Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ашурали ТАШЕВ

02.12.2019


НАМУНАЛИ СУДЬЯЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛИБ, ЁШ ХОДИМЛАР УЧУН МАСТЕР-КЛАСС МАШҒУЛОТЛАРИ ЎТИЛДИ

Фармон ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман ва шаҳар судлари судьялари ва суд ходимлари иштирокида ташкил этилган мастер-класс ва “Суд билимдони” тадбирлари ўз якунига етди. Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Қайд этиш лозим, мастер-классларда ишни самарали ташкил этиш, намунали фаолият юритаётган судьялар ва суд ходимларини аниқлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, лавозимга илк марта тайинланган судьяларда ва соҳага янги ишга қабул қилинган ходимларда одил судловга оид кўникмаларни шакллантириш, суд процессини ўтказиш тартибини мукаммал ўргатиш, уларга иш фаолиятини намунали ташкил этишга кўмаклашишга асосий эътибор қаратилди.

“Суд билимдони” танловида эса судья ва суд ходимларининг жиноят, жиноят-процессуал қонунчиликдаги, Олий суд пленуми қарорлари бўйича назарий билимлари билан бирга, ахборот технологиялари ва электрон ҳукумат соҳасидаги кўникмалари синовдан ўтказилди.

Режага мувофиқ, олий ўқув юртлари ва юридик коллеж ўқитувчилари, суд фахрийлари, прокуратура, ички ишлар, адвокатлар палатаси, депутатлар, Ёзувчилар уюшмаси, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, нуронийлар, касаба уюшмаси, ОАВ ходимларидан иборат ҳайъат аъзолари шакллантирилди.

Тадбир якунлари бўйича биринчи, апелляция, кассация инстанцияларида суд процессини энг намунали ўтказган судьялар, энг намунали давлат айбловчиси, ҳимоячи, жабрланувчининг қонуний вакили, жабрланувчининг вакили, шунингдек, энг намунали суд раиси, девонхона мудири, архив мудири, суд мажлиси котиблари аниқланди.

- Судья қонунларни мукаммал билиши, ўз мажбуриятини адолатли, тезкор, виждонан ва юқори профессионал даражада бажариши зарур, - дейди жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов. – Маълумки, судья суд жараёнида давлат айбловчиси, ҳимоячи, жабрланувчининг қонуний вакили, вакили билан бевосита мулоқотда бўлади. Тарафларнинг илтимосномаларини ҳал қилади, баъзан ҳар-хил тортишув ва келишмовчилик ҳолатлари учраб туради. Айнан шу жараёнда, судья ўзини йўқотмаслиги, хотиржам, қонун моҳиятига мос равишда тутиши, ҳиссиётларга берилмаслиги, судьялик маданиятини юқори даражада намоён эта билиши лозим. Ўтказилган мастер-классларда айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди.

Маросимда ғолиблар 40 номинация бўйича тақдирланди. Уларга диплом ва эсдалик совғалари, китоблар тўплами берилди.

Ашурали ТАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси

Report typo