Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

18.05.2020


ОДАМ ЭМАС, ҚОҒОЗ ГАПИРСИН ЭКАН

Акс-садо

Шаҳрисабз тумани Шакартери МФЙ Шовкан қишлоғида яшовчи Суҳроб Жўраевнинг 2020 йил 7 майда youtube.com ижтимоий тармоғи орқали Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган мурожаати бўйича Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги қуйидагича муносабат билдирди:

“Фуқаро Суҳроб Жўраевнинг видеомурожаати туман ҳокимлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги бўлими масъул ҳодимлари иштирокида жойига бориб ўрганилди.

С.Жўраев ўз мурожаатида 2019 йилнинг январь ойидан буён уй шароитида паррандачилик билан шуғулланиб келгани, шу давр оралиғида 2 кишини доимий, 4 кишини мавсумий равишда бандлигини таъминлагани, уйда парранда боқиш қўшниларга зарар келтиргач, ўз фаолиятини тўхтатгани, шунингдек, туман ҳокимлигига парранда боқиш учун ер сўраб ариза билан чиққанини айтиб ўтган.

Лекин, мурожаатни ўрганиш чоғида фуқаро 1 йил давомида паррандачилик билан шуғулланган бўлса-да, якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтмагани, қолаверса, доимий ва мавсумий ишчилар бўйича ҳуқуқий асослантирилган ҳужжатлар йўқлиги аён бўлди.

Ўзининг айтишича, у бир йил давомида бу фуқароларга ўз ёнидан иш ҳақи тўлаб келган. Бу билан С.Жўраев Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси талабларига амал қилмай, фуқаролар кучидан норасмий фойдаланиб келган. Шунингдек, у “Фаолиятим давомида ҳар 40 кунда халқимиз дастурхонига 2 тоннадан 7 тоннагача товуқ гўшти маҳсулотини етказиб берганман”, деган важига ҳам асослантирувчи ҳужжатларни тақдим эта олмади. Чунки унинг қўлида етиштирган маҳсулотининг ҳажми, ишлаб чиқаришдан олган даромад ва тўланган солиқлар ҳақида ҳам ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ.

Тўғри, фуқаро С.Жўраев жорий йилнинг 11 май куни туман ҳокимлигига паррандачилик фирмасини ташкил этиш учун онлайн ариза билан мурожаат этган. Ушбу ариза Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига асосан тегишли ташкилотга ўрганиб чиқиш учун юборилган.

Фуқаро С.Жўраев, аввало, амалдаги қонунларимизга асосан паррандачилик фаолияти билан шуғулланиши учун якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, ўз бизнес лойиҳасини экспертизадан ўтказиб асослантира олса, унга паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун лалми майдондан ер ажратиш масаласи қонунда белгиланган тартибда ҳал этилади”.

Туман ҳокимлигининг муносабатидан ишлайман, даромад топаман, деган одамга ёрдам бериш истаги эмас, “Нега Президентга мурожаат қиласан, энди ўзингдан кўр, мана, фаолиятинг қонунга зид экан-ку”, деган иддао бўртиб турибди. Нима эмиш, фуқаро 5-6 одамга ёнидан ҳақ тўлаб, Меҳнат кодекси талабларини бузганмиш. Эй мутасаддилар, бир одам ўзидан ортиб бошқаларниям даромадли қилган экан, уни айбдор қилиш ўрнига фаолиятини ривожлантиришига кўмак берсангиз-чи. Қаршингизда тирик одам турганда, аллақандай қоғозларни суриштираётганингиз нечук?!

Ишлаб, даромад топишига кўзи етаётгандирки, Президентгача чиқишга мажбур бўлибди.

“...якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтса...”, “ўз бизнес лойиҳасини экспертизадан ўтказиб асослантира олса...” Нима деган гап бу? Шуми ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор? Балки сизлар шу қадар юқоридан келганингиз учун фуқаро давлат раҳбарига мурожаат қилишга мажбур бўлгандир?!

Report typo