Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

25.03.2020


НИҚОБЛАР ОРТИДАГИ ҚИЁФАЛАР

Бугуннинг гапи

Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади, деб ишонаман.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Бошқармамизда куну тун фаолият кўрсатаётган махсус штабда иш қизғин. Қўнғироқлар, компьютер клавиатураси ва калькуляторларнинг "шиқир-шиқир"лари тинмайди. Мобиль телефонлар қуввати тушга бориб-бормай тугаб қолаверади...

Стационарда карантинга олинганлар учун барча шароитларни таъминлаб бериш, уйда изоляция қилиниши керак бўлган фуқаролар, улар билан мулоқотда бўладиган оила аъзоларини аниқлаш, ОАВ вакиллари ва фуқароларнинг саволлари ҳамда мурожаатларига жавоб бериш...

Бу ташвишлар озмунча меҳнат талаб қилмайди. Турли идораларнинг вакиллари шу ерда ҳозиру нозир. Муаммо туғилдими, ҳамкорликда зудлик билан ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Кўзлар киртайган, асаблар гоҳ таранг, гоҳ бўшашган - масъуллардан айримлари бир ҳафтага яқин вақт бўлаяптики, бир неча соатгина дам олишга аранг фурсат топаяпти, холос...

Бугун ижтимоий тармоқларда "коронахабар", "коронаҳазил", "коронашеър" сингари янги атамаларга кўникиб ҳам қолдик. Таъбир жоиз бўлса, қуйида айтмоқчи бўлган "коронамулоҳаза"ларим айнан фавқулодда иш режимида ишлаётган штабдаги кузатувларим давомида туғилди.

"Карантинда" дегани - "бемор" дегани эмас

Шундай вазиятда менга ҳам қўнғироқлар кам бўлмаяпти. Таниш-нотаниш блогерлар, ТВ ва газета мухбирларининг саволлари бир хил: "Ака, тинчликми?.." Айримлари ортидан қўшиб қўяди: "Қарши туманидан чиқибдими?". Эртаси куни эса Косон туманидан, кейин Чироқчидан... деб ваҳима қилиб қолишади...

 Бу ҳақида қайта-қайта айтилаяпти: айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ҳамда воҳамиздаги 4 та санаторийда вақтинчалик карантинга олинган фуқаролар сақланмоқда. Уларнинг саломатликлари қатъий назоратда. Овқатланиш, ювиниш ва бошқа бир қатор масалаларда етарли шароитлар яратилган.

Афсуски, аҳоли орасида яқинда хориждан қайтгани, бемор билан мулоқотда бўлгани ва бошқа сабаблар билан карантинга олинган фуқаролар хусусида юқоридаги каби "инфекция юқтириб олибди" сингари асоссиз миш-мишлар ҳам тарқалмоқда. Таъкидлаш жоизки, "карантинда сақланмоқда" дегани - бу асло "бемор" дегани эмас. Шугина оддий ҳақиқатни айрим ваҳимакашларга тушунтира олмай ҳалакмиз. Шу боис фуқаролардан асоссиз хабарларга ишонмасликни, ваҳимага берилмасликни, жорий этилган чекловлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги  томонидан берилаётган тавсияларга қатъий амал қилишларини сўраймиз.

"Сизаётган" эмас, "тошиб чиқаётган" маълумотлар

"Фалончи карантинда эмиш..." Дарҳақиқат, бу сингари хабарлар ўша "фалончи"нинг яқинларини ташвишга, уларнинг атрофидаги айрим ваҳимакашларни саросимага солаётгани бор гап. Инсон хоҳ карантинда, хоҳ (Аллоҳнинг ўзи асрасин) инфекция юқтирган бемор бўлсин, барчамиз шундоқ ҳам хавотирда турган кишининг ҳуқуқларини ҳурмат қилишимиз зарур. Афсуски, бундай кишилар ҳақидаги шахсий маълумотлар ижтимоий тармоқлар ва ҳатто расмий сайтларга ҳам сизиб эмас, тошиб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасида қайд этилганидек: "Шахсга доир маълумотларни номуайян доирадаги шахсларга ошкор этишга, шу жумладан, шахсга доир маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилишга, интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштиришга ёки шахсга доир маълумотлардан бирор-бир бошқа усул билан фойдаланиш имконини беришга қаратилган ҳаракатлар шахсга доир маълумотларни тарқатишдир.

