Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Ҳоким икки “заправка” орасида клиника қуришга рухсат берган. Иш судда кўрилмоқда

09.07.2020


Ҳоким икки “заправка” орасида клиника қуришга рухсат берган. Иш судда кўрилмоқда

Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев икки “заправка” орасида хусусий клиника қуришга рухсат бергани ортидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси мулкдори, тадбиркор Бахтиёр Раҳимов шаҳар ҳокимининг ушбу қароридан норози бўлиб, судга мурожаат қилди. Бу ҳақда daryo.uz нашри ёзмоқда.

Айтилишича, судьянинг “Суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган қарорни Қарши шаҳар ҳокими қандай қилиб қонунга мувофиқлаштирган?” деган саволига ҳокимлик ҳуқуқшуноси жўяли жавоб бермаган. Ҳуқуқшунос вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси шаҳар ҳокимлигига хулоса хати берганини, унда “Таъминот савдо сервис” МЧЖ раҳбарлигидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси омбори атрофи девор билан ўраб олинса, клиника билан оралиқ масофа тўғри келиши мумкин, деган тўхтамга келинганини айтган.

Хусусий клиника масъули ёнилғи қуйиш шохобчаси муҳофаза майдонида қурилиши бошланган тиббиёт муассасаси учун айни кунга қадар 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфлангани, шу боис “заправка” эгаси билан келишиб, муаммони бартараф қилиш ниятидалиги, деворни ўз ҳисобидан қуриб бериш ва ўртада 25 метр масофа қолдирилишини маълум қилган.

Муаммо ва тадбиркорни ташвишлантираётган жиҳат шундаки, келгусида беморлар даволанадиган клиника автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасининг 80 минг литрдан ортиқ ёнилғи сақланувчи омбори ёнида қурилмоқда. Масалага суднинг навбатдаги мажлисида ойдинлик киритилиши айтилган.

Report typo