Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Эшпўлат ЖАББОРОВ

12.01.2017


ОИНАЙИ ҲАЁТ

Бироқ унинг яқин тарихига назар ташлаш орқали бу даражани сақлаб қолиш осон бўлмаганига амин бўламиз. ХХ аср бошларида миллий истиқлол учун курашчиларнинг олдинги сафларида бўлган ажойиб педагог, таниқли ёзувчи ва давлат арбоби Абдулла Авлоний тилга миллатнинг руҳи, қадрияти ва истиқболини белгилаб берувчи воситалардан бири сифатида қараб, "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ" номли асарида: "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган оинайи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллат тилини йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур," дея ёзган эди.

Ўша даврларда кўп шевали ўзбек тилининг ягона адабий орфографик нормасини ишлаб чиқиш йўлида қилинган саъй-ҳаракатлар ҳар қандай таҳсинга лойиқдир. Бундай мураккаб ва қийин ишлар зиммаларига тушган Мунавварқори Абдурашидхонов, Шорасул Зуннун, Қаюм Рамазон, Абдурауф Фитрат, Ашурали Зоҳирий ва бошқа етук тилшунослар аср бошида янги очилган мактаблар учун она тилидан дастлабки дарсликларни яратишди. Ўзбек тилининг амалий ва ҳатто айрим назарий масалалари улар томонидан яратилган дастур ва дарсликларда ўз аксини тўла маънода топган эди, дея оламиз.

Бу даврдаги ёзма тарихий, адабий, илмий манбалар шуни кўрсатадики, янги усулдаги мактаблар учун дастлаб дастурлар ишлаб чиқилган бўлса-да, ўзбек тилининг адабий нормалари ва илмий асослари яратилмагани боис, дарсликларни ёзишда бир қатор қийинчиликларга дуч келинди. Улар кўпроқ ўз тажрибаларига, ва айтиш жоизки, бу борада маълум муваффақиятларни қўлга киритган қардош туркий миллат зиёлиларига таянишди. Ўз даври учун ҳам, бугунги кун учун ҳам анча мукаммал дарсликлар яратган профессор Абдурауф Фитрат қуйидагиларни ёзган эди: “...Бизнинг шаҳарларимиз кўплаб йиллардан бери араб, форсий адабиётнинг ҳукми остида яшайди. Шунинг учун бизда шаҳар тили бузулғондир. Тилимизнинг соф шаклини даладаги эл-аймоқлардан кўра оламиз”. Кўринадики, ўша давр зиёлилари халқ тили адабий тилни бойитувчи асосий манба эканини тўғри англаб етган эдилар. Шу боис ўзбек тилига четдан кирган сўзлар, биринчи навбатда арабий, форсий тил бирликлари ўрнига ўзбек тилининг ўзида мавжуд бўлган муқобилларини топиб қўйишга интилдилар.

Ниҳоят, ХХ асрнинг 30-йилларига келиб она тили дарсликлари олам юзини кўрди. Халқ болалари ўз она тилининг қонун-қоидаларини ана шу дарсликлардан топдилар, шу асосда ҳаминқадар савод чиқардилар. Зеро, бу дарсликларнинг катта қисми илмий ва услубий жиҳатдан ўша давр талабларига жавоб бера оларди. Ўзбек тилининг адабий орфографик нормалари ҳали яратилмаган, илмий истилоҳлари муомалага киритилмаган бир шароитда бундай дарсликлар ва қўлланмаларнинг яратилгани катта жасорат эди. Мунавварқори Абдурашидхонов, Қаюм Рамазон, Шорасул Зуннун ҳаммуаллифлигида битилиб, 1925 йилда Тошкентда нашр этилган "Ўзбекча тил сабоқлиги", Шорасул Зуннуннинг ўша йили нашрдан чиққан "Ўзбекча тил қоидалари" ҳамда Абдурауф Фитратнинг "Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Сарф. Наҳв" асарлари хусусида шундай фикрларни айтиш мумкин. Бу асарлар нафақат ўша давр, балки бугунги кун учун ҳам бирдай муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Қатағон даври бошлангач, тилни ҳимоя қилган зиёлилар аёвсиз жазоланди. Шу билан бирга, тилнинг ўзи ҳам таъқиб остига олинди. Ўзбек тилига кўрсатилган зуғум ва камситишлар собиқ шўролар даврига хос бир услуб эдики, тузум ижодкорлари шу йўл билан миллатнинг ўзлигини йўқотишга эришмоқчи бўлган. Аламлиси, бу таъқиб узоқ давом этди.

...1989 йилнинг 21 октябри. Миллат тили Давлат тили мақомини олди ва ўзбек халқи ҳаётида яна олдинги ўринга қўйилди. Бу тарихий воқеа Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг улкан жасорати, доно ва оқил сиёсати эвазига юзага чиққанини ўзбек халқи унутмайди.

Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг қабул қилиниши ўзбек тилини олий даражадаги анжуманларда ҳам қўлланадиган, давлатимизнинг расмий ҳужжатлари юритиладиган, ривожланиши ва тараққиёти қонун билан белгилаб қўйилган бир тилга айлантирди.

Юқорида буюк ватандошимиз Абдулла Авлонийнинг фикрларини бекорга келтириб ўтмадик. Зеро, тил шундай кучли бир қуролки, у миллат руҳини уйғотади, ўзлигини танитади, эркин ва озод яшашга ўргатади. Шундай экан, уни асраб-авайлаш, софлиги учун жон куйдириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Эшпўлат ЖАББОРОВ, Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, филология фанлари номзоди

Report typo