Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

11.02.2020


ҲОКИМ, УЯТ!

Ёхуд "Ширин қовунлар мамлакати-2"

Жайдари памфлет

  Ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг "Ширин қовунлар мамлакати" асарини ёшлигида ўқимаган одам камдан-кам топилса керак. Ёдингизда бўлса, Акромжон ҳид билиш қобилияти орқасидан бир эшакли бўлиб қолган, кунларнинг бирида "ҳанги ҳофизи майда қадам"и қўтир бўлгани сабаб табиб маслаҳатига кўра ёнғоқ мағзини қўтир бўлган жойга суртганида, у ердан ёнғоқ дарахти ўсиб чиққан, ўша дарахтга чиқиб, буткул ғаройиб саргузаштларга дуч келарди. Дастлаб у ерда қовун егани учун қовунга, тарвуз егани учун тарвузга ўхшайдиган одамлар кўп экани ҳам эсингиздадир.

 Агар асар бизнинг кунларда ёзилганида, унда албатта, ҳокимлар ҳам иштирок этарди. Бунинг сабаби хусусида кейинроқ, ҳозир эса шуни айтишимиз мумкинки, ҳоким образи асар воқеаларини янада бойитиб, янада безарди...

 Хуллас, гурунгимиз - Акромжон ва ҳокимлар ҳақида боради.

 Аслида қаҳрамонимиз ҳоким мансабидаги одамни биринчи марта мактабда, бошланғич синф пайти кўрган. Тўсатдан муаллимлар "Ҳоким келармиш" деб уёқдан-буёққа чопиб қолишган. Сўнг ўқувчилар мактаб олдидаги майдонга сафга тизиб чиқилган. Кўркамроқ кийимдагилар олдинга, бўлар-бўлмасга бурнидан "лампочка" келадиганлар, табиийки, орқага силжиган. Ҳаммага жим туриб эшитиш, керак вақтда қарсак чалиш тайинланган ва кам таъминланганроқ уч-тўрт бола махсус тайёрланиб, "Сизларга ҳоким совға беради" деб уқтирилган. Кўпчиликни бошқа нарсадан кўра ҳоким нима совға қилиши қизиқтиргани ҳам рост. Бола-да, нима дейсиз.

 Хуллас, анчадан кейин ҳоким келган, одатдагидай ва ҳозирги каби маъруза ўқилган, кейин бояги ажратилган болалар бир-бир чақирилиб ҳокимнинг совғаси берила бошланган. Акромжон ўшанда ҳайратга тушган: ҳокимнинг совғаси ўзларининг мактаб кутубхонасидан олинган китоб бўлган! Халқдан олиб халққа бериш, деб шуни айтадиларми?..

 Орадан йиллар ўтиб, у бошқа тенгқурлари қатори лицейдан пахтага борган. Чамаси, "план"даги хирмон унавермаган чоғи, эскида "биргад" аталиб, уст-боши мойлигича юриб, кейин бир думалаб ишбилармон фермерга айланган девонасифат кишининг бошқа вақт қўй-қўзилари қўним топадиган, пахта мавсумида ўқувчилар жойлашадиган биносига ҳоким келармиш, деган "ваҳима" ўрмалаб қолган. Ҳоким ташрифи сабаб ўша куни қоринлар тузукроқ овқат кўриб, "сен же, мен же" бўлиб қолгани, чой ва буханка исталганча топилгани ҳам бор гап. Тозалаш-оқлаш эса "касаллиги" учун самоварчи, "повар"ликка қолганлардан ортмаган.

 Хуллас, бу сафар ҳам кифтини келтириб маърузалар ўқилган (шароитинг, ейиш-ичишинг қандай, зах жойда қай аҳволда ётиб-тураяпсизлар, деб биров сўрамаган), зўр терганларга совғалар тарқатилган. Рости, ўшанда шахсан ҳокимдан совға сифатида кўйлак олган теримчиларга кўпчиликнинг ҳаваси келган.

 Ҳоким кетганидан кейин ён-атрофдагиларнинг қисталанги билан совғалар очиб кўрилганида, берилган кўйлаклар икки ёшли болага ҳам сиғмаслиги кўриниб қолган. Ҳоким билан кўришиб ғўддайиб турганларнинг энди мулзамликдан боши кўтарилмагани Акромжоннинг кечагидай эсида.

 Вақт ўтиб кўрдики, ёшликдаги таассуротлари арзимас, икир-чикир нарсалар экан. Ҳа энди, мактабда қанча бола бор, пахтага қанча теримчи чиққан, уларнинг барига зўр совға етказиб бўлармиди, Акромжон майда-чуйда деталларни хаёлидан нари кетказишга эришган. Бироқ...

 Бу тоифа шундай эканки, телевизорда, нуфузли мажлисларда "фақат ва фақат халқ манфаати, инсон ҳуқуқлари учун тиним билмай меҳнат қилар, ётгандаям-тургандаям халқни ўйлар"кану, бирор мажлис ўтказса, у ерда жам бўлганларни энасию момосини қолдирмай сўкавераркан.

 Ҳатто Акромжон шундай ҳокимлардан бири лавозимга тайинланганида ўзи иштирокчи сифатида қатнашишига тўғри келган. Ҳокимликка қўйиладиган киши бундан аввалги раҳбарлиги чоғида чеккароқ туманда бир солиқчини тепиб, шикаст етказиб қўяди. Яхши гап тошбақадан секин юрадиган, ёмон гап ракетадан тез учадиган бугунги замонда бу нохуш хабар солиқчиларнинг каттасига етиб боради. Унинг масалани ўз исканжасига олиши ортидан шу бўйича катта машварат ўтказиладиган бўлади. Машварат олдидан эса бояги муштумзўр ҳокимга шипшитиб қўйилади: сени сўкамиз, ҳақорат қиламиз, индамай ўтир, кейин астойдил кечирим сўра деб.

 Мажлис бошланиб, ҳаммаси "сценарий" бўйича боради: ҳоким покдомон, бошқаларга ўрнак бўлиши, одамларнинг ҳурматини жойига қўйиши ҳақида яхши-ёмон гаплар айтилади. Шу орада "катта" танбеҳ беришга азбаройи берилиб, бояги муштумзўр ҳокимга "Тур ўрнингдан, нимага бундай қилдинг?" деб юборади.

 Табиийки, "сценарий"да бу "саҳна" йўқ эди, шунда бояги ҳоким ўрнидан туриб ёдлатилган гапни такрорлайди: "Қилган ишимдан пушаймонман. Бу хато қайта такрорланмайди. Мени тўғри тушуниб, кечирганларинг учун раҳмат..."

 Бирдан зал жимиб қолади. Чунки машваратнинг "режиссёр"у "суфлёр"ларидан бошқалар гап нима ҳақда бораётганини англамаган, ҳолбуки ҳали ҳеч ким муштумзўр ҳокимни  кечирмаган эди. Охирида айтилиши керак бўлган гапни аввалбошдан  айтиб қўйгани учун "режиссёр" вазиятни хаспўшлашга анчагина уринганини кўплар кулги билан эслайди.

 Ёмонни яхши бўлди деб суюнма, деганларидек, ўша мажлисда "кечирилган" ҳоким барибир ишни уддалаб кетолмайди. Аммо недир "ҳарбу зарб"и бор шекилли, уни олиб бориб, яна бир чекка туманга раҳбар этиб қўйишади. Акромжон ўша тайинловда қатнашган ва "Бунинг оғзи ёмон, кўп сўкади, одамларни уришиям бор, лекин нима қилайлик, бошқа кадр йўқ, келишиб ишлайсизлар" деган гапниям эшитган. Ва ҳайрон бўлганки, сўкса, урса, у билан қандай ва ким келишиб ишларкан? Аввал оғзию феълини "тўғрилаб" кейин лавозимга қўйган маъқул эмасми?

 Одамлар-ку кўнгли кенглик қилиб чидашган, лекин ўша ҳокимнинг бошига айнан сўкиш етиши кимнинг  хаёлига келибди дейсиз. Бировдан сўрамай, даладан аллақандай сабзавот олган ёши каттароқ одамни сўккани кўп раҳбарлар "бало" ҳисоблайдиган интернетда тарқаб кетгач, мулойимгина бўлиб кечирим сўраб қутулдим, деганда, идиш тўла сувни охирги томчи тошириб юборганидек, аллақандай сабзавот воқеаси сўконғич ҳокимни тизимдан буткул супуриб ташлади.

 Дарвоқе, кечирим сўраш ҳақида. Негадир кейинги пайтларда кечирим сўраш ҳокимлар ўртасида гўё фахр тимсоли каби "мода"га айланди. Адашганмиз, халқ билан кенгашмаганмиз, дея одамлардан кечирим сўраган одам, энг қизиғи ва энг ёмони, яна адашишда, яна халқ билан кенгашмасликда давом этади. Қачон пичоқ бориб суякка тегади ёки ҳокимбуванинг курсиси қимирлай бошлайди, ўшанда одамларга қайишадиган, муаммоларини ҳал қилиб ташлайдиган бир сиймо бўй кўрсатади. Танимай қоласиз, наҳотки бу ўша одам бўлса деб.

 Албатта, буларнинг барчаси олий мақомдаги кўрсатма сабаб бўлишини кўпчилик билади. "Юқори"дан топшириқ бўлмагунча ҳатто китоб ўқиш ҳам эсларидан чиқиб кетади. Топшириқ бўлганида эса бирданига ҳамма китобхон, китобсевар бўлиб қолади. Француз ёзувчиси Марсель Брион аслида ёзмаган ва "у ёзган" деб халқимизга тақдим қилинган, сохта ва ёлғон маълумотлардан иборат, Амир Темур ҳақидаги "асар" кўпчилик ҳокимларимизнинг севимли китобига айланиб қолади негадир.

 Яқин тарихимизда Нуриддин Зайниев деган ҳоким ўтган. Шу ҳоким жаҳон адабиёти билимдони, адабиётшунос Озод Шарафиддиновга Лев Толстойнинг "Иқрорнома" асари ҳақида айтган, бу асар ўзбек китобхонлари қўлига етиб бориши кераклигини таъкидлаган экан. Шундан кейин Озод Шарафиддинов бу китобни ўзбекчага ўгирган, асар қўлма-қўл ўқилганди. Қани шундай маърифатли ҳокимларимиз? Дарвоқе, ҳикоямиз воқеалари "Ширин қовунлар мамлакати"да кечаяпти-ку, бу ерда шу қадар катта талаблар қўйиш ноўрин албатта.

 "Ширин қовунлар мамлакати"да яна бир ҳоким бор эканки, марказдаги йиғилишдан ҳориб чиқиб, машинаси туманга қараб йўлга тушганда, пинакка кетади. Маълум вақт ўтиб, йўлнинг ўнқир-чўнқиридан машина  силкина бошлаганида уйғониб кетган ҳоким шофёрига туманга етиб келдикми, дея сўз қотади. Ҳайдовчи эса уйқудаги одам манзилга келганини қай тариқа билганини сўраганида, "ўзи бундай йўллар биздан  бошқа жойда қолмади", деган жавобни беради. Ва изидан, йўл созлаш идорасидагиларни оёққа турғазиш ўрнига, "Тумангаям эга қолмади-да" дея афсус билан бош чайқаб қўйган экан...

 Буни ким тарқатган, балки айнан ўзи туманга эга эканини унутган ҳокимнинг шофёридир, хуллас, бу гап оғиздан-оғизга ўтиб, латифага айланиб кетган.

 Яна бири ўзининг ўринбосари билан ўтириб олиб, ҳокимиятда ишлайдиганларнинг қайси уруғга мансублигини ҳисоб-китоб қиларкан. "Сарой нечта, қўнғирот нечта..." деб. Қайсидир уруғдан одам кўпроқ чиқиб қолса, кимни ишдан бўшатиш кейинги муҳокама мавзусига айланаркан...

 Бошқарув тизимида бир урф борки, бу кўпларга таниш бўлиб улгурди. Яъни ишдан олиниши керак бўлган одам бирданига "касал" бўлиб қолади ва аризасини ёзишга мажбур бўлади. Билмаган одамнинг, агар у  яхшироқ ҳоким бўлса, ичи ачийди нима бўлдийкан, деб. Аммо орадан бир муддат ўтиб, бояги "касал" катта бир мансабда бўй кўрсатиб қолади. Бундан кўринадики, демак, у аслида касал бўлмаган, демак, депутатлар (ҳокимни олиш ва тайинлаш депутатларнинг сессиясида ҳал бўлишини биласиз албатта) ва ўша ерда ҳозир бўлганлар алданган, улар ҳам алданаётганини сезса-да, майли деб қўл кўтариб қўяверган...

 Буниси майли, ҳокимларимизнинг жони омон бўлсин. Лекин нега уларга "универсал" бошқарувчи сифатида қаралишини тушуниш бироз қийин. Дейлик, бир туманнинг ҳокими "касаллиги" учун ишдан олинди. Вақт ўтиб, уни транспорт соҳасида кўрасиз. Майли, мутахассислиги  бошқа бўлса ҳам соҳани тушунар, ахир бошқарув тизимида бир неча йиллик тажрибаси бор, дейсиз. Аммо маълум муддатдан сўнг унинг коммунал соҳага оид тизимга ўтганини кўриб, ёқа ушлашингиз табиий. Ахир улар бир-биридан жуда йироқ соҳалар-ку. Наҳотки ҳокимларимиз шу қадар кенг қамровга эга бўлса?! Модомики, вилоят миқёсидаги ранг-баранг жабҳаларга етакчилик қилишга қодир экан, нега унинг қудратидан оддий бир туманни ривожлантиришда фойдаланилмади?

 Ё бўлмаса, аввал отаси ҳоким бўлиб, эндиликда ўғли ҳам ҳокимлик қилаётган бўлсаю, катта бир йиғилишда унга қарата "Сен отангни тукигаям арзимайсан" деб таъна қилинса, унинг одамлар олдидаги обрўси нима бўлади? Энг қизиғи, шундай дашном билан ҳам, бир тукка арзимаса ҳам у раҳбарликда давом этаверса? Ё тўғри дакки бериш, ё унинг ўрнига муносиб одамни қўйиш маъқулмасми?

 Кейин бу тоифанинг бир феъли борки, одамлар манфаати учун ишлаётганини кўп писанда этади. Аслидаям шунинг учун қўйилгансиз-ку, дейдиган мардум йўқ.

 Алқисса, "Ширин қовунлар мамлакати" бизнинг кунларда ёзилганида, унда шу ва баёни юзлаб саҳифага етарли воқеалар ҳам акс этарди. Нега айнан ҳокимлар билан боғлиқ қайдлар, дерсиз. Албатта, жуда кўп қовунни ҳокимларимиз тушираётганидан кўз юмиб бўлмайди. Халқнинг пулига 800 миллион сўмга машина олиб минадиган ва тўсатдан бу машина бизники эмас, ўзимизники бузилиб қолган, бошқа ташкилотдан ижарага олиб турибмиз, дейишдан топ тортмайдиган ҳам, одатий сўзлашувда биров "ўша", биров "анови" деган сўзни кўп ишлатганидек, тилидан "хорами" деган сўз тушмайдиган, кимларнингдир "жанозасини ўқиб" юборадиган, "шес секунд"да ўзга жинс вакилига айлантириб қўйишга қодир ва бир кечирим билан сувдан қуруқ чиқиб кетадиган ҳам айнан улар. Юқори мансабдаги кишининг фаолияти кескин танқид қилингани ортидан у билан фамилиядошлиги сабаб ҳатто фамилиясини ўзгартириб юборишга ҳам журъат топа олади улар.

 Лекин жаноб ҳокимлар, ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бундай бачканаликлар ҳокимият учун, ҳоким учун уят ахир. Қанчадан-қанча одамларнинг бошида турибсиз, кўзбўямачиликлар, хўжакўрсинлар одамларнинг эсидан чиқиб кетмайди. Кулгига қоласиз, латифалар қаҳрамонига айланасиз. Наҳот шуни истасангиз?

 

НАСРИДДИН

 

 

Report typo