 Шахсга доир маълумотларни йиғишнинг илгари билдирилган мақсадларидан четга чиқилган ҳолларда, ушбу маълумотларни тарқатиш субъектининг розилиги билан амалга оширилади".

Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш тегишли тартибда маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

 Тиббий маълумотларнинг асосий хусусияти уларнинг махфийлигидир. Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонунининг 45-моддаси "Шифокор сири" деб номланади.

 Унда белгилаб қўйилганидек: "Фуқаронинг тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, унинг соғлиғининг ҳолати, касаллигига қўйилган ташхис хусусидаги ҳамда уни текшириш ва даволаш давомида олинган бошқа маълумотлар шифокор сирини ташкил этади".

 Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонунининг 6-моддасига асосан оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

 Шу боис шифокорлар, журналистлар, блогерлар ва барча фуқаролар коронавирус инфекцияси юқтириб олган беморлар ҳамда мазкур хасталик эҳтимоли билан назоратга олинган кишилар ҳақида маълумот тарқатишда юқоридаги қонунлар талабларига қатъий риоя қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

"Йўқ! Шифохонага кира олмайсиз..."

Штабимизга бир тележурналист мени сўраб келибди.

Айтишича, карантинга дахли бўлмаган вилоят шифохоналаридан бирида даволанаётган бемор учун хайрия акцияси мавзусида лавҳа тайёрламоқчи экан. Бош шифокор палатага кириб, тасвирга олишга рухсат бермаганини айтиб, ёрдам сўради. Унга бош шифокор тўғри йўл тутганини, айни вазиятда ўрнатилган чекловлар журналистларга ҳам тааллуқли эканлигини тушунтиришга тўғри келди.

Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарорига асосан барча даволаш-профилактика муассасаларида 2020 йил 17 мартдан бошлаб COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича чеклов тадбирлари жорий этилган, хусусан, беморларни кўргани келган ва бошқа бегона   шахсларнинг даволаш-профилактика муассасаларига кириши, беморларни даволаш ва ташхисот ишларига боғлиқ бўлмаган шахслар билан тўғридан-тўғри мулоқотлари тақиқланган.

Айни вазиятда қўл бериб кўришмасликка ҳам одатланиб бўлдик. Бемор кишини йўқлаб, ундан аҳвол сўраш ҳам - шу сингари азалий гўзал қадриятларимиздан бири. Аммо ҳозирча бундай одатлардан тийилиброқ туришга мажбурмиз. Шу каби жорий этилган бир қатор чекловлар айнан ўзимиз ва атрофимиздагиларнинг саломатлигини муҳофазалашга хизмат қилишини англаб етсак ва  бошқаларга ҳам тўғри тушунтирсак яхши бўларди.

"Ўлдирилаётган" вақт уволи

- Уфф, зерикиб кетдим. Кун ўтиши қийин...

Бу каби "оҳ-воҳ"ларни бугун кўп эшитаяпмиз. Шифохонаю санаторийларда, уйда карантинда сақланаётганлардан тортиб ишга, ўқишга бормай турганларгача - телефон титкилашдан чарчаган кўпчиликнинг ташвиши шу. Кимлардир бу вақтдан унумли фойдаланиб, ўқиш-изланиш пайида. Аммо афсуски, айримлар вақтини қандай "ўлдириш"ни билмай оввора.

Талаба танишларимдан бири ТВ орқали видеодарслар берилиши ҳақидаги хабарни анча истеҳзо билан қабул қилди. Сезиб ўтирибман, таҳсил давомида ҳам ёлчитиб ўқимаган йигитча домласининг назоратисиз видеодарс тинглашни ҳазм қила олмаяпти.

Бундан йигирма йил муқаддам Германияда таҳсил олган ҳамкасб дўстим у ердаги университетнинг нақ шаҳардай келадиган ҳудудида бу дарсдан кейингисига улгуриш учун велосипедда боришларини, ўшанда ҳам йўқлама учун эмас, балки азбаройи профессорнинг маърузасидан қолиб кетмаслик учун ҳаллослаб шошишларини, маърузаларни баъзан табиат қўйнида шундоққина велосипедга суянган ҳолда тинглашларини айтиб берганди.

