Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.ШУКУРОВ, Ж.БОЙМУРОДОВ,

06.09.2019


НОПОК ЙЎЛНИНГ НИҲОЯСИ

Марина Ботирова (мақоладаги барча исм ва фамилиялар ўзгартирилган) турмушидан ажрашиб, яқинларидан олисда, 2 нафар фарзанди билан ижара уйда яшай бошлайди. Табиийки, ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган, бунинг устига ёлғиз яшайдиган жувонга гап отгувчилар топилади. Ачинарли томони, аёл ҳам бу илмоқли гапларни эътиборсиз қолдирмас, ҳатто шайтоний истак измидаги айрим эркакларни уйига бошлаб келиб, кўнгилхушлик қилишни одат қилганди.

Марина билан яқин алоқа ўрнатганлардан бири тумандаги тиббиёт муассасасида ўт ёқувчи бўлиб ишлаган, ёши олтмишни қоралаган Зуҳриддин Жалолов эди. Тўрт нафар фарзанднинг отаси, бир талай неваранинг бобоси бўлган, қуда-андали бу кишининг нопок қадами ҳақида кўпчилик яқинлари ҳам билиб улгурган, ҳатто баъзида ўзи ҳам ёш жувон билан муносабатларини сўзлашдан ор қилмасди.

Маринанинг "дўсти"га айланганлардан яна бир кимса шу туманда яшовчи, 1993 йилда туғилган Ҳақдўст Омоновдир. Ҳали уйланмаган, бутун ҳаёти олдинда бўлган бу йигит ҳам Марина билан муносабатларини ҳеч кимдан яширмас, гўёки ўзини унинг турмуш ўртоғи, ҳимоячиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилар, аслида эса ўрталаридаги муносабат на шаръий, на ҳуқуқий асосга эга эди.

Энди воқеага ўтамиз. Ўша куни қандайдир байрам муносабати билан роса ичган Зуҳриддин Жалолов маст ҳолда Марина ижарада яшайдиган уйга келади. Қаттиқ-қаттиқ гапириб, нималарнидир тушунтира бошлайди. Унинг овозини қўшнилар эшитиб қолишидан чўчиган аёл дарҳол уни ичкарига таклиф қилади. Аммо унинг маст ҳолда, бақир-чақир қилиб келганини сира хушламаётган эди. Натижада икки ўртада жанжал чиқиб, бир-бири томон ёғилаётган ҳақоратлар кейин ур-йиқитга айланади. Бу пайтда Маринанинг уйида яқин таниши бўлган яна бир қиз бор эди. Зуҳриддин Жалоловга кучи етмаслигини билган Марина унга "Ҳақдўстга телефон қил, хотинингни биров ураяпти, деб айт", дея бақиради. Қиз дарҳол у айтган рақамга телефон қилади ва Маринанинг уйида жанжал бўлаётгани, бир эркак уни ҳақоратлаб, ураётгани хабарини етказади.

Ҳақдўст ёнига икки ошнасини олиб, дарҳол етиб келди. Кўрсаки, Марина билан жанжаллашаётган эркак — синфдошининг отаси.

- Сен нима қилаяпсан бу ерда? - унга ўдағайлади Ҳақдўст.

- Сени ким чақирди, бор кўзимга кўринма, - дея жавоб қайтарди Зуҳриддин Жалолов ҳам.

Шундан сўнг Ҳақдўст ва икки шериги унга ташланиб, уриб-тепалаб кетишди. "Жабрдийда" ҳар қанча уринмасин, уч йигитга бас кела олмасди. Йигитлар ҳолдан тойган Зуҳриддин Жалоловнинг оёқ-қўлларини боғлаб қўйиб, ўзлари ичкиликбозликни бошлаб юборишади. Ҳамма ёғи кўкариб, шишиб кетган ўт ёқувчи вақти-вақти билан ўзига келар,  ётган жойида уларни сўкиб, ҳақоратлашга уринарди. Шунда йигитлардан бири туриб, уни тепкилар, оёғининг тагига темир билан уриб қийнар, ҳушини йўқотганидан сўнг эса яна улфатчиликни давом эттиришарди. Энг ачинарлиси, бу зўравонликлар Маринанинг икки нафар вояга етмаган фарзанди кўз ўнгида содир бўлмоқда эди.

 

Кечга яқин Зуҳриддин Жалоловнинг жимиб қолгани қолганлар эътиборини тортди. Йигитлардан бири юрагига қулоқ тутиб кўрди, нафас олмаётган экан. Сўнг бошқалар ҳам югуриб келиб, силкилашга, ҳушига келтиришга уринди, аммо энди кеч бўлганди.

Воқеанинг бундай якун топишини кутмаган шериклар қандай қилиб жиноят изини яшириш ҳақида ўйлай бошлашди. Охири ҳамма бир қарорга келди: кечаси билан шу ерда қолиб, чуқур қазишади ва мурдани ҳовлига кўмишади.

Шундай ҳам бўлди, кечқурун ҳовлидан чуқур қазиб, мурдани кўмишди, сўнг ётиб ухлашди. Эрталаб туришганида кечаги воқеа, қолаверса, ичкилик таъсирида ҳамма карахт, қоринлари оч, аммо ейишга ҳам, ичишга ҳам уйда ҳеч вақо йўқ эди. Ҳеч кимнинг ёнидан пул ҳам чиқмади.

- Бир танишимда 200 минг сўм пулим бор, - деди кеча Маринанинг уйига келган ва ўзи истамаган ҳолда жиноят гувоҳига айланиб қолган  қиз. - Шуни олиб, дўкондан у-бу нарса олиб келаман.

Шериклар унга истар-истамас жавоб беришди. Агар кечаги воқеа ҳақида кимгадир айтгудек бўлса, ўлдириб кетишларини айтиб, оғзига маҳкам бўлиши кераклигини   уқтиришди.

Қизнинг ҳақиқатан ҳам бир танишида 200 минг сўм пули бор эди. Унга телефон қилиб, пулни олиб келишини сўради. Сўнг дўкондан ароқ ва егуликлар олиб, Маринанинг уйига келтириб берди. Ўзи эса яна чиқиб кетди. Унинг хаёлида фақат кечаги воқеалар айланар, бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этмаса, тақдири қандай кечишию, орган ходимларига хабар берса нима бўлиши ҳақида ўйларди. Охири икки кундан сўнг ўзи учун энг тўғри қарорга келди ва ИИБ ходимларига телефон қилиб, жиноят ҳақида айтди.

Телефон қўнғироғидан сўнг ИИБ ходимлари  жиноят содир этилган жойни текшириш билан бир вақтда жиноят тафсилотларини янада аниқлаштириш мақсадида Зуҳриддин Жалоловнинг қаерда эканлиги ҳақида суриштиради. Уйидагилар уни дастлаб ишда деб айтади. Аммо ишхона вакили уч кундан буён ишга бормагани ҳақида билдиргач, "Нишон туманида яшовчи қариндошларимизникига кетган бўлса керак", деб жавоб беришади. Тез орада у ерда ҳам йўқлиги аниқланади. "Бўлмаса бир бузуқни топиб олган, шу билан юргандир-да", дейди турмуш ўртоғи бамайлихотир.

Қаранг, бир киши уч кундан буён уйга келмаяпти. Аммо бу нарса оила аъзоларини умуман қизиқтиргани йўқ. Ҳа, Зуҳриддин Жалолов мисолида ўз оиласига хиёнат қилиб, ҳаром-хариш йўлга юз бурган кишиларнинг ҳаётда ҳам ўз ўрни, обрў-эътиборини йўқотишларига яна бир бора амин бўласан киши. Оқибат эса бундан-да аянчли якун топди. У фарзандларига бош бўлиб, невара-чевараларига панд-насиҳат қилиб, пиру бадавлат отахон сифатида кексалик гаштини суриши,  чиройли умргузаронлик қилиши ҳам мумкин эди. Бироқ шайтоний истак илинжида оиласига хиёнат қилиб, нопок йўлга юз буриб, салкам олтмиш ёшида кичик ўғли тенги йигитлар билан бир аёлни талашиб, шармандали ўлим топди.

Энди ҳали катта ҳаёт остонасида турган, уйланиб, бир оилага бош бўлиши, жамиятда ўз ўрнини топиб, обрў-эътибор орттириши мумкин бўлган Ҳақдўст Омонов ва икки шеригининг ҳам тақдири аниқ...

Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра, Ҳақдўст Омонов 17 йил, шериклари Шаҳзод Моҳиров 17 ҳамда Зоҳир Одилов 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, Марина Ботировага нисбатан жазо тайинлашда суд унинг ёшлиги, аёллиги, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, воқеанинг пассив иштирокчиси эканлиги ва бошқа омилларни ҳисобга олиб, унга нисбатан 12 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

Шунга айтадилар-да, ҳар кимнинг кори аъмоли - ўзига, деб.

Ж.ШУКУРОВ,

вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Ж.БОЙМУРОДОВ, журналист

Report typo