Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Спорт
  • НИҲОЯТ! “НАСАФ” РЕСТАРТДАН СЎНГ БЕШИНЧИ ЎЙИНГА КЕЛИБ ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

Ж.БОЙМУРОДОВ

07.07.2020


НИҲОЯТ! “НАСАФ” РЕСТАРТДАН СЎНГ БЕШИНЧИ ЎЙИНГА КЕЛИБ ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

Футбол

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати – Суперлиганинг бу йилги мавсумини “Насаф” жуда яхши бошлаганди.

“Аждарлар” дастлаб Навоийда “Қизилқум”ни 1:3 ҳисобида мағлуб этган бўлса, 2-турда “Андижон”, 3-турда эса “Сурхон” таслим этилди.

Шундан сўнг тўлиқ уч ойлик карантиндан сўнг 4-тур баҳслари рестарт олганди. “Насаф” рестартни Қаршида “Навбаҳор” жамоасини қабул қилиб, 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этиш билан бошлади.

Ўша турда “Пахтакор”нинг ҳам мағлубиятга учрагани ва “Насаф”нинг турнир пешқадамига айланиб олганини ҳисобга олсак, бу дуранг мухлислар томонидан ғалаба ўрнида қабул қилинди ва барчани бирдек хурсанд этди.

Аммо “Аждарлар”нинг 5-турда “Машъал”, 6-турда мусобақа аутсайдери “Бухоро” билан ҳам дуранг ўйнаши ва еттинчи турда АГМКдан мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олиши мухлисларнинг кайфиятини тушириб юбориш билан бир қаторда жамоанинг турнир жадвалидаги ўрнига ҳам жиддий таъсир этиб, кучли бешликдан ҳам чиқиб кетишига сабаб бўлганди.

Шу боис жамоа аъзолари 8-турда ўз майдонида ўтадиган “Металлург”га қарши баҳсга жиддий эътибор қаратгани табиий. Зеро, бу ўйиндаги натижа жадвалда ёнма-ён турган икки жамоа учун ҳам анча юқорилаб олиш имконини берарди.

Баҳс ҳам шунга монанд қизғин кураш остида кечди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 4 дақиқанинг охирги сонияларига келиб  мезбонлар футболчиси Акмал Мозговой Лобановнинг узоқ бурчагини нишонга олди ва ўйиндаги ягона голга муаллифлик қилди.

Шу билан “Насаф”нинг жами очколари сони 15 тага етди ва жамоамиз турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олди.

Энди “Аждарлар” навбатдаги тур доирасида 14 июль куни “Қўқон-1912” билан водийда куч синашади. Агар қўқонликлар мағлуб этилса, “Насаф” бошқа ўйинлар натижасидан қатъи назар камида кучли учликка кириб олади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo