Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

02.02.2021


Олим ОИВ илк юқишига оид кутилмаган қарашларини баён қилди

Канадалик олим, Шербрук университети профессори Жак Пепин одамнинг ОИВ инфекцияси билан илк зарарланиш ҳолати Биринчи жаҳон уруши даврида рўй бергани ҳақидаги қарашларини баён қилди.

Тадқиқотчи илгари сурган тахминга кўра, ОИВ инфекцияси 1916 йилда Камерун жануби-шарқидаги Молунда туманида уюштирилган маймун ови чоғида биринчи бор инсонга юққан. Олим илк ташувчи - немис ҳарбий бўлинмаларига қарши жангларда қатнашган франциялик, бельгиялик ёки британиялик аскар бўлганлиги фаразини илгари суради. Унинг изоҳлашича, ўша пайтда Камерун Германия мустамлакаси бўлган, деб ёзади Daily Mail.

Урушдан сўнг вирус билан зарарланган ўша аскар Леопольдвиль, яъни ҳозирги Конго демократик республикасининг Киншаса шаҳрига қайтади ва  касаллик тарқатувчисига айланади. 50-йиллар бошларига келиб эса инфекция ташувчилари сони беш юз кишилар атрофида бўлган.

Жак Пепин ОИВ инфекцияси ёйилишига асосий сабаб сифатида ўша даврда топилиши анча қийин бўлган тиббиёт игналарининг беморларда кўп марта қайта ишлатилгани ҳолатини кўрсатади. Унинг таъкидлашича, вирус Леопольдвилдан бутун Конго бўйлаб тарқалган. Сўнг мамлакатга келган Гаити фуқаросига юқиб, у орқали чегарадан ташқарига чиққан.

Маълумотларга кўра, ОИВ инфекцияси секин ривожланувчи одам иммунитет танқислиги касаллигини келтириб чиқаради. Замонавий тиббиёт ҳали бу касаллик давосини топгани йўқ. 2019 йилда сайёрамизда ушбу инфекция билан зарарланганлар сони 38 миллион нафарни ташкил этган. Улардан 36 миллион 200 нафари катта ёшлилар бўлса, 1 миллион 800 нафари 14 ёшгача бўлган болалардир.

Ҳозиргача ОИВ билан зарарланган уч одамнинг ундан буткул халос бўлгани айтилади. Улардан икки нафарида саратондан даволаниш жараёнида соғлом илик кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилган. Қолган бир киши эса ретровирусга қарши таркибида наркотик сақловчи комбинациялашган препаратларни агрессив қабул қилгани ортидан тузалган.

Report typo