Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 январь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

13.01.2022


ҲОКИМНИНГ ҚОНУНГА ЗИД РАВИШДА ЕР АЖРАТИШДАН ҚАНДАЙ МАНФААТИ БОР?

Қонун ва биз

Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев бир куннинг ўзида аввал чиқарилган қарийб ўттизта қарорни бекор қилди. Ҳужжатларда қайд этилишича, бунга Қарши шаҳар прокуратурасининг 2020 йил 20 декабрдаги 10.2/21-сонли протести асос бўлган.

Барчаси ўтган йил 25 декабрда бекор қилинган бу қарорларнинг саналарига эътибор қаратадиган бўлсак, улар 2018 йил июль ва 2020 йил октябрь ойлари оралиғида чиқарилган. Ҳаммаси - жисмоний ва юридик шахслар, яъни фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларига Қарши шаҳар ҳудудида доимий фойдаланишга ер майдонлари ажратилиши ёки аниқ бир миттитуман ва маҳалла ҳудудидаги ер майдонида муайян объект қурилишига рухсат берилиши ҳақида.

Масалан, бу қарорлардан бири 2018 йил 13 июль куни қабул қилинган бўлиб, унга асосан фуқарога Қарши шаҳридаги 6-миттитуман ҳудудидаги 810 квадрат метр ер майдонида автомобиль сақлаш жойи ташкил этишга рухсат берилган. Ҳужжатлардан яна биттаси - Қарши шаҳар ҳокимининг 2018 йил 20 июлдаги қарорига мувофиқ масъулияти чекланган жамиятига Рогузар маҳалласи ҳудудида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биносини лойиҳалаштириб қуриш учун 945 квадрат метр ер майдони ажратилган.

Фуқароларга тадбиркорлик қилиш учун ер ажратилган бўлса, бунинг нимаси ёмон, ҳоким қарорлари нега бекор қилинди, деб сўрашингиз мумкин. Гап шундаки, мамлакатимиз Президенти томонидан 2018 йил 20 апрелда қабул қилинган "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга биноан 2018 йил 1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилиши белгиланди. Қарши шаҳар ҳокимининг юқоридаги қарорлари эса Президент қарорининг айнан шу талабига зид бўлгани сабабли прокуратура протест киритди ва охир-оқибат бу қарорлар бекор қилинди.

Лекин, энг қизиғи, бекор қилинган ҳужжатларнинг аксарияти Президент қарори энди-энди амал қила бошлаган вақтда эмас (дастлаб мутасаддилар янги тартиб ҳақида "билмаган бўлиши мумкин", деб тасаввур этсак), балки  2020 йилда, орадан анча вақт ўтгач қабул қилинган.

Мисол учун, ҳокимнинг 2020 йил 13 февралдаги қарорига биноан масъулияти чекланган жамияти шаклидаги тадбиркорлик субъектига Қарши шаҳри Хонтепа маҳалласи ҳудудидаги 5 минг 750 квадрат метр, яъни 57,5 сотих ер майдонида иссиқхона қуриш учун амалдаги тартибга зид равишда рухсат берилган. 29 майда эса битта қурилиш ташкилотига кўп қаватли турар жой бинолари барпо этиш учун бир йўла Мустақиллик ва Шўртан маҳаллалари ҳудудида умумий ҳисобда 6 минг 500 квадрат метрга яқин жой тақдим этилган. Худди шу тариқа - қонун талабига риоя қилмасдан, Отчопар маҳалласида гўшт сотиш павильони, Шайхали шаҳарчасида тикувчилик цехи, Қарлиқхона маҳалласида миллий таомлар ресторани, Жайҳун кўчасида эса электромобилларни қувватлаш ва автомобилларга суюлтирилган газ қўйиш шохобчаси қуриш учун каттаю кичик ер майдонлари ажратилган.

Аммо ҳокимнинг шу ва бошқа объектларни барпо этиш учун ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари прокурор протестига асосан ўтган йил 25 декабрда бекор қилингач, барча муаммолар ҳал бўлди, деб ўйласангиз, қаттиқ адашган бўласиз. Зеро Қарши шаҳар ҳокимининг 2021 йил 25 декабрдаги бир қатор қарорларига асосан илгари нотўғри ажратилган ер майдонларида зудлик билан муайян қурилиш ишлари амалга оширилишининг олдини олиш ва уларни тўхтатиш вазифаси қўйилган. Ваҳоланки, бу ер майдонларидаги  объектларнинг аксарияти аллақачон қад ростлаган, айримлари эса қуриб битказилиб, фаолият ҳам кўрсата бошлаган. Аммо ҳокимнинг қарорларида бундай вазиятларда қонун талабидан келиб чиқиб, қандай йўл тутиш лозимлиги айтилмаган. Ва, энг муҳими, ноқонуний қарорлар қабул қилинишига сабабчи бўлган мутасаддиларнинг жавобгарлиги, уларни бунга ундаган омиллар ҳақида ҳам лом-лим дейилмаган. Худди шаҳар ҳудудида 25 минг квадрат метрдан ортиқ ер майдони қонунга зид равишда ажратиб юборилгани учун ҳеч ким айбдор эмасдек...

Ўз мухбиримиз

Report typo