Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ОДИНА МАСЖИДИДА ТАРИХНИНГ СИРЛИ ХИЛҚАТЛАРИ АКС ЭТГАН МУЗЕЙ ЖОЙЛАШТИРИЛДИ

15.10.2021


ОДИНА МАСЖИДИДА ТАРИХНИНГ СИРЛИ ХИЛҚАТЛАРИ АКС ЭТГАН МУЗЕЙ ЖОЙЛАШТИРИЛДИ

 

Қатағон қурбонлари хотираси

Маълумки, мамлакат ҳукуматининг 2017 йил 22 ноябрдаги тегишли қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси ва 12 та вилоятдаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейлари очилган эди.

Жумладан, Қарши давлат университети ҳузурида ҳам  бундай музей ташкил этилиб, унга Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ мажмуасидан иккита хона ажратилганди. 2018 йилнинг август ойида очилган бу маскан 3 йилдан ортиқ вақт давомида самарали фаолият юритиб келаяпти.

Жорий йил  31 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказилган учрашувда Қарши шаҳридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейини Одина масжидида жойлаштириш бўйича таклиф киритди.

- Шундан сўнг тегишли "йўл харитаси" тузилиб, ишлар бошлаб юборилди, - дейди Қатағон қурбонлари хотираси Давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов. - Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳида жойлашган экспонатларни бу ерга кўчириш билан бир қаторда, музей фондини тубдан бойитиш, ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратишга эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, Одина масжиди ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг ёдига дарҳол мустабид тузум даврида миллий маданиятимизга, маънавиятимизга қилинган хуружлар тушади.

Боиси 1386 йилда Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилган бу масжид рус босқинчиларининг шаҳарга кириб келиши биланоқ тўпга тутилди, олд айвон қисми бузиб ташланди. Шунга қарамай, ўтган асрнинг 30-йилларига қадар бу ерда намоз ўқилиб, жума ибодатлари адо этиб келинаётган эди. Аммо биринчи галда миллатнинг маънавияти, маданиятига қарши курашни ўз сиёсатининг устувор йўналишига айлантирган чор ҳукумати 1930 йилларга келиб ушбу муқаддас мажмуани аввалига омборхона, бироз ўтиб эса қамоқхонага айлантирди.

Фақатгина Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги олдидан, аниқроғи, 2004 йилда ҳибсхона бошқа ерга кўчирилган ва Одина масжиди қайта тикланган эди.

Тарихнинг ана шундай талотўпларини бошидан кечирган, мустабид тузум даврининг аёвсиз зулмларига гувоҳ бўлган мажмуада вилоятнинг айнан  ўша даврини акс эттирадиган музейнинг ташкил этилиши ҳар томонлама рамзий ифодага эга бўлди.

Музей 4 та зал ва 11 та бўлимдан иборат бўлиб, унда Ўрта Осиёнинг Россия империяси томонидан босиб олинишидан тортиб, халқимизнинг бугунги фаровон кунларига қадар бўлган даврни акс эттирадиган турли буюмлар, ҳужжатлар, фото ва видео материаллар билан танишиш мумкин.

Мажмуага кириб боришингиз билан сизни музейнинг биринчи зали қарши олади. Залнинг аввалидан Марказий Осиёнинг Россия империяси томонидан босиб олиниши ва маҳаллий халқнинг босқинчиларга қарши курашини акс эттирувчи турли экспонатлар ўрин олган.

Кейинги бўлимларда эса ташриф буюрувчилар эътиборини миллий уйғониш ҳаракати, Туркистон мухторияти ҳукуматининг тузилиши ва совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1917-1924 йиллар), "коллективлаштириш", "қулоқлаштириш" сиёсати, 30-йиллар бошидаги ҳамда 1937-1938 ва 1940-1950 йиллардаги шафқатсиз қатағонлар, бу даврда вилоят аҳлининг бошига тушган мусибатларни акс эттирувчи турли экспонатлар тортади.

Айнан шу бўлимларда рус босқинчиларига қарши курашган, миллатни маърифатга чорлаган, халқнинг миллий қадриятларини асраб қолиш йўлида ўлимга ҳам тик борган кўплаб қашқадарёликлар ҳақида маълумотга эга бўлиш мумкин. Бу маълумотлар, экспонатларнинг аксарияти бошқа манбаларда учрамаслиги билан ҳам эътиборга молик.  Улар келажакда кўплаб илмий изланишларга, вилоят тарихининг ҳали  очилмаган саҳифаларини ёритишга асос бўлиши муқаррар.

Музейнинг иккинчи зали эса тўлалигича ўтган асрнинг 80-йилларидаги "Пахта иши" кампанияси даври учун ажратилган. Бу бекорга эмас. Халқимиз бошига аёвсиз кулфатларни ёғдирган "пахта иши"  доирасида Ўзбекистондан 25 минг киши терговга тортилган бўлса,  шунинг 10 минг нафари қашқадарёликлар эди. Уларнинг 3 минг нафари эса қамалган.

Масалан, биргина Муборак туманининг "Гулистон-30" хўжалигидан 19 киши "пахта иши"да айбланиб қамоққа олинган. Хўжаликнинг бош ҳисобчиси Эшмурод Холиқулов, ҳисобчи Фозил Тўймуродов, иқтисодчи Икром Жумаев, бўлим бошлиқлари Матниёз Баиров, Эрдон Холмуродов, Малла Эгамшукуров ва яна кўплаб ходимлар бирваракайига қамоққа олиниб, турли зулмларга гирифтор этилган, шафқатсиз қийноқларга солинган.

Музейдаги  ушбу бўлимдан нафақат "пахта иши"да айбланиб, қамалган воҳадошларимизнинг фотосуратлари, таржимаи ҳоли, балки уларнинг қамоқдан уйга, юқори идораларга ёзган ўкинчли мактублари, улар ҳақида турли йилларда газета ва журналларда чоп этилган мақолалар, суд ҳужжатлари ҳам ўрин олган.

- Бундай маълумотларни излаб топиш осон бўлмади, - дейди музей директори Дилнавоз Раҳматова. - Фондни бойитиш учун ҳар бир маҳалла кесимида уйма-уй юриб, "пахта иши"да айбланган кишилар, уларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид экспонатларни тўпладик. Бу ишни энди янада қатъий давом эттирамиз. Чунки энди жойимиз  кенг, ҳамма шарт-шароитларимиз етарли, шундай экан, бор эътиборимизни фондни бойитишга қаратамиз.

Хуллас, вилоятнинг мустабид тузум давридаги оғир йиллари акс этган экспонатлар билан танишиб, кейинги бўлимга ўтасиз. Бу бўлимдаги экспонатлар эса беихтиёр кишига ғурур, ифтихор тўйғуларини бағишлайди. Ушбу бўлим Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида халқимизнинг мустақилликка эришиши, мустабид тузум сиёсатининг ноҳақ қурбони бўлган кўплаб юртдошларимизнинг номлари оқланиши, тарихий ёдгорликларимизнинг қайта тикланиши йўлида олиб борилган эзгу ишларни акс эттирувчи экспонатлар билан бойитилган.

"Янги Ўзбекистон" дея ном олган охирги бўлимда эса бугунги тинч, осуда кунларимиз, халқимизнинг фаровон ҳаёти, мамлакатимизнинг ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар акс этади.

Эътиборли томони, экспонатлар, уларнинг тарихи, шу даврга оид турли воқеалар билан нафақат музей мутахассислари, балки ҳар бир бўлим учун ажратилган замонавий технологиялар - сенсорли экранлар ёрдамида ҳам танишишингиз мумкин.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 

Report typo