Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Сиёсат
  • ОДАМЛАР ЯХШИ ЯШАШИ УЧУН ЗАРУР ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ – БАРЧА РАҲБАРЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИДИР

ЎзА

28.02.2017


ОДАМЛАР ЯХШИ ЯШАШИ УЧУН ЗАРУР ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ – БАРЧА РАҲБАРЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИДИР

Давлатимиз раҳбари 24 февраль куни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, енгил саноат ва энергетика корхоналарини ташкил этиш лойиҳалари билан танишди, янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларда бўлиб, одамлар билан дилдан суҳбатлашди. Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди.

Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифининг иккинчи кунини Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида фуқаролар йиғини ходимлари ва профилактика инспектори биргаликда ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишишдан бошлади.

Маҳаллаларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири бугунги кунда ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини такомиллаштириш, унинг вазифа ва ваколатларини кенгайтириш, одамлар ҳаётидаги ролини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Қарши шаҳрида ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини ошириш, улар учун замонавий шароит яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда "Гулшан" маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилгани бунинг далилидир.

Маҳалла идорасининг замонавий биносида барча шароит яратилган. Маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилиб, компьютер, мебель, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Профилактика инспектори хонаси маҳалла ҳудудидаги жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиб туриш имкониятини берувчи монитор билан жиҳозланган.

Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши лозим. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул – ҳаммасини билиши даркор. Ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан хабардор бўладиган масканга айлантиришдир.

Гулшан маҳалласи Қарши шаҳридаги намунали маҳаллалардан. Уч ярим мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳалла ҳудудида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда фуқаролар йиғини раиси ва ходимлари профилактика инспектори билан биргаликда иш олиб боради. Президентимиз ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанба куни "Профилактика куни" деб белгилангани бу йўналишдаги чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, маҳалла ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Президентимиз фуқаролар йиғинлари ва профилактика инспекторлари бирга ишлайдиган янги тизим яратиш зарурлигини қайд этди. Шаҳардаги барча милиция таянч пунктларини бир-бири билан боғловчи оптик толали тизим барпо этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

"Гулшан" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида профилактика инспектори оиласи билан яшаши учун турар-жой барпо этилган. Давлатимиз раҳбари ушбу хонадонда яратилган шароитлар билан танишди.

Бундай уйлар профилактика нозирларининг кечаю кундуз ўз ҳудудида бўлиб, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашида муҳим аҳамиятга эга, деди Президентимиз. Шунинг учун Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган барча профилактика инспекторларига мана шундай уйлар қуриб бериш зарур. Бу ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.

“Асинза-БЗ” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган, қиймати 8,7 миллиард сўмни ташкил этадиган маданият ва истироҳат боғида шаҳар аҳолиси, айниқса, болажонлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва мириқиб дам олиши учун барча қулайликлар муҳайё қилинади. Хитойнинг “Zhengzhou Beston Amusement Equipment Co. Ltd.” компаниясида ишлаб чиқариладиган замонавий аттракционлар олиб келиб ўрнатиш, замон талаблари асосида спорт ва болалар майдончалари қуриш режалаштирилмоқда.

Асосий мақсадимиз – халқимизни рози қилиш, одамларнинг фаровон яшаши учун барча имкониятларни яратишдир, деди Шавкат Мирзиёев. Одамлар бўш вақтида бу ерга келиб мароқли дам олса, фарзандлари, набираларининг қувончини кўрса, кулгуларини эшитса, ҳаётдан кўнгли тўлади, руҳи кўтарилиб, янги-янги марраларга интилади.

Президентимиз боғда яшил майсазорларни кўпайтириш, турфа гул ва манзарали дарахтлар экиш, бу ерга ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратиш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳридаги илгариги “Насаф” стадиони ҳудудида барпо этилаётган замонавий сузиш ҳавзаси ва дам олиш мажмуаси лойиҳаси билан танишди.

25х11 метр ўлчамдаги иккита сузиш ҳавзаси ҳудудда сув спорти турларини янада оммалаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, келажакда жаҳон ва Олимпия чемпионларини тарбиялашга хизмат қилади.

Бу ерда яратиладиган замонавий шароитлар барчага манзур бўлиши муқаррар. Сувни тозалаш, иситиш, ҳароратни мўътадил сақлаш ускуналари ўрнатиладиган бассейнлар бу ерга келувчиларнинг сузиш маҳоратини ошириш, соғлиғини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ёшларимизнинг баркамол ўсиб-улғайиши учун барча шароитларни яратишимиз керак, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев. Шунда улар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлади.

Мажмуани жиҳозлашда илғор ва тежамкор технологиялардан самарали фойдаланиш, кийиниш, ювиниш хоналарида барча қулайликларни яратиш бўйича зарур топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Жайхун кўчасида қурилаётган 5 қаватли замонавий турар-жой бинолари лойиҳаси билан танишди. Ушбу кўчада аҳоли учун 25 та ана шундай кўп қаватли уй барпо этилади. Ҳудудда давр талаблари асосида фаолият юритадиган ресторанлар, супермаркетлар, иссиқ нон ва озиқ-овқат дўконлари, кафе ва чойхоналар, гўзаллик салонлари, сартарошхона ва автомобиллар турадиган жой қуриш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев Қарши туманида барпо этиладиган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводи лойиҳасини кўздан кечирди.

“Universal max service” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион доллардан иборат. Корхонада замонавий технологиялар асосида йилига 180 минг тонна чиқиндини йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бугунги кунда дастгоҳлар сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Чиқиндиларни қайта ишлаш атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришда муҳим омилдир, деди Президентимиз. Бу шаҳардаги санитария ҳолатини янада яхшилашда, аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш ва бандлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз “Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамияти томонидан Буюк Британиянинг “Rodex Trading Limited” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган кукун шаклидаги антибиотик дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Қиймати 5 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган ушбу лойиҳага кўра клафоран, цефомед, гентомицин, цефазолин, цефотаксим ва бошқа турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари доривор ўсимликларни қайта ишлаш, тиббий мойлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаларини кўздан кечирди.

Қашқадарё воҳасининг пурвиқор тоғлари, бепоён қиру адирларида шифобахш гиёҳлар, бута ва дарахтлар сероб, деди Президентимиз. Уларни қайта ишлаш асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш ҳар жиҳатдан самарали ва истиқболлидир. Соҳада ҳар бир тадбиркорга зарур имтиёз ва қулайликлар яратиш лозимлиги қайд этилди.

Лойиҳада тирноқгул, зубтурум, ошқовоқ уруғи, тоғ райҳони, наъматак, кийик ўти, далачой, мойчечак каби ўсимликлардан доривор чойлар, бодом, канакунжут, шафтоли, зиғир, седана, ўрик, маврак сингари бута ва дарахт меваларидан шифобахш мойлар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Лойиҳани амалга ошириш натижасида юзга яқин иш ўрни яратилади.

Президентимиз Қарши шаҳрида электроника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Бу ерда йилига TCL бренди остида 25 минг дона замонавий телевизор, 15 минг "Samsung" чангютгичи, 100 мингдан ортиқ розетка ва электр узатгич маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Маҳсулот нархини арзонлаштириш ва уларни экспортга йўналтириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, корхона фаолиятига коллеж битирувчиларини жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳрида қурилаётган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиаллари лойиҳалари тақдимотида ҳам иштирок этди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширишимиз зарур бўлган ишларимиз кўп. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар анчагина. Мавжуд марказлар филиалларини вилоятларда ташкил этиш билан кўплаб масалаларга ечим топиш мумкин, деди Президентимиз.

Аҳолига эндокринология соҳасида профилактика, диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизими яратилгани халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Соҳага илғор илм-фан ютуқлари жорий қилинаётгани натижасида гипофиз бези, қалқонсимон без хасталиклари, қандли диабет асоратлари туфайли келиб чиқадиган буйрак етишмовчиликлари ва бошқа оғир хасталиклар самарали даволанмоқда.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг 150 ўринли Қарши филиалида йилига 700-800 жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва диабетология, қалқонсимон без ва диабетик тўпиқ жарроҳлиги каби бўлимларни ўз ичига олган марказ энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланади.

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиалида клиник-биохимик лаборатория, автоклав, поликлиника, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлими, аритмология, артериал-гипертензия, юрак ишемик касалликлари, реабилитация, кардиожарроҳлик бўлимлари ташкил этилади. 120 ўринли филиал жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, бу филиалларнинг ташкил этилишидан мақсад аҳолига янада кўпроқ қулайлик яратиш, уларнинг соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш эканини алоҳида таъкидлади. Тиббиёт ходимлари беморнинг келишини кутиши керак эмас, аҳоли орасида юриб профилактика ва тиббий маданиятни ошириш, касалликнинг олдини олиш билан шуғулланиши лозим.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг янги биноси лойиҳаси билан танишди.

Бугунги кунда мазкур шифохона 1990-йилларда қурилган бинода жойлашган бўлиб, бу аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланадиган шифохонада вирусли гепатитнинг олдини олиш, диагностика ва даволаш ишлари олиб борилади.

Вилоятда поликлиникалар, туман тиббиёт бирлашмалари фаолиятини такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам хизматларини янгидан ташкил қилиш, қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш, тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича марказлар ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳайкали, Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳи реконструкцияси лойиҳалари билан танишди.

Абдулла Орипов ўзбек адабиётини янги босқичга кўтарган нодир истеъдод соҳиби эди. Унинг юксак бадиий, теран фалсафий шеърлари халқимиз кўнглидан чуқур жой олган. Драматик ва публицистик асарлари, достон ва таржималари адабиётимиз ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган.

Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи сифатида халқимиз қалбида мангу яшайди. Қаҳрамон шоиримизнинг ҳайкали Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида бунёд этилади. Бу ёшлар учун фахр ва ғурур тимсоли, маънавий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз ҳайкал лойиҳасини такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов мактаби ва музейини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Абул-Муъийн Насафий XI асрда яшаган, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломалардан биридир. Буюк бобомизнинг илмий асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари бу қадамжони кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, аллома асарларини таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи, одамлар билан самимий мулоқотлар воҳа халқига катта хурсандчилик бағишлади, белгилаб берилган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар вилоят ривожини янги босқичга кўтаради.

ЎзА

 

 

 

 

Report typo