифлослантирувчи моддалар меъёри рухсат этилганидан кўплиги аниқланган.

Хатда шулар ҳақида сўз юритилиб, корхона раҳбариятидан бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, жумладан, оқова сувни ташлаш, унинг таркибидаги моддалар белгиланган меъёрдан ошмаслигини назорат қилиш, оқова сувни тозалашда янги, замонавий технологияларни жорий этиш сўралган.

Эътиборли жиҳати, 15 сентябрь куни корхона иш бошқарувчиси имзоси билан бошқармага юборилган жавоб хатида муаммонинг тез орада ва тўлиқ бартараф этилиши ваъда қилинади.

Жумладан, мактубда билдирилишича, айни  пайтда корхона томонидан қайта ишланган саноат чиқиндисини доимий равишда Қарши шаҳар марказий канализация тармоғига оқизиш учун рухсат олиш ишлари кетмоқда. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун  корхонанинг бош инвестори томонидан йил охирига қадар 300 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кутилаяпти.

Маълумотни ойдинлаштириш мақсадида "Qarshi leather" корхонасида ҳам бўлдик. Бизни қарши олган ходимларнинг айтишича, айни вақтда корхона раҳбари хорижда. Маълумот берадиган бошқа масъуллар ҳам йўқ. Ўзлари эса оддий ишчи ва бирор маълумот бериш ваколатига эга эмас.

Исмини ҳам айтишни истамаган ходимларнинг гап-сўзларидан шуни англадикки, бирмунча вақт олдин ён-атрофда яшайдиган аҳоли вакиллари корхона олдида тўпланиб, бу ердан чиқаётган нохуш ҳиддан шикоят қилиб, жанжал кўтаришган. Шундан сўнг, корхона раҳбарияти заводнинг ишлаб чиқариш фаолиятини вақтинча тўхтатиб қўйган ва анча вақтдан буён у ишлаётгани йўқ. Шунингдек, корхона раҳбарларининг чиқинди сувни канализация тармоғига оқизиш учун қувур тортиш бўйича янги лойиҳани амалга ошириш ҳаракатида эканлиги ҳам ҳақиқат. Энди шу иш амалга оширилганидан сўнггина хом ашёни қайта ишлаш жараёнлари яна бошланади.

Аслида ҳам шундай бўлиши керак эди. Бироқ ўз вақтида корхонанинг ҳали тўла тайёр бўлмай туриб катта шов-шув билан очилиши ва кейин ишни давом эттириб кетиши мана шунча муаммоларни келтириб чиқарди. Умид қиламизки, энди хато тўғриланиб, камчиликлар бартараф этилади ва унинг фаолияти атроф-муҳитга, ён-атрофдаги аҳоли вакилларига зарар етказишининг олди олинади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo