Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

10.03.2020


"ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ" 5 МУҲИМ ТАШАББУС АСОСИДА ЎТДИ

Ёшлар ва давр

ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда Қарши ҳарбий прокуратураси билан ҳамкорликда "Очиқ эшиклар куни" тадбири ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурган 5 муҳим ташаббус ҳамда 2019 йил 13 декабрдаги тегишли фармойиш асосида ўтган тадбирда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Қашқадарё академик лицейи ўқувчилари иштирок этди.

Дастлаб ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ўртасида расм чизиш мусобақаси ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Ҳарбий қисмнинг ёш хизматчилари ва академик лицей ўқувчилари ўртасидаги спортнинг футбол, волейбол ҳамда шахмат-шашка турлари бўйича мусобақа қизиқарли тус олди. Ғолиб ёшлар совғаларни Қарши ҳарбий прокурори ва ҳарбий қисм командиридан қабул қилиб олишди.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида "Ўздавкитобсавдотаъминот" МЧЖ томонидан ташкил қилинган китоб ярмаркаси ҳам эсда қоларли бўлди. Унда 450 номдаги бадиий, илмий, сиёсий, ҳуқуқий, болалар адабиётлари ҳамда тарихий китоблар намойиш этилди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўзларига манзур бўлган китобларни харид қилишди.

- Бундай тадбирлар ҳар ойда, қолаверса, турли байрамлар муносабати билан ташкил этиб борилади, - дейди ҳарбий қисм тарбиявий ва мафкуравий бўлинмаси бошлиғи Достон Ражабов. - Албатта, ҳарбийлар ҳаёти билан бевосита танишиш ёшларда ушбу касбга қизиқишни орттириб, уларнинг мақсадини янада қатъийлаштирса, ҳарбийларнинг оила аъзолари эса турмуш ўртоғи ёки ота-онаси хизмат қилаётган ҳарбий қисмдаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

НАСРИДДИН

Report typo