Талаба танишимга шулар хусусида гапириб бердим...

Стационар карантин учун масъуллар "ичкари"даги фуқаролар сўраётган энг зарур воситаларни муҳайё этиш учун тиним билишмаяпти. Афсуски, карантиндаги "зерикаётганлар" негадир "бизга китоб келтириб беринг", дейишга шошилишгани йўқ...

Мутахассисларнинг таъкидлашича, библиотерапия юрак фаолиятини яхшилаб, одам иммунитетини оширишда муҳим ўрин тутаркан.

Яхшиликлар юқтириб яшайлик

Ўтган якшанбада ҳам эрталабдан ишга отландим. Хизматчилик, ҳозир тизимда фавқулодда иш режими... Қолаверса, мавжуд вазиятни холисона ёритиб, турли ваҳимаю миш-мишларга барҳам бериш - менинг вазифам...

Қизим санитария-эпидемиология осойишталик марказида ишлайди. Хизматчилик... Айни кезларда унинг ҳам зиммасида каттагина масъулияти бор...

Ички ишлар идорасида ишлайдиган маҳалладошимни ҳам йўлда кўрдим -  ишга бораяпти...

Аммо таксида ҳамиша бозор йўлагида ўтирадиган пистачини кўриб, ҳайрон бўлдим. У телефондаги танишига "Э, вирусини деб савдодан қолайми?",  деб кетаяпти...

Масъуллардан биридан сиҳатгоҳда карантинда ётган блогерлардан бири санаторий  шароитини талаб қилганини эшитиб, тавба дейсан киши...

Штабимизга қўнғироқ қилган фуқаролардан бири нега бозорда картошка қиммат, деб дағдаға қилади...

Кўчада кайфи тарақ бир кимса "маска" қиммат, деб нолийди...

Менга қўнғироқ қилган блогер навбатдаги миш-миш ҳақида хабар беради...

Аммо...

Шундай синовли кезларда номларини ошкор қилишни истамаган савобталаб кишилар бепул тиббий ниқоб, дока, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатаяпти...

Талабаларни пойтахтдан олиб қайтган олийҳиммат таксичилар ҳақида кўп эшитдингиз, улар қанча савобнинг остида қолган бўлишса...

Карантин муассасаларида, санитария-эпидемиология осойишталик марказларида хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари,  айниқса, эпидемиологлар, инфекционистлар, дезинфекция мутахассислари, уйда изоляция қилинганлардан кунига икки маҳал хабарлашиб,  бошида парвона бўлиб, ҳароратини ўлчаётган патронаж ҳамширалари ҳам - тирик жон, уларнинг ҳам хонадонларида, рўзғорларида ўз ташвишлари бор. Аммо улар ўз вазифаларини виждонан адо этишга интилишмоқда, элнинг юкига елка тутишмоқда... Шунга ҳам "вазифанг-да, қиласан-да...", қабилида иддао қилувчи ношукурлар топилиб турибди...

Ҳа, ана шундай синовли кунларда ниқоблар ортидаги қиёфалар яққол намоён бўлаверар экан. Бу қиёфаларнинг айримларидан "инфекция"дан ҳам хавфлироқ оғу таралади... Шукурки, кўпларидан нур ёғилади. Бу нур тафти ҳар қандай балони куйдириб кул қилишга қодир.

"Юқумли экан, юқтириб олибди..." - кейинги кунларда бу каби сўзлардан юрагимиз безиллаб қолгани рост. Аммо сўзда не айб?! Қолаверса, бу сўзнинг хайрли маънолари ҳам кўп.

Масалан, "юқсин-юқсин!". Бу    халқимиз томонидан айтиладиган энг эзгу тилаклардан бири. Кимнидир ютуғи, қувончини кўрганида "бизга ҳам насиб этсин" маъносида шундай дейилади. Юртимизда Наврўзи оламнинг хуш насимлари кезиб юрган бир пайтда барчамизга яхшиликлар юқтириб яшаш бахти насиб этишини тилаб қоламиз.

Нуриддин ЭГАМОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари 

Report typo