Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Фирдавсий ЖАББОРОВ

06.11.2018


НОҚОНУНИЙ БИЗНЕСНИНГ СЎНГГИ МАНЗИЛИ

Аммо ҳамма ҳам шундай фикр юритмайди-да. Ундайларга қонунни четлаб ўтиб, солиқ тўлашдан қочиш, шу билан мўмай пул топиш осондек кўринади шекилли. Зеро, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилаётган профилактик суҳбатларга қарамай, айрим тадбиркорлар солиқ қонунчилиги талабларини бузаётган, баъзи фуқаролар эса ҳеч қандай ҳужжатсиз савдо-сотиқ фаолиятини амалга ошираётган ҳолатлар аниқланаётгани ҳам шунга далолат.

Хусусан, яқинда Чироқчи туманидаги “Чиял ғурурим деҳқон (озиқ-овқат) бозори”да ўтказилган ўрганишда ҳам ҳуқуқбузарларга дуч келинди. Маълум бўлдики, фуқаролар Қ.А. 13 турдаги, нархи 3 миллион 60 минг сўмлик, Э.А. 7 турдаги жами 443 минг сўмлик, Н.Х. 15 турдаги 991 минг сўмлик, А.Б. 8 турдаги 2 миллион 240 минг сўмлик алкоголь маҳсулотларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз сотаётганди. Қаердан олиб келинганини тасдиқловчи қоғози бўлмаган товарнинг сифатига қандай ишониш мумкин?! Балки бу маҳсулотларга ишлаб чиқарувчи ёрлиғи қўйилиб, ўзи қўлбола усулда, зарур талабларга зид ҳолда тайёрлангандир. Мана ҳужжат нима учун керак?!

Тадбиркор қинғирликни ўзига эп билдими, демак, унинг оқибатига ҳам жавоб бериши керак. Ўтказилган профилактик тадбир давомида ушбу фуқаролардан алкоголь маҳсулотлари далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.

Шунингдек, солиқ назоратчилари томонидан ушбу бозор ҳудудида Т.Ю.нинг ҳеч қандай ҳужжатларсиз 20 турдаги 1 миллион 217 минг сўмлик дори маҳсулотларини сотаётгани аниқланди. Эҳтиёт чораси сифатида бу маҳсулотлар ҳам вақтинчалик хатланди.   

Эътиборлиси, бугун вилоятимиздаги аксар бозорларда мавжуд савдо талабларига ҳар доим ҳам амал қилинмаслигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Қамаши туманидаги “Чим савдо йўли деҳқон (озиқ-овқат) бозори” ҳудудида кузатилган ҳолат шундай дейишимизга тўла асос бўлади. Бу ерда ҳам фақат ўз фойдасини ўйлаб, қонунни писанд илмас кишилар топилди. Жумладан, фуқаро Г.Б бозордаги махсус жойда алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётгани устидан чиқдик. Лекин тадбиркор ҳужжат тақдим этиш ҳақидаги сўровимизни ижобий қаноатлантира олмади. Ўша ҳужжат аввалдан ҳам бўлмагандан кейин қаердан берсин?! Ҳолат юзасидан дарҳол тегишли чора кўрилди. Фуқародан жами 144 дона қиймати 1 миллион 847 минг сўмлик товарлар олиб қўйилди.

Қамаши туманида олиб борилган мазкур тадбир давомида асосан савдо билан машғул аҳоли вакиллари ўртасида зарур тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди, қонун асосида фаолият юритишнинг афзалликлари ҳақида маълумот берилди. Солиқ қонунчилиги талабларига зид равишда даромад топишга интилаётган шахслар узоққа бормаслиги, юртимизда қонуний тадбиркорлар учун кенг имконият ва енгилликлар тақдим этилгани билдирилди. Бунинг самарасида ҳудудий Давлат хизматлари маркази томонидан 18 нафар фуқаро шу ернинг ўзида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилишига эришилди. Шу билан фаолиятига қонуний тус берилиб, солиқ тўловчилар сони кўпайиши ҳам таъминланди.

Ўз навбатида, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг огоҳлантиришидан тўғри хулоса чиқармай,  ҳужжатларсиз фаолиятини давом эттиришга “бел боғлаган”лар ҳам учради.  Мазкур фуқароларнинг бу хатти-ҳаракати ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиб, улардан далилий ашё саналган савдо маҳсулоти - чет элда ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар вақтинчалик олиб қўйилди.

Ноқонуний тадбиркорликнинг олдини олишга қаратилган бу каби тадбирлар давом этмоқда.

БОЗОРНИНГ КУНЛИК ТУШУМИ 40 МИЛЛИОН СЎМГА ОШДИ

Маълумки, бугунги кунда солиқ идоралари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўғри ва тўлиқ йиғилишини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда ҳудудлар бюджети даромад қисмини кўпайтиришга устувор аҳамият қаратилаётган бир пайтда бу долзарб вазифалардан бири саналади.  

Бунга эса бозорда ундириладиган йиғимлар, ижара тўловларини ҳамда автотураргоҳлардаги тушумларни тўлиқ кирим қилиш, Давлат солиқ хизмати органларида солиқ ҳисобида турмасдан ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган, қўшимча даромад олиб, уни кўрсатмаётган жисмоний шахсларни солиққа тортиш орқали эришиш мақсад қилинган.

Шу маънода Чироқчи туманидаги “Кўктош баракаси деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятида бир марталик йиғимлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақи тушуми юзасидан яна бир бор хронометраж ўтказилди. Тадбир вилоят Давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси, “Автотранс” агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Тадбир давомида бозордаги барча савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, расталар ва улардаги савдо ўринлари, мол бозорига киритилаётган моллар, машина бозорига киритилган машиналар ва бозор автотураргоҳларига қўйилган автотранспортлар сони хатловдан ўтказилди. 

Шундан сўнг, мутасадди ташкилот вакиллари томонидан давлат рўйхатидан ўтмасдан савдо фаолиятини олиб бораётган жисмоний шахсларни якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш ва хусусий автотранспорт воситасида аҳолига пуллик хизмат кўрсатиб келаётган фуқароларга махсус рухсатнома бериш бўйича ишлар олиб борилди. Натижада эса шу вақтгача умумий кунлик тушуми ўртача 20 миллион сўм, дея ҳисоблаб келинган бозорнинг бир кундаги йиғим қуввати 60 миллион сўмдан кўп бўлиши таъминланди.  

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 октябрдан давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказилган хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юборади, камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади. Бу ҳолатда ҳужжатлар тегишли чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилади. 

Шундай экан, жамият мутасаддилари ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, зиммаларидаги вазифаларни ўз вақтида рисоладагидек адо этсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

СОЛИҚ ХОДИМИ – ИНСОФЛИ ТАДБИРКОР КЎМАКЧИСИ

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар асосий мазмуни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган. Соҳа вакили эркин, ортиқча ғов ва тўсиқлардан холи бўлса, турли муаммолар унинг фаолиятига дахл қилмаса, бундай тадбиркордан бемалол юқори натижа кутиш мумкин.

Президентимиз томонидан имзоланаётган тегишли фармон ва қарорларда ҳам тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатини ҳимоя қилиш асосий вазифа қилиб белгилангани ҳам бежиз эмас. Ҳуқуқи кафолатланганига ишонган бизнесмендан эса илғорлик, ташаббускорлик кутиш мумкин.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан Қарши шаҳридаги Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори савдо комплекслари масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган давра суҳбати мавзуси ҳам шу масалага бағишланди. Тадбирда хусусий сектор ривожига қаратилган эътибор, тақдим этилган бисёр қулайлик ва имтиёзлар хусусида маълумотлар берилди.

Масалан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизими такомиллаштирилиб, уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни қайта кўриб чиқиш имкониятини туғдирди.

Бундай талаблардан келиб чиқиб, тизимда муқобил ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилди. Бу ўзгаришлар эса ишбилармонлик муҳитини юксалтиришга ва мамлакатимизнинг   халқаро миқёсдаги рейтинги ошишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Айтиш жоизки, ушбу фармоннинг эълон қилиниши тадбиркорлар фаолияти учун жуда муҳим қадам бўлди. Унда тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунга кўра, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ҳамда назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали тўлаш шарти билан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилгани таъкидлаб ўтилди. Солиқ органи ходими инсофли тадбиркорнинг кўмакчиси бўлиши лозимлиги ҳам қайд этилган.

- Тан олиб айтиш керак, солиқ идораси тадбиркорларга бугунгидек кўмакчи бўлмаган, - дейди Қарши шаҳрилик ишбилармон Аброр Ҳалимов. - Авваллари бирор хато қилсак, келиб огоҳлантиришарди. Бугун эса ўша хатони қилмаслик ҳақида огоҳлантириб, бизни маълум бир оворагарчиликлардан асраб келишмоқда. Шундай экан, биз ҳам фаолиятимизни янада кенгайтириб, солиқларни ўз вақтида тўлаб, юртимиз ривожига ҳиссамизни қўшамиз.

Тадбир давомида тадбиркорларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Фирдавсий ЖАББОРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи

Report typo