Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

01.05.2020


НЕГА ОДАМЛАР ОДДИЙГИНА БАХТНИ АСЛО ЕТИШИБ БЎЛМАС САРОБ ДЕБ БИЛИШАДИ?

Сараланган сатрлар

Таниқли рус ёзувчиси Андрей Платонов (1899-1951) ижодига мансуб энг машҳур асар - "Жон" романида Устюрт билан Амударё мансабида тентираб юрган, турли миллат кишиларидан иборат олақуроқ элат ҳаёти, аниқроғи ўликликдан фарқсиз тириклиги ҳақида ҳикоя қилинади.

Тарихдан аёнки, ўн олтинчи аср ўрталаригача Амударё Оролга эмас, Каспий денгизига қуйилган. Дарё ўзанини Орол сари бургач, қуриган дарё ўрнида катта-кичик кўлу ботқоқликлар пайдо бўлган. Денгиз сатҳидан қуйида жойлашган шундай жойлардан бири Сариқамиш ботиғи деб аталиб, қуёшботар маҳалидагина ёруғликдан бир баҳя оладиган бу жойда ҳар ердан жамланиб келган қочқину беқаров етимлар, қариб-чуриб ишга яроқсиз бўлгач, эгалари етим ҳайдаган афтодаҳол қуллар, эрларидан омонлик топмаган саёқ жувонлар, севикли қаллиқлари баногоҳ қазо қилгач, бошқани эр тутишни ор билган бетоле қизлар, худосиз даҳрийлар, турли рутбали зўравонлару манглайи қаро қароқчилар қўним топишган. Улар орасида туркману қорақалпоқ, озроқ ўзбеку қозоқ, эронию курду белужилар ва яна насл-насабини унутган бир тўда авомни учратиш мумкин эди.

Уларнинг турмуши шу қадар абгор, фақирлиги шу қадар аянчли эдики, йилда атиги бир-икки ҳафтага жойлашгулик ишлар бошланишини улуғ бир неъмат каби интиқ кутишар, чунки фақат шу пайтлари оғизлари ошга етиб, кулча нон ва баъзида бир чимдим гуруч билан сийланишарди. Эшакка йил бўйи ем бериш керак, лекин Сариқамишдан келганлар пулсиз бир бурда нонга қаноат қилишар, иш охирлаши билан юртига қайтиб кетишар, тап-тақир саҳронинг олис пучмоқларида қишдан омон чиққанлари оёқларини базўр судраганча кейинги йилнинг иликузилди кунлари яна пайдо бўлишарди.

Шу ҳолидаги элатга боз устига Хива хони ҳам зулм қилиб, улар устига юриш уюштирар, тинкасини қуритиб, зиндонга ташлатар, қатл қилдирарди. Хуллас, зулм бу одамлардан яшашга муҳаббатларини буткул суғуриб олганди.

Қавм кишиларининг бор-будлари кўксидаги муштдай бир юрак, у ҳам уриб турса бўлди. Шунинг учун ўзларига камсуқум турмушлари каби Жон деб ном қўйишган. Қалб ва хокисор умр дегани бу. Яшашга ишқию ишончи йўғидан қудратли ва бахтиёр    бошқалар келиб, яна азоб бермасин, бисотида қолган бир пайса жонини ҳам тортиб олмасин, дея ўзларини атай ўликка солиб ўлимтик юради улар.

Москва иқтисод институти битирувчиси Назар Чиғатоев йўлланма билан Тошкентдаги фирқа марказий қўмитасига келаркан, унга адашган элатни топиб, Сариқамишга қайтариш, тараққиёт сари юзлаштириш вазифаси топширилади. Аслида Назарнинг ўзи ҳам шу қавмдан бўлиб, бир вақтлар, болалигида онаси уни энди ортиқ боқолмаслигини айтиб, саҳрода ёлғиз қолдириб кетган эди.

Назар келиб кўрса, бир вақтлар минг чоғли қавмдан 47 киши қолган, холос. Бу ерга тараққиёт келтириши керак бўлган райижроқўм вакили эса "Ўликларни тириклар кўмишади, бу ерда эса тириклар йўқ, бўлса ҳам ҳаётини фақат уйқу ва тушларида яшаётганлар бор. Уларни бахтли қилолмайсан, қувончу масрурлик тугул, улар қайғу ва мусибатларини ҳам аллақачон англамай қўйишган, неча асрлик кўргиликлар улар кўнглини кўр қилиб бўлган", дейди.

Тасаввур қилинг, чек-чегараси йўқ бийдай саҳро, на деҳқончилик, на чорвачилик қилиб бўлади, ва шу ерда бир элат яшайди. Егуликлари ўт-ўлан, шунинг учун фақат ухлашади, очлик, мадорсизлик, касаллик доимий йўлдошлари. Кун ва туннинг фарқини йўқотишган, тушларида ҳам туш кўришади, яшашга иштиёқлари ўлган...

Табиийки, бу аҳволда қавмни бирор мақсад сари бошлашнинг деярли имкони йўқ. Воқеалар ривожини асар мутолааси асносида билиб оласиз, деган умиддамиз. Ишонтириб айтамизки, бугун Нидерландияда яшаётган ўзбек таржимони Шарифжон Аҳмедов таржимасидаги роман мутолааси адабиётга бўлган қарашларингизни янада бойитади, фикрларингизни теранлаштиради. Мутолаа асносида беихтиёр чўлни яхши кўриб борасиз, аммо у ерни макон тутган одамларнинг ўликникидан фарқи йўқ ҳаёти даҳшатга солади.

Шу жойда яна бир мулоҳазаки, Андрей Платоновнинг ўтган аср 90-йилларида    Москвада нашр этилган китоби 2 миллион 500 минг нусхада чоп этилгани ва "Жон" ўзбек тилида атиги 1000 нусхада чиққани бизнинг нақадар "китобхон" эканимиз, чинакам асарлар мутолаасига рағбатимизни ҳам кўрсатади.

Инглиз таржимони, Андрей Платонов асарлари тадқиқотчиси Роберт Чандлер "Жон" романидаги ғояни қуйидагича таснифлайди: умумий тараққиётдан четга улоқтирилган "бегона"ларни замонавий дунё билан қай тариқа қовуштириш мумкин? Қолаверса, асарни алоҳида бир жонни, қалб ва руҳни озод этиш ҳақида ҳам     дейиш мумкин. Платоновнинг ўзи эса "жон"ни саодат ишқида саросар қалб тарзида тушунтиради. Демакки, "Жон" ҳар биримиз, бугунги ва барча замонлар кишилари ҳақида, деса бўлади. Қуйида асардан сараланган манзараларни эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

Узоқ айрилиқдан сўнг ошною таниш жойларга яна рўбарў бўлиш кимсани ўксинтириб, қайғуларга солиши болалик ёдларидан маълум - худди юрагинг иплари жонсиз бу жисмларга ҳамон боғлангану, улар эса ёлғизликда сенсиз ҳам жўшқин ва бахтиёр кунларини яшаганлари каби сени аллақачон унутиб юборишган ва сен энди нима қиларингни билмай, биртараф меҳринг билан улар қаршисида ночору мажҳул қолаверасан.

* * *

- Хайрсиз нарсаларга кўникишнинг нима кераги бор? - деди Чиғатоев. Нега одамлар оддийгина бахтни асло етишиб бўлмас сароб деб билиб, бир-бирларига фақат ғам-ғусса раво кўришларини у ҳеч тушунмасди.

* * *

...ёвузлик нима эканини билмаган, бошлари узра ўлим турса-да, диллари шод ва хуррам бандаларга қай бир жазою сазони раво кўриш мумкин?

* * *

...инсон ўз қалбини нима биландир тўлдириб туриши кераклигини, бордию тўлдирадиган нарсаси қолмаса, баднафс юрак ўзи ҳайдаётган қонларни сўриб, адо қилиши мумкинлигини, зотан, у яхши биларди.

* * *

Чидамсиз туйғуларига асир ёввойи жонзотлар ғанимига асло марҳамат қилмас ҳамда кўз ёш тўкиб дийдасининг обларида юпанчу овунч топмас. Улар фақат курашда қайғуларини арита билар, ёғийнинг қайноқ қонларидан сипқориб ёхуд тенгсиз олишувда ўзлари мағлуб бўлиб, мусибатлари ниҳоят ором топар.

* * *

Очлигу ташналикдан силласи қуриган абгор элат қорнини бир-икки жуфт қуш мурдаси билан тўйдириб бўлмаслигини Чиғатоев яхши билар, аммо улуғ бир доҳий эмаски у, айни шу тобнинг ўзида муҳташам чора ўйлаб топсаю, топилган ана ўша тараф бу йўқсилларни саодатга йўлласа.

* * *

Бошқа юртларнинг ҳар жойида каби саҳрода ҳам беҳисоб матоҳлар бор, аммо буларни кўрар одамнинг ўзи йўқлигидан атроф бўм-бўш кўринади.

* * *

...уқубатларда барча сезимлар соб бўлиб, охири йўқсилнинг бор бисоти - хаёл ва орзулари ҳам ўлиб битдими?.. Инсон устидан ҳар қандай зўравонлик ва зулм аввало унинг қалбини вайрон қилиб, ўлимга тобора кўниктириб боришдан бошланиши, мазлум қул устидан шу тариқа ҳукмронлик муқаррар этилишини Чиғатоев болалик хотиралари ва Москвада ўзи етишган билимларидан яхши билар эди. Мазлум шуури емирилиб, пировардида ҳуши беҳушликка, расолиги телбаликка эврилгунича кўнглига ғул солиб, қалбини сурункали мажруҳ этиш амаллари муттасил давом эттирилаверади. Хожанинг ўзи эътимод қўйиб топинган қалб ва илоҳга ширк келтириш асло кечирилмас, қулнинг қалби эса ёлғону алдовлар ва вайронкор меҳнат заҳматлари ичра эзғиланиб бораверар.

* * *

Ўтмиш умрда орттирилган бемадорлик булар юрагида тириклик туйғулари очилиб, шуурида онгли фикр куртаклари кўкаришига тўғаноқ бўлаверар.

* * *

...ҳалок бўлиб, беному бенишон ғойиб кетаётганлар хотираси дарҳол ёддан кўтарилаверса, фақат бир ўзинигина ёдда тутиш худбин бир маслакка айланса, у ҳолда бу тирикликда яшамоққа не ҳожат?

* * *

Баланд руҳ ва кўтаринки эҳтирослар биргина инсон   қалбида муқаррар дея билиш, аслида, пуч ишонч ва такаббур хаёлдир, илло, мана шу жимиртак тошбақанинг маржон кўзларида ҳам фикр жилвасининг олис инъикоси бор, муаттар бўйлар таратган тиканак олучанинг ҳам замирида инсон аралашувисиз ўзининг улуғвор ички жараёнлари муттасил кечар ва борлиқда борлигининг шукроналари унинг ҳосилларида барқ уриб бўй кўрсатар.

* * *

- Энг бузург нарса нима эканини билмайман, - деди Назар. - Буни ўйлаб кўрмадим, ўйлашга фурсатим бўлмади... Умуман, иккимиз туғилиб яшаётган эканмиз, демак, бизда ҳам ўша бузурглик бор, биз ҳам ўша муҳимликка соҳибмиз.

* * *

Ҳеч бир элат бир-биридан жудою пароканда яшай олмас: одамлар биргина майиз эмас, қалбларини ҳам ўзаро бўлашиб, хаёлларига бир-бировини жойлаб, ҳамрозу шафиқ елкадошликдан қувват олиб яшар; йўқ эса, бошининг ич ўйларини, юрагининг латиф иштиёқларини қайларга сарф этсин, ҳазин ҳисларидан юпаниб, охири қай қабрларда ором топсин?.. Биргина ўзининг хаёлларидан озуқа олиб яшашга мубтало кас ўз қалбини ҳадемай еб битиражак, аянч йўқсилликдан ҳоли хароб, андуҳлар исканжасида охир завол топажак.

* * *

...туйғуланишу дард чекиш, шуурланишу мужодалага шаҳдам бормоқ ҳар кимга ҳам эмас, буларнинг бари - йўқсилнинг давлати, йўқсилнинг насибасидир.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo