Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Исломиддин АБРОРОВ

18.05.2017


ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ЯНГИЧА ЁНДАШУВЛАР АСОСИДА РИВОЖЛАНАДИ

Ўзбекистонни кейинги беш йилда тараққий эттириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 20 апрелда матбуотда эълон қилинган "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори тизимни янги сифат босқичига кўтаришга қаттиқ бел боғлаганимизни амалда намоён этди ва ҳар биримизнинг дилимиздаги гап бўлди, десак асло янглишмаймиз. Қарор олий таълим тизимини ривожлантиришда янги босқични бошлаб, унинг мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартириб қолмасдан, ушбу соҳанинг юртимизда кечаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанглигини таъминлашга замин яратди.

Маълумки, бугун юртимизда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ манзилли лойиҳалар, дастурлар рўёбга чиқарилмоқда. Мутлақо янгича талаб ва ёндашув асосида олиб борилаётган ушбу ўзгаришлар ҳудудларнинг ресурс ва имкониятларидан оқилона фойдаланиш, шаҳар ва қишлоқларни мутаносиб ривожлантириш, ёшлар учун иш ўринлари яратиш мақсадини кўзлайди. Шу сабабли қарор билан олий маълумотли кадрларни тайёрлашнинг мақсадли мезонларини шакллантириш, олий таълим муассасаларидаги ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларни ҳудудлар ва соҳалар бўйича жорий этилаётган дастурларнинг талаб ва эҳтиёжлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни комплекс тараққий эттириш истиқболларини инобатга олган ҳолда оптималлаштириш мазкур тизимни ислоҳ қилишдаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Мазкур ёндашув олий таълим тизимининг меҳнат бозорига, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнига мослашувчанлигини ошириб, тизимда самарадорликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Чунки амалиёт шуни кўрсатаяптики, айрим йўналишлар бўйича тайёрланаётган кадрлар амалиётда ўз ўрнини топа олмай, бутунлай бошқа соҳаларда ишламоқда. Ўз навбатида, ҳудудларда, узоқ туманларда ташкил этилаётган корхоналарда, ижтимоий муассасаларда замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга ёш йигит-қизларга талаб тобора ортиб бормоқда. Президентимиз қарорида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши эса бу муаммоларни тизимли ҳал қилиш имконини беради. Зеро, унда ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича конкрет параметр ва кўрсаткичларни ўз ичига олган манзилли ривожлантириш дастурлари белгилаб қўйилди.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Профессор-ўқитувчиларнинг, педагог ходимларнинг дунёқарашини, шахсий масъулияти ва ўз касбига бўлган муносабатини тубдан ўзгартирмасдан олий таълим тизимида ислоҳотлар самарадорлигига эришиш мушкул. Чунки бундай кўламдаги ислоҳотларни амалга ошириш учун педагогик таркиб, илмий доиралар ҳамда олий ўқув  юртлари раҳбарияти бутунлай янгича талаблар асосида иш олиб бориши лозим бўлади. Бинобарин, қарорда профессор-ўқитувчиларнинг касб маҳоратини, педагог ходимларнинг малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг хорижий ҳамкор олий ўқув юртларида малака ошириши, магистратура, докторантурада таълим олиши ҳамда республикамизнинг таянч олий ўқув юртлари қошида қайта тайёргарликдан ўтиши бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Албатта, қарор билан олий таълим тизимида узоқ муддатга мўлжалланган принципиал ўзгаришлар амалга оширилади. Бу саъй-ҳаракатларнинг вақтида, самарали ва сўзсиз бажарилиши ҳар биримиздан қатъий тартиб-интизом ҳамда шахсий масъулият талаб қилади. Биз, сенаторлар ҳам ушбу ҳужжат мазмун-моҳияти, ундан кўзланган мақсад-муддаони жойларда тарғиб қилиш, қарор билан тасдиқланган дастурлар ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бориш бўйича ишлар кўламини янада кенгайтирамиз. Чунки ушбу қарорда белгиланган вазифалар ҳар биримизнинг ҳаётимизга, келажагимизга дахлдор. Унинг ижросида сусткашликка йўл қўйишга, четда туришга ҳаққимиз йўқ.

Исломиддин АБРОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият

ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

Report typo