Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

13.06.2017


НОЗИКОЙ САФАРОВА –

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, айни пайтда вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларида 30 минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритмоқда. Улардан бири   Китоб туман тиббиёт бирлашмаси урология бўлимида ишлаб келаётган Нозикой Сафарова. У ўз  касби сир-асрориларини пухта ўзлаштирган, масъулиятни ҳис этадиган, бурчи ва виждони олдида сергак турадиган тажрибали ҳамширалардан. Буни у Қарши тиббиёт коллежида бўлиб ўтган “Ҳамшира-2017” кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб чиқиб яна бир бор исботлади.

Жойларда тиббий хизмат маданиятини юксалтириш, ҳамширанинг касбий билимини, истеъдодини намойиш этиш, улар ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш  мақсадида ташкил этилган ушбу кўрик-танловда Қарши шаҳар ва туманлар босқичида ғолиб бўлган 18 нафар тиббиёт ҳамшираси ўз маҳоратини намойиш этди.

 Танлов иштирокчилари 3 шарт бўйича беллашдилар. Улар биринчи шартда ўзи, касби, яшаётган ҳудуди, меҳнат қилаётган жамоаси, у ерда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар тўғрисида лавҳалар видеороликлар ёрдамида тақдимот қилишди. Иккинчи шарт тиббиёт соҳасига доир назарий билимлар синови бўлиб, махсус  тайёрланган саволлар орқали иштирокчиларнинг билимлари текширилди. Кўрик-танлов иштирокчиларининг тиббий, ижтимоий-сиёсий билимлари учинчи шарт бўйича баҳоланди. Бунда мамлакатимизда ўтказилаётган туб ислоҳотлар моҳияти, ҳамшираларнинг бу жараёндаги ўрни ва вазифалари,  беморларнинг шикояти, лаборатория маълумотлари ва бошқа тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида олинган таҳлилий маълумотларга қараб, касаллик белгиларини аниқлаш ва биринчи ёрдам кўрсатишни қай даражада билишлари тест саволлари орқали аниқланди. 

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг биринчи ўринга Нозикой Сафарова лойиқ деб топилди.  Иккинчи ўринни вилоят перинатал маркази 1-акушерлик бўлими ҳамшираси Насиба Ибрагимова, учинчи ўринни эса вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамшираси Нафиса Қурбонова қўлга киритди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo