Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

20.03.2020


НАРХЛАРНИ АСОССИЗ КЎТАРГАНЛАРГА НИСБАТАН ҚОНУНИЙ ЧОРА КЎРИЛАДИ

Юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси билан касалланганлар қайд этилиши натижасида, айрим фуқаролар бозор ва савдо дўконларига бориб, навбатда туриб, ваҳима билан озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотларини харид қилаётганликларининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Баъзи жойларда тадбиркорлар аҳоли талаби ошганидан фойдаланиб, озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархларини ошириб сотишга уринмоқда.

Таъкидлаш лозимки, жойларда нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик учун вилоят давлат солиқ хизмати органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ишчи гуруҳлар тузилган. Мазкур ишчи гуруҳлар нархларнинг ўзгариши ва сунъий равишда оширилиши устидан назорат қилиб бормоқда.

Вилоят давлат солиқ бошқармасидан маълум қилишларича, 15-17 март кунлари Давлат солиқ қўмитасининг ишонч телефонларига Қашқадарё вилоятида яшовчи 116 нафар фуқародан, вилоят давлат солиқ бошқармасининг ишонч телефонларига эса 21 нафар фуқародан нарх-навонинг асоссиз кўтарилиши юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Ҳар бир мурожаат юзасидан давлат солиқ хизмати ходимлари ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганишлар ташкил этилди. Тадбиркорларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, нарх-навони сунъий ошириш ҳолатларига барҳам берилди.

Тадбиркорлар ўз вазифасига сидқидилдан ва виждонан ёндашиш, нархларни сунъий равишда оширмасликка чақирилиб, халқ орасида саросима келтириб чиқарадиган, ваҳима уйғотадиган ҳар бир ҳолатга нисбатан кескин чоралар кўрилиши юзасидан огоҳлантирилмоқда.

Келиб тушган мурожаатларга кўра Қарши шаҳридаги "Оқтепа деҳқон эко бозори" масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган ўрганишларда фуқаро Замира Қурбонова ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо фаолияти билан шуғулланаётгани аниқланди. Шунингдек, у картошка ва пиёз маҳсулотлари нархини асоссиз ошираётгани маълум бўлди. Бундан ташқари, Хайринисо Ҳабибова ҳам ҳужжатларсиз савдо фаолиятини амалга ошираётгани ва маҳсулотларга сабабсиз юқори нарх белгилагани аниқланди. Уларнинг тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши таъминланиб, нархларни асоссиз оширмаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган. 

Ўз навбатида харидорларга ҳам юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етарлича ва бу борада зарур захира яратилганини айтиш ўринли.

Агар нархларнинг асоссиз оширилиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, вилоят давлат солиқ  бошқармасининг 75-225-10-82, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасининг 75-226-05-01 ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг!

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo