Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

25.06.2021


ОАВ ВАКИЛЛАРИ УЧУН КИТОБЛАР ТЎПЛАМИ

Тақдимот

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари, блогерлар иштирокида "Оммавий ахборот воситалари - жамият кўзгуси" мавзусида тадбир ташкил этилди.

Қайд этилганидек, эл-юрт манфаати йўлида ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб, ўзини ўтга-чўққа урадиган, шахсий ҳаётини хавф остига қўйишдан ҳам қўрқмайдиган журналистлар фаолияти ҳар қанча эътироф, эҳтиромга лойиқ. 3 май - Жаҳон матбуоти эркинлиги куни, 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни жонкуяр ижодкорлар фаолиятига бўлган эътибор ифодасидир.

Учрашувда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, биргаликда турли тадбирларни ўтказиш хусусида сўз борди.

Шу билан бирга, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги "Маърифат" тарғиботчилар жамияти томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида чоп этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Мазкур китоблар тўпламида "Жаҳолатга қарши маърифат", "Илмдан бошқа нажот йўқ", "Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари", "Диний бағрикенглик ва мутаассиблик" (юз саволга юз жавоб), "Ислом маърифати ва ҳозирги замон", "Диний мутаассиблик: моҳият, мақсадлар ва олдини олиш йўллари", "Миссионерлик: моҳият, мақсадлар, оқибатлар ва олдини олиш йўллари" (юз саволга юз жавоб), "Ислом ниқоби остидаги экстремистик ва террорчи уюшмалар" каби қўлланмалар ва маълумотлар тўплами мавжуд.

Тадбирда журналист ва блогерларга фаолиятда фойдаланиши учун ушбу китоблар тўплами ҳамда Абул Мўъийн ан-Насафий ҳаёти ва асарлари хусусидаги "Жаҳолатга қарши курашган буюк аллома" китоби тақдим қилинди.